Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzВ каких единицах измерения отмерять корма для собак и кошек Почему система ЭСФ не должна требовать коды цифровой маркировки на б/у технику Как исправить ошибку в чеке ККТ Как выставлять счета-фактуры при лизинге

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қандай қўллаб-қувватлашади

09.03.2022

Читать на русском языке

Президентнинг  2022 йил 1 мартдаги “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-149-сон қарори қабул қилинди.

 

 

2022 йил 1 июндан бошлаб Россия Федерацияси, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг ҳудудларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти жорий қилинади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:

  • ҳар бир ҳудудга камида икки нафар вакил бириктирилади;
  • вакилларнинг бир нафари устувор равишда хорижий давлатларда ишлаш тажрибасига эга бўлган, юқори малакали мутахассислар орасидан танлаб олинади ва Ўзбекистон Республикасидан юборилади, иккинчиси эса хорижий давлатда яшовчи обрў-эътиборли, кенг дунёқарашга эга ватандошлар ёки зарур малака ва тажрибага эга бўлган бошқа шахслар орасидан жалб қилинади.

 

Вакилнинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан ҳамкорликда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  • хорижда бўлиб турган даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва таҳқирланишга дучор бўлган, жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага учраган, оғир касалликка чалинган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ёки маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш;
  • хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, меҳнат органлари ва миграция марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида ахборот ва маслаҳатлар бериш, ушбу хизматлардан фойдаланишда уларга кўмаклашиш ва бошқалар.

 

2022 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари ҳисобидан ҳар йили:

а) маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан:

  • боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади;

б) маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан:

  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.

 

2022 йил 1 мартдан бошлаб:

  • Президентнинг 2020 йил 15 сентябрдаги ПҚ-4829-сон қарори 11-бандида назарда тутилган микроқарзлар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ёки “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга ҳам тўланади;
  • Президентнинг 2021 йил 30 июлдаги ПҚ-5205-сон қарорида назарда тутилган малака имтиҳонларини топшириш, йўл чиптасини харид қилиш ва “ишчи виза”ни расмийлаштириш бўйича компенсациялар 2023 йил 1 январга қадар тўланади.

 

Қарор билан хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий-маърифий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди ва айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.03.2022 йилдан кучга кирди.

 

Саодат Усманова.