Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Как перейти на налог с оборота, если отказались от торговой деятельности Как учесть автомобиль с «красивым» номером (пошаговая инструкция) Ходатайство об увеличении срока предоставления документов

Юридик шахслар транспортни қисқа муддатли ижарага олишлари мумкин

18.11.2021

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 16.11.2021 йилдаги «Транспорт воситаларини ижарага бериш фаолияти кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 684-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2020 йилдаги «Автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 812-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.

 

Қуйидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмоқда: 

  • Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом (14.12.2018 йилдаги 1015-сон ВМҚ билан тасдиқланган); 
  • Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичи (24.08.2016 йилдаги 275-сон ВМҚ билан тасдиқланган).  

 

Маълумот учун! Қисқа муддатли ижара шартномаси – ижарага берувчи ва ижарачи ўртасидаги транспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тўғрисидаги ёзма шаклдаги битим, у 30 кундан ошмайдиган муддатга тузилади, нотариал тасдиқланиши ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органларида рўйхатдан ўтказилиши талаб этилмайди. 

 

Биринчидан, белгиланишича, қисқа муддатли ижара шартномаси бўйича юридик шахс ҳам транспорт воситасини ижарага олиши мумкин. Ижарага берувчи, зарурат бўлганда, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олади.

 

Иккинчидан, ижарачининг ҳуқуқлари белгиланди. Улар қуйидагиларга ҳақлидир:

  • жисмоний шахсда алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсиридаги ва ўзгача тарздаги мастлик белгилари аниқ кўриниб турганда, у билан шартнома тузишни рад этиш;
  • ИИВ ЙҲХББнинг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимида шахсий кабинет очиш;
  • «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимидаги шахсий кабинет орқали ижарага берилган транспорт воситалари томонидан ЙҲҚ бузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжудлигини аниқлаш.

 

Учинчидан, ижарачининг мажбуриятлари тўлдирилди. Хусусан, ижарага олинган транспорт воситасида мамлакатдан ташқарига чиқиш тақиқланади.

  

Шунингдек бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.11.2021 йилдан кучга кирди.

 

Наргиза Воҳидова.