Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzВ каких случаях оформляется односторонний счет-фактура на курсовую разницу Кому возместят часть уплаченного НДС Чем отличаются курсовые разницы в целях бухгалтерского учета и налогообложения

Ўзбекистонда сунъий интеллект технологиялари жорий этилади

22.02.2021

Читать на русском языке

Президентнинг 17.02.2021 йилдаги «Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.

 

Ҳужжат билан 2021-2022 йилларда сунъий интеллект технологияларини ўрганиш ва жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, унинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
  • норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш;
  • сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш;
  • сунъий интеллект соҳасида инновацион ишланмаларнинг маҳаллий экотизимини яратиш;
  • сунъий интеллект технологияларини қўлловчи дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларига рақамли маълумотлардан фойдаланиш учун шароит яратиш;
  • сунъий интеллект соҳасидаги илмий ишлар ва ишланмаларнинг инвестицион жозибадорлигини шакллантириш;
  • маҳаллий корхоналар ва мутахассисларнинг сунъий интеллект соҳасидаги ахборот ресурслари ва билимлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
  • сунъий интеллект ва уни қўллаш технологиялари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

 

Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалар рўйхати тасдиқланди, ушбу лойиҳалар қуйидаги соҳаларда амалга оширилади:

  • қишлоқ хўжалиги соҳасида ерни масофадан зондлаш маълумотлари асосида тупроқ ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатини, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникаси, шу жумладан комбайнлар ишини мониторинг қилиш жараёнида;
  • банк соҳасида тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва улар томонидан тартибга солиш талаблари (SubTech ва RegTech) бажарилишини соддалаштириш, шунингдек банк хизматлари кўрсатиш сифатини таҳлил қилиш, фойдаланувчиларни масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) ва кредит таваккалчиликларини баҳолаш учун;
  • молия соҳасида бюджет харажатлари, пенсия, ижтимоий ва суғурта тўловлари, шунингдек нафақа тўловларини таҳлил қилиш ва самарадорлигини ошириш учун; 
  • солиқ соҳасида юридик шахсларнинг солиқ тушумларини таҳлил қилиш, солиқ тўловларидаги тафовутларни аниқлашда;
  • транспорт соҳасида локомотивларни бошқариш жараёнида уларнинг ҳаракатини кузатиб бориш ва хавфли вазиятларда машинистларни огоҳлантиришда, жамоат транспорти ҳаракатини таҳлил қилиш ва уларнинг оптимал йўналишларини аниқлашда, шунингдек автомобиль ҳаракатини ва транспортдаги тирбандликларни мониторинг қилишда;
  • энергетика соҳасида энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва уларнинг истеъмолини прогноз қилишда, технологик ускуналар ишини оптималлаштиришда;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ўпкасининг компьютер томографияси таҳлили асосида пневмонияни аниқлаш ҳамда маммография таҳлили асосида кўкрак бези саратонига илк босқичда ташхис қўйиш учун;
  • фармацевтика соҳасида бозорнинг дори воситалари ва тиббий буюмларига бўлган эҳтиёжларини таҳлил қилиш ва прогнозлаштиришда;
  • электрон ҳукумат соҳасида электрон давлат ва молия хизматларини кўрсатишда фойдаланувчиларни масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) учун.

 

«Рақамли Ўзбекистон – 2030» Стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссиясига Дастурни ҳамда сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш ва қўллаш билан боғлиқ бошқа ташаббусларни комплекс мувофиқлаштириш юзасидан жавобгарлик юкланди. Мувофиқлаштириш комиссиясига 2021 йил 1 декабрга қадар яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш учун киритиш топширилди.

 

Қуйидагилар ташкил этилади:

  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти;
  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш департаменти;
  • Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қўшма альянс.

 

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитасига 2021 йил 1 сентябрга қадар маҳаллий илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги дастурчилар ва ташкилотларга сунъий интеллект асосидаги дастурий таъминотда фойдаланиш учун давлат ва бошқа маълумотлар тўпламларини олиш имкониятини тақдим этувчи рақамли маълумотлар платформасини яратиш топширилди. 

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб грант асосида «Сунъий интеллект» йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш босқичма-босқич бошланадиган олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар рўйхати;
  • Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини амалий қўллаш бўйича ўқув курслари ва фанларини жорий қилиш кўзда тутилган олий таълим муассасалари рўйхати.

 

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир олий таълим муассасасига етакчи хорижий эксперт ва олимлар сунъий интеллект ва уни қўллаш технологиялари соҳасида ўқитишда иштирок этиш учун жалб қилинади. Шунингдек 2021 йилдан бошлаб сунъий интеллект соҳасида стажёр-тадқиқотчилар ҳамда таянч докторантурада таҳсил олиш учун ҳар йили 5 кишилик квотани мақсадли ажратиш назарда тутилади.

 

Сунъий интеллектни ривожлантириш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида, шунингдек ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий базани тайёрлашда маслаҳатчи сифатида қатнашиш учун «Сбер» гуруҳининг (Россия) етакчи мутахассислари ва экспертлари жалб қилинади.

 

 Эльмира Сиразиева.