Президент томонидан "Давлат фуқаролик хизматини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат фуқаролик хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзоланди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда "Эл-юрт умиди" жамғармаси ҳамкорлигида давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг ягона тизими жорий этилади.
2026 йил 1 январдан:
• биринчи марта ишга қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади, кейинчалик - фаолиятнинг ижобий натижаларига қараб номуайян муддатга узайтирилади;
• давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган хизматчилар "Давлат хизматига кириш" мажбурий махсус курсларини, кейинчалик эса камида 3 йилда бир марта малака ошириш курсларини ўтайди, курслар якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари баҳоланади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбарлик лавозимларига камида 500 нафар номзоддан ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбарлик лавозимларига камида 1 000 нафар номзоддан иборат Миллий кадрлар захираси шакллантирилади.
Шунингдек, маҳаллада фаолият юритаётган ва охирги икки йил давомида ижобий натижа кўрсатган 1 000 нафар маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторларидан иборат салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилиб, улар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тавсиясига асосан танловдан ташқари лавозимга тайинланади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш "hrm.argos.uz" электрон тизими таркибидаги "Хизмат сафари" ягона модулида амалга оширилади. Бунда:
• хизмат сафарлари режалари ва натижалари, географияси, ходимлар сони, шунингдек, харажатларни онлайн кузатиш имконияти яратилади;
• хизмат сафарларининг муайян давлат органи фаолияти самарадорлигига бевосита, оралиқ ва якуний таъсири мониторинги олиб борилади;
• давлат хизматчилари ҳар бир хорижий хизмат командирларининг якунлари тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.
Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари:
• раҳбарнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлишади;
• Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
• ҳар уч йилда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида аттестациядан ўтади;
2025 йил 1 августдан давлат органлари ва ташкилотларида ҳар иш кунининг белгиланган вақтида жисмоний тарбия тадбирлари ўтказилади. Шунингдек, ишчиларнинг тана вазни индекси аниқланиб, бу ҳақдаги маълумотлар "hrm.argos.uz" платформасида доимий эълон қилиб борилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади. Бундан ташқари, давлат идоралари ошхоналари тўлиқ аутсорсингга берилади. Соғлом овқатланишни жорий этиш ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган ширинликлар, ёғли, унли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек, бошқа турдаги маҳсулотлар савдосини чеклаш талаблардан бири бўлади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
• Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси;
• Давлат фуқаролик хизмати жорий этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати;
• Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражалари бериш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқалар.
Ҳужжат "Халқ сўзи" газетасида чоп этилган.
Собир Нурбердиев