04.02.2026 йилдаги ЎРҚ-1116-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини дифференциация қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Эндиликда кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун келгусида ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган ҳолда маъмурий огоҳлантириш қўллаш имконияти назарда тутилган ва у ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилади.
Маъмурий огоҳлантириш Кодекснинг 125-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 1281, 1282, 1286, 1351-моддаларида, 138-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Бунда ҳуқуқбузарнинг чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатларининг йўқлиги мажбурий шартлар ҳисобланади.
Белгиланишича, маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас.
Тузатишлар билан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этилиши лозим бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхати ҳам мустаҳкамланди. Хусусан, хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик, транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли телефондан фойдаланиш, белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан оширмаслик, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, маъмурий жазо чорасини қўллаш муддатлари ҳам қонунда белгиланган. Ҳуқуқбузарлик фото ва видео қайд этиш воситалари орқали қайд этилган тақдирда, қарор ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай чиқарилиши керак. Қарор устидан шикоят қилинса, жазо қўллаш муддати узайтирилади, лекин бу муддат қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.02.2026 йилдан кучга кирди.



