Президентнинг 08.09.2025 йилдаги ПҚ-274-сон Қарори билан Тошкентда "ToshTech" техника университети ташкил этилди.
Мақсад – халқаро таълим стандартларига жавоб берадиган намунавий олий таълим муассасасини ташкил этиш орқали ривожланиб бораётган саноат тармоқларини юқори малакали муҳандис кадрлар билан таъминлаш.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан "Boston Consulting group" консалтинг компанияси ўртасида янги техника университетини ташкил этиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилган.
Университет – давлат олий таълим муассасаси, унга академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув соҳаларида мустақиллик ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул қилиш шартларини белгилаш ҳуқуқи берилади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бир йиллик тайёрлов курси (foundation) жорий этилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади, 2027/2028 ўқув йилидан эса босқичма-босқич "магистратура" ва "олий таълимдан кейинги таълим" босқичлари жорий этилади.
Университетда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида, давлат ва чет тилларида амалга оширилади. Бунда 2029/2030 ўқув йилигача ўқишга қабул қилинган талабалар тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади.
Талабаларни давлат гранти асосида ўқитиш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш "Янги Ўзбекистон" университети учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- "ToshTech" техника университетининг Васийлик кенгаши таркиби ва асосий вазифалари;
- "ToshTech" техника университети фаолиятини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси".
Шунингдек, Университет томонидан четдан олиб келинадиган, муқобили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилма, дастурий ва техник воситалар ҳамда бутловчи қисмларни 2029 йил 1 июнга қадар божхона божидан озод этиш белгиланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.09.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова