Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Солиқ тўловчиларга интерактив хизматлар: ҳам вақт тежалади, ҳам нақд

24.09.2013

Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланишнинг кенг йўлга қўйилгани изчил ривожланишга хизмат қилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган "Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.

 

Ҳозир юртимиздаги корхона-ташкилотлардан ташқари хонадонларда компьютер билан бирга бошқа замонавий алоқа воситалари ҳам кўпайганлиги аҳолини нафақат зарур ахборот, балки кўплаб хизматлардан баҳраманд бўлишига хизмат қилмоқда.

Айтайлик, кўплаб иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларда талаб этиладиган солиқ тўловчининг идентификация рақамига (СТИР) оид маълумотнома зарур бўлиб қолди. Бундай ҳолатда www.soliq.uz сайтига кириб, зарур маълумотларни киритсангиз, сизга тегишли СТИР пайдо бўлади.

Солиқ тўловчи ва бу мақомга эга бўлмаган шахслар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти - www.soliq.uz орқали 26 интерфаол хизматдан фойдаланиб, ўзи учун зарур маълумотларни олиши мумкин.

Солиқ тизимининг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланаётгани замонавий ва илғор компьютер технологияларидан унумли фойдаланиш имконини бермоқда. Корпоратив тармоқнинг модернизация қилингани, сунъий йўлдош орқали ишлайдиган алоқа тизими ўрнига оптик-толали алоқа канали жорий этилгани маълумотлар узатиш тезлигини 600 баробар ошириш имконини берди. Айни пайтда давлат солиқ хизмати тизимида республика ва вилоятлараро маълумотлар деярли юз фоиз электрон шаклда узатилмоқда.

Бундай имкониятлар давлат солиқ хизмати органларининг ўзаро алоқалари самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнларини автоматлаштириш имконини бермоқда. Энг муҳими, бу вақт ва моддий ресурсларни тежаш билан бирга, солиқ соҳасида қабул қилинаётган қарорлар ижроси самарадорлигини ошириш, солиқ сиёсатини янада либераллаштириш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг эркинлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Чунки бугунги тадбиркор интернет орқали хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш режа-жадвалини кузатиб бориб, ўз фаолиятида қачон ва ким томонидан текшириш ўтказилишини аниқ билади.

Айниқса, солиққа оид ҳисоботларни электрон шаклда қабул қилиш ва қайта ишлаш интерфаол хизмати вақт ҳамда ортиқча харажатни тежаш, шунингдек, барча ҳисоботларнинг тўғри топширилишини изчил назорат қилиш имконини бермоқда.

Хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш учун "Солиқ ҳисоботларини электрон кўринишда юбориш" интерфаол хизматидан фойдаланилади. Мазкур дастурий маҳсулот алоқа тармоқлари орқали солиқ тўловчилар томонидан молиявий ва солиқ ҳисоботларини электрон кўринишда тақдим этиш, уларни солиқ тўловчиларнинг ҳисоб варақаларига ўтказиш имконини беради. Ҳисоботларнинг электрон алоқа тармоқлари орқали топширилишида ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун электрон рақамли имзонинг мавжудлиги талаб этилади.

Электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат расмий имзоланган ҳужжат мақомига тенглаштирилган. 2012 йил 1 августдан бошлаб электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш бўйича хизматлар ҳақи миқдори энг кам иш ҳақининг 20 фоизидан 10 фоизига пасайтирилгани тадбиркорлар учун яратилган яна бир қулайлик бўлди.

2014 йилнинг охирига қадар барча тадбиркорлик субъектлари статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўлиқ ўтказилиши режалаштирилган. 2012-2016 йилларда лицензия ва рухсатномаларни олиш учун интернет тармоғи орқали ариза беришнинг электрон шакллари жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Бунда мурожаат этувчи ўз аризасининг кўриб чиқилишини интерфаол тарзда кузатиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси томонидан кўрсатилаётган интерфаол хизматлар янги ишга туширилган маълумотлар ягона ахборот базасига мослаштирилди. Натижада интерфаол хизматлардан фойдаланиш тезлиги ва сифати янада ошди. Шу боис мамлакатимизда ўтган "Best soft Uzbekistan - 2013" миллий дастурий таъминот маҳсулотлари кўргазмаси давомида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базаси "2012 йилда жорий қилинган энг яхши лойиҳа" йўналишида ғолиб бўлди.

Жорий йил соҳада "Якка тартибдаги тадбиркорлардан ҳисоботларни электрон шаклда қабул қилиш", "Солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида электрон ариза орқали маълумот бериш", "Солиқ тўловчи юридик шахсларнинг солиқ имтиёзлари тўғрисида ахборот тақдим этиш" ва "Жисмоний шахслар томонидан солиқлар тўланишида банк муассасаларига солиқ тўловчиларнинг реквизитларини тақдим этиш" янги интерфаол хизматлари жорий этилди.

Яратилаётган бундай кенг имкониятлар туфайли солиққа оид сайтдан фойдаланувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 26 миллиондан ортиқ мурожаат қайд этилгани, бу кўрсаткичнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баробар ошгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

 

* * *

 

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасидан маълум қилишларича, www.gov.uz ягона портали интернет тармоғида икки ойдан буён фаолият кўрсатмоқда. Шу вақт ичида сайт орқали давлат органларига жўнатилган мурожаатлар сони 900 дан ошди ва уларнинг 70 фоизи кўриб чиқилиб, фуқаролар тегишли жавоб олди. Порталдан жисмоний шахслар фаол фойдаланмоқда. Негаки, мурожаатларнинг 98 фоизи айнан жисмоний шахслардан келиб тушган. Ўтган давр мобайнида фуқароларнинг аксарият мурожаатлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси каби ташкилотларга юборилган.

 

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Эту тему могут комментировать только зарегистрированные пользователи. В теме действует премодерация комментариев.
Авторизуйтесь или зарегистрируйтесь