Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Уй-жой фондини хусусийлаштириш тартибига тузатишлар киритилди

28.06.2016

Вазирлар Маҳкамасининг 7.06.2016 йилдаги 190-сон қарори билан Ҳукуматнинг давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тартибини такомиллаштиришга йўналтирилган баъзи қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларида (1.03.1993 йилдаги ВМҚга 2-илова) аниқлаштирилишича, ушбу Қоидалар ер участкалари давлат эҳтиёжлари ва ижтимоий эҳтиёжлар учун олиб қўйилиши муносабати билан бузиладиган уйлар (уйларнинг бир қисми) ёки квартираларнинг ўрнига зарарларни қоплаш тартибида давлат уй-жой фондидан мулкдорларга бериладиган уйларга (уйларнинг бир қисмига) ёки квартираларга нисбатан қўлланилмайди.

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қарашли хусусийлаштирилаётган уй-жойларга ордерни расмийлаштириш тартиби белгиланди. Фуқаро хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органига (Тошкент шаҳрида — «Тошкент шаҳрида уй-жойга давлат ордерлари ва маълумотлар бериш маркази» ДУК, кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади)  қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 

хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорнинг (буйруқнинг) нусхаси;

 

уй-жойни хусусийлаштираётган фуқаронинг паспорти нусхаси;

 

уй дафтарининг нусхаси (квартиралар бўйича карточканинг нусхаси (17-шакл);

 

фуқаронинг имтиёзли асосда хусусийлаштириш ҳуқуқини тасдиқлайдиган маълумотнома.

 

Ваколатли орган 15 кун мобайнида мазкур ҳужжатлар асосида давлат ордерини расмийлаштиради ва уни аризачига беради. Ордер расмийлаштирилганлиги ва берилганлиги бўйича хизматлар учун ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган ордерлар ўрнига дубликат берилади, дубликат берилиши бўйича хизматлар учун ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

 

Хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми)ни бошқаларга бериш ва мерос қилиб қолдиришда мулкчилик ҳуқуқи ўтиши ҳақидаги шартномаларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга (4.04.1994 йилдаги 180-сон ВМҚга 1-илова) бошқаларга беришга розилик билдирган хусусийлаштирилаётган уй-жойларнинг эгалари томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига алоҳида уй (уйнинг бир қисми) ёки квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисидаги маълумотнома қўшилди. Бундай маълумотнома берилганлиги учун ЭКИҲнинг 0,5 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз  

Елена ЕРМОХИНА 

тайёрлади.