Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Чем вам поможет ценовая политика и как ее составить на 2022 год Малый бухгалтерский глоссарий в картинках. Часть III Когда можно не платить проценты, если у вас отсрочка или рассрочка по земельному налогу Как зарегистрировать допсоглашение в Е-ijara

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун – янги таҳрирда

07.07.2021

Читать на русском языке

5.07.2021 йилдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги ЎРҚ-699-сон Қонун Президент томонидан имзоланди. Қонуннинг янги таҳрири 35 та моддадан иборат. Аввалги таҳририда 23 та модда бўлган. 

 

Ҳужжатда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: «диний таълим муассасаси», «диний ташкилот», «диний ташкилотларнинг республика бўйича марказий бошқарув органи», «маҳаллий диний ташкилот», «миссионерлик», «қонунга хилоф диний фаолият», «диний профессионал таълим», «прозелитизм».

 

Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари қуйидагилардан иборат:

  • фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
  • конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш;
  • жамоат тартибига, республика фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш ва бошқалар.

 

Диний ташкилотни ташкил этиш тартиби соддалаштирилди. Уни ташкил этиш учун 100 нафар ташаббускор мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди. Диний ташкилот қонунчиликка мувофиқ унинг ташаббускорлари (таъсисчилари) қарорига кўра ташкил этилади. Диний ташкилот қуйидаги шаклларда ташкил этилиши мумкин:

  • диний ташкилотларнинг республика бўйича марказий бошқарув органи;
  • диний таълим муассасаси;
  • маҳаллий диний ташкилот.

 

Диний ташкилот юридик шахс бўлиб, у рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади. Давлат хизматлари, шу жумладан диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) хизматлар адлия органларининг электрон тизими орқали кўрсатилади. Электрон тизимнинг ишлаш тартиби, маълумотларнинг турлари ва шакллари, шунингдек электрон ҳужжатларнинг намуналари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш адлия органлари томонидан амалга оширилади. Марказий бошқарув органларини ва диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш Адлия вазирлиги томонидан, маҳаллий диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш эса тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

 

Диний ташкилотни ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши (конференцияси) ўтказилган кундан эътиборан 6 ой ичида уни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаат рўйхатдан ўтказувчи органга юборилади.

 

Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қуйидаги муддатлар ичида кўриб чиқилади:

  • диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун – мурожаат олинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда;
  • диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш учун – мурожаат олинган кундан эътиборан 15 кунлик муддатда.

 

Рўйхатдан ўтказувчи орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш якунларига кўра диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги ёки уни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги  қарорни қабул қилади.

 

Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

  • диний ташкилотнинг ташкил этилиши конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши чиқиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб этиш, фуқароларнинг соғлиғига ва халқнинг маънавиятига тажовуз қилиш мақсадини кўзлаган бўлса;
  • диний ташкилотни тузишнинг қонунда белгиланган тартиби бузилган бўлса ёки тақдим этилган ҳужжатларда қонунчиликка номувофиқликлар мавжуд бўлса;
  • тузилаётган ташкилот диний ташкилот сифатида эътироф этилмаган бўлса;
  • тақдим этилган таъсис ҳужжатларида атайин нотўғри ахборот мавжудлиги аниқланган бўлса.

 

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

 

Рўйхатдан ўтказилган диний ташкилот адлия органлари томонидан электрон тизимда юритиладиган ва ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган диний ташкилотлар реестрига киритилади.

 

Шунингдек қуйидагилар белгиланди:

а) диний ташкилотнинг ҳуқуқ  ва мажбуриятлари, фаолиятининг қўшимча кафолатлари;

б) қуйидагилар тартиби:

  • қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган тақдирда, диний ташкилотнинг фаолияти тўхтатиб турилиши;
  • диний ташкилотни тугатиш тартиби;
  • диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби ва бошқалар.

 

Диний ташкилотнинг фаолияти, у Конституция, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини бузган тақдирда, суд томонидан тўхтатиб турилиши мумкин.

 

Диний ташкилотлар мансабдор шахсларнинг диний ташкилотлар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.

 

Қонундан жамоат жойларида ҳижобда юришга бўлган тақиқ чиқариб ташланди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.07.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.