Президентнинг 17.07.2025 йилдаги «Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-225-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжат 2025–2026 йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган комплекс ёндашувни назарда тутади. Асосий эътибор – чорвачиликни кенгайтириш, жун ва кашемирни қайта ишлаш, экспортни ошириш ҳамда қўшма таълим ташаббусларини амалга оширишга қаратилган.
Дастурнинг асосий йўналишлари:
Чорва молларини импорт қилиш ва кўпайтириш:
- Мўғулистондан олиб келинадиган майда шохли қорамоллар сонини 2029 йилга қадар 1 миллион бошга етказиш белгиланди;
- Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми тасдиқланди: ҳаво транспорти орқали етказиб бериш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади, ҚҚСни тўлаш муддати кечиктирилади, 5 йиллик имтиёзли кредитлар 10 фоизлик ставкага берилади;
- Кредитлар учун талаб қилинадиган гаров талаблари енгиллаштирилди.
Жунни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш:
- 2025 йил охиригача енгил саноат эҳтиёжлари учун майин жун ва кашемир марказлаштирилган ҳолда импорт қилинади;
- 2026 йил охиригача жунни қайта ишлаш бўйича янги корхона ташкил этилади ва мутахассислар Мўғулистонда ўқитилади.
Экспорт ва маҳсулотни тарғиб қилиш:
- Ўзбекистон Мўғулистонга мевали сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт ҳажмини 10 баробар оширишни режалаштирмоқда;
- Улан-Батордаги йирик савдо марказларида “Ўзбекистон маҳсулотлари” ярмаркалари ўтказилади ҳамда қўшма савдо уйи очилади.
Қўшма қишлоқ хўжалиги лойиҳалари:
- Мўғулистонда 15 гектарлик интенсив мевали боғ ташкил этилади, унга совуққа чидамли кўчатлар етказиб берилади ва томчилаб суғориш технологиялари қўлланилади;
- Дастур Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжат билан 2025–2026 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» тасдиқланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.07.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усмонова