Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ветеринарлар қандай малака оширади

02.07.2019

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 27.06.2019 йилдаги 532-сон қарори билан ветеринария хизмати мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларга малака тоифаларини бериш тартиби тасдиқланди.

 

Самарқанд ветеринария медицинаси институти (кейинги ўринларда - Институт) ҳузурида Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилди. Олий ёки ўрта махсус маълумотга, ветеринария хизмати тизимида камида 3 йил иш стажига эга бўлган давлат ва нодавлат ветеринария ташкилотлари мутахассислари унинг курслари тингловчилари бўлиши мумкин.

 

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат ветеринария қўмитаси) ўқув режаси ва дастурларини тасдиқлайди.

 

Марказга тингловчиларни қабул қилиш қуйидагилар буюртмаси бўйича тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади:

  • Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари;
  • тасарруфида ветеринария хизматлари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар;
  • нодавлат ветеринария ташкилотлари ва жисмоний шахслар.

 

Ўқитиш тўлов-контракт асосида, ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек ветеринария мутахассисларининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

 

Ходимлар ишлаб чиқаришдан ажралган, асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва эгаллаб турган лавозими сақланган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтадилар. Зарурат бўлганда уларга Институт ётоқхоналарида яшаш жойи берилади. Ўқув гуруҳлари 20-24 нафар тингловчилардан иборат таркибда шакллантирилади.

 

Ўқитиш давомийлиги қуйидагича бўлади:

  • раҳбарлар учун - 1 ҳафтадан 2 ҳафтагача (36 - 72 соат), май-июнь ойларида ўтказилади;
  • мутахассислар учун — камида 4 ҳафта (144 соат), ўқув саналари тасдиқланган режалар асосида белгиланади.

 

Тингловчиларни аттестациядан ўтказиш аттестация комиссияси томонидан бериладиган саволлар асосида оғзаки суҳбат йўли билан амалга оширилади. Унинг якуни бўйича талабгор унга иккинчи, биринчи ёки олий малака тоифаларидан бирини бериш учун белгиланган мезонлар бўйича баҳоланади. У иш ҳақига қуйидаги миқдорда устама олиш ҳуқуқини беради:

  • иккинчи тоифа учун – ЭКИҲнинг 25%и;
  • биринчи тоифа учун – ЭКИҲнинг 60%и;
  • олий тоифа учун – ЭКИҲнинг100%и.

 

Курсларда ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга 5 йилга берилган тоифа кўрсатилган ҳолда сертификат берилади. Ушбу муддат ўтгандан кейин ходим ўз малака тоифасини ошириши ёки берилган тоифасини ҳимоя қилиши шарт.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.06.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.