Ўзбекистон фуқаролари яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинади Вазирлар Маҳкамасининг 05.05.2026 йилдаги 224-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш ҳамда рўйхатга олишни бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган ва қуйидаги тартибларни назарда тутади:
• Ўзбекистон фуқароларини яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш;
• фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш рад этилганда;
• яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш бекор қилинганда.
Фуқаронинг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ҳар икки томон (мулкдор ва фуқаро) иштирокида амалга оширилади ва уларнинг розилиги "Face-ID" ёки "Mobile-ID" тизими орқали тасдиқланади.
Бунда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинаётган шахс ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига ёки давлат хизматлари марказига шахсан ёхуд ЯИДХП орқали мурожаат қилиши мумкин.
Бир неча уй ёки квартиранинг эгаси улардан фақат биттасида яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим.
18 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси, улардан бири ёки васийси (ишончли вакили) яшайдиган жойда рўйхатга олинади. Бунда турар жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва аниқ яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролар "E-xabar berish" тизимига маълумотларни киритиш орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги муассасаларда "Инсон" ижтимоий ёрдам марказлари томонидан рўйхатга олинади.
Фуқароларни турган жойи бўйича рўйхатга олиш ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига ёки таянч пунктлари ва маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларига, ДХМ ёки ЯИДХПга шахсан мурожаат қилинганда амалга оширилади. Шунингдек, "E-xabar berish" тизими орқали хабардор қилиш ва "E-mehmon" тизими орқали жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасаларида рўйхатдан ўтиш мумкин.
Фуқаронинг турган жойи бўйича рўйхатга олиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак. Бунда турган жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотнома электрон ва (ёки) қоғоз шаклда расмийлаштирилади.
Агар яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш муддати тугаган бўлса, лекин шахс шу жойда қолишда давом этса, у 10 иш куни ичида яшаш жойи бўйича қайта рўйхатдан ўтиши керак.
Яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни бекор қилиш фуқарони янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда, турар жой мулкдорининг аризасига кўра (агар мулкдор билан мулкий ҳуқуқлар ёки қариндошлик алоқалари бўлмаса) ёхуд доимий яшаш учун чет элга чиқиб кетишда амалга оширилиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



