Президентнинг 2025 йил 20 январдаги ПҚ-14-сонли қарори билан "Cyber university" давлат университети ташкил этилади.
Университетнинг асосий вазифалари:
- ахборот ҳимояси, ахборот ва кибер хавфсизлик, рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект асосида автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимларини яратиш, шунингдек робототехника ва бошқа турдош йўналишларда кадрлар тайёрлаш;
- рақамли технологиялар соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- ўқув жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш ва бошқалар.
Университетга қабул қилиш параметрлари кибер хавфсизлик соҳасида манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда университет Кузатув кенгаши қарори билан тасдиқланади.
Университет қуйидагиларни мустақил белгилаш ҳуқуқига эга:
- бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, талабаларни ўқитиш учун пуллик контракт миқдорини, шунингдек жалб этилган хорижий мутахассислар ва маҳаллий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини;
- бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқитиш тили, шакли ва муддатларини;
- тест синовлари топширадиган таълим йўналишлари ва уларга мос фанлар блоклари рўйхатини;
- бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича фанлар таркиби ва мазмунини;
- талабаларни қабул қилиш ва якуний аттестациядан ўтказиш бўйича қўшимча ва алоҳида имтиҳонлар ўтказиш тартибини.
Университет таркибида IT-кластер (ахборот технологиялари парки, технопарк) ташкил этилади. Унинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади:
- инновацион стартап-лойиҳаларни яратиш ва амалиётга жорий этиш;
- миллий ва хорижий ташкилотларнинг буюртмалари бўйича илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш;
- автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимлари соҳасидаги миллий воситалар ва маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш.
2028 йил 1 январгача Университет Ўзбекистонда аналоглари ишлаб чиқарилмайдиган қурилмалар, дастурий ва техник воситалар, бутловчи қисмларни республикага олиб киришда божхона тўловларидан (ҚҚС, акциз солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилинади.
2025/2026 ўқув йилида Университетга кундузги таълим шакли бўйича бакалаврлар тайёрлаш учун 100 та давлат гранти ажратилади. Кейинги ўқув йилидан бошлаб грантлар Давлат буюртмаси параметрлари асосида ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




