Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

1 апрель: қонунчиликдаги асосий янгиликлар

01.04.2019

Рус тилида ўқиш

 

Рухсат бериш тартиб-таомиллари, текширишлар, лицензиялаштириш ва экспорт билан боғлиқ бизнес янгиликлари, шунингдек тиббиёт, туризм, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳалар ҳақида шарҳимизда сўз юритамиз.

 

Бизнес соҳасидаги рухсатномалар сони камайди

 

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги яна олтита рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди:

  • экспорт контракти рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
  • мол сўйишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаси;
  • ер қаъри участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлиги ҳақида хулоса;
  • вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома;
  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қиладиган тадбиркорлик субъектларининг савдо объектлари жойлашуви;
  • ерларнинг барча тоифаларида геологик-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа турдаги қидирув ишларини олиб боришга рухсатнома.

 

Текширувлар – бизнес-омбудсман орқали

 

Бош прокуратура энди текширувларни мувофиқлаштирмайди. Ушбу ваколатлар бизнес-омбудсманга ўтди. Унинг қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Савдо-саноат палатаси текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. 

 

Ер қаъри участкасини ўрганиш учун лицензия икки баравар тез расмийлаштирилади

 

Норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ер қаъри участкасидан геологик ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 кундан (илгари – 20 кундан) ошмаган муддатда берилади. Ушбу соҳадаги лицензияларнинг қолган – қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи турлари – илгаригидек 20 кунлик муддатда расмийлаштирилади.

 

ҚҚС тезроқ қайтарилади

 

Солиқ тўловчига ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган ҚҚС суммаси тезроқ қайтарилади. Энди ҳужжатларнинг тўлиқ пакети тақдим этилган кундан бошлаб бунинг учун 7 иш куни ажратилади (илгари – 15 иш куни). Бундан буён солиқ органларида мавжуд маълумотларни, шу жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича таққослаш далолатномаси, ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш керак эмас. Батафсил – buxgalter.uz сайтида.  

 

Жўжалар эркин экспорт қилинади

 

Бир кунлик жўжаларни (ТИФ ТН кодлари 0105 11 110 0, 0105 11 190 0, 0105 11 990 0) экспорт қилишга рухсат берилди. Бунгача улар Президент ёки Ҳукумат қарорлари асосида экспорт қилинган (15.12.2017 йилдаги ПФ–5286-сон Фармонга 1-иловага қаранг).

 

Тўқимачилик саноати: молиявий ёрдам ва қоғозбозликнинг камайиши

 

Давлат тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлайди:

 

биринчидан, 2019–2021 йилларда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80%ини экспорт қиладиган тикув-трикотаж корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисми Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади. Компенсация ҳажми:

  • айланма маблағларни тўлдириш (тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ип-калава, трикотаж мато, ип газлама ва бошқалар харид қилиш) мақсадида миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича – фоиз ставкасининг 25%и миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;
  • ишлаб чиқаришни модернизация қилиш (бино ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш) мақсадида хорижий валютада бериладиган кредитлар бўйича – фоиз ставкасининг 50%и миқдорида;

 

иккинчидан, биржа савдолари орқали пахта толасини сотишда қатъий талаб қилинадиган банк кафолатлари бекор қилинади. Бунда тарафлар ўртасида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тартиби шартнома асосида белгиланади.

 

 

Ижара шартномасини тасдиқлаганлик учун бож камайтирилди

 

Ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлаганлик учун давлат божи ставкалари икки баравар камайтирилди ва қуйидаги миқдорни ташкил қилмоқда:

  • жисмоний шахслар учун – ЭКИҲнинг 50%и;
  • юридик шахслар учун – ЭКИҲнинг 1 баравари.

 

Ҳукуматда лавозимга тайинлашнинг янги қоидалари

 

Энди Бош вазирнинг ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланади. Номзодлар истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасида ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режаларини ҳам тақдим этишлари шарт.

 

Ҳукумат ҳудудларда мавзули сайёр (очиқ) мажлисларни ўтказа бошлайди. Бош вазир эса Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Парламентга Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

 

Барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият фаолияти аниқ кўрсаткичларга эришишга ва мақсадли индикаторларга, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларни стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурлари амалга оширилиши сифати ва самарадорлигига асосланган ҳолда баҳоланади.

 

Конституция ва бир қатор қонунларга тегишли тузатишлар киритилди.

 

Тиббиёт: молиялаштиришнинг янги тартиби ва иш ҳақи ўсиши

 

Тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизими эксперимент тартибида жорий этилади. Эксперимент пойтахтнинг Миробод туманида ва қолган ҳудудларнинг айрим туманларида ўтказилади (рўйхатга қаранг). Бир йилдан кейин тизимни бутун мамлакат бўйича жорий этиш режалаштирилмоқда.

 

Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг иш ҳақи индексацияланди. Маошлар 15%га оширилди, янги тариф коэффициентлари – бу ерда.

 

Туристлар хавфсизлиги – назорат остида

 

Мамлакатимизда туристлар хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар амал қила бошлайди:

 

биринчидан, туристлар ва туристик гуруҳларни, шу жумладан автотранспортда ҳаракатланиш вақтида кузатиб бориш – хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича янги бўлинмалар билан шартнома асосида пулли хизматлар кўрсатиш;

 

иккинчидан, транспортда, биринчи навбатда туризм йўналишидаги поездларда туристлар хавфсизлиги – транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларининг вазифаси, улар:

  • транспортда содир этилган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабар ва аризаларни ҳисобга оладилар ва қайд этадилар;
  • бевосита поездларнинг ўзида маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқадилар ва қарор қабул қиладилар, бунинг учун кузатувчи профилактика инспекторлари лавозимлари босқичма-босқич жорий этилади; 

 

учинчидан, ҳудудий ИИО билан биргаликда транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари томонидан темир йўл вокзаллари ва аэропортлар атрофида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишининг олдини олиш ва чек қўйиш.

 

ИИВ ҳузурида Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси ташкил этилади.

 

Мобиль қурилмалар IMEI бўйича рўйхатдан ўтказила бошлайди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2018 йилдаги 847-сон қарори билан аниқ механизмни ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди. Вазифа бажарилди: рўйхатдан ўтказиш автоматик тарзда амалга оширилади, бунинг учун мобиль қурилмаларнинг эгаларидан ҳеч қандай ҳаракатлар талаб этилмайди. Рўйхатдан ўтказиш бепул.
  

Олег Заманов.



 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16