Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

2018 йилдаги қўшимча дам олиш кунлари: таътил қандай ҳисобланади

13.03.2018

 

Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПФ–5290-сон Фармони билан 2018 йилда 3 та қўшимча дам олиш куни: 2 январь, 20 март ва 31 август берилди. Ушбу шарҳда иш кунлари қопланишини ҳисоблашда амалиётда қандай муаммолар юзага келганлиги тўғрисида сўз юритамиз.

 

Сўзимиз аввалида қўшимча дам олиш кунлари бюджет ташкилотларида мажбурий эканлигини қайд этиб ўтамиз. У ерда улар таътил кунларини қисқартириш орқали қопланади, бироқ таътил пули миқдорига таъсир кўрсатмайди.

 

Бу – муҳим! Бюджет ташкилотлари ҳисобланмаган ташкилотларда (давлат ташкилотлари ҳам ана шундай бўлиши мумкин) қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда ташкилотнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат шартномалари ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишиб қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда белгиланади. Шу сабабли корхона ушбу моделни танлашга қарор қилган бўлса, бюджет ташкилотлари учун белгиланган қоидаларни қўллаши мумкин.

 

Фармоннинг 3-бандида қайд этилишича: «бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини уч иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади, ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга қўшимча дам олиш кунлари қўшилади». Бунда ҳар қандай ташкилотда ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда 2018 йил февраль ойининг бошигача ушбу нормани қўллашга доир батафсил йўриқнома қабул қилиш топширилган эди. Бироқ мазкур мақола чиқарилган пайтга келиб (12.03.2018 йил) у эълон қилинмади. 

 

Юзлаб ташкилотлардаги кадрлар ва бухгалтерия хизматлари қонун ҳужжатларининг умумий нормаларига амал қилишига тўғри келмоқда. Шу аснода кўп саволлар юзага келди.

 

Иш кунлари қопланиши қандай ҳисобланади

 

Иш йили календарь йили (1 январдан 31 декабргача) билан мос келганда, ходим эса йил охирида таътилга чиққанда Фармоннинг 3-бандини қўллаш осон бўлади. Масалан, ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътили давомийлиги 18 иш кунини ташкил этади. Ходим амалда 15 кун дам олади, таътил пули эса 18 кун учун тўланади.

 

 

Иш йили ва календарь йили мос келмаганда вазифа қийинлашади. Ходим 3 январь билан 19 мартгача бўлган муддат оралиғида, масалан, 1 мартдан ишга қабул қилинди дейлик. Унга 1.03.2017 йилдан 28.02.2018 йилгача бўлган давр учун йиллик меҳнат таътили берилади. Бу пайтга фақат 1 та қўшимча дам олиш куни – 2 январь тўғри келади.

 

20 мартдан кейин ишга қабул қилинганда эса иш йилига (масалан, 25.03.2017 йилдан 24.03.2018 йилгача) 2 та қўшимча дам олиш куни киради. 

 

 

Фақат 1 сентябрдан бошлаб ва ундан кейин ишга қабул қилишда иш йили 3 та қўшимча дам олиш кунини ўз ичига олади.

 

Бундай ҳолларда савол туғилади: ходим иш йили давомида қўшимча дам олиш кунларидан фойдаланмаган бўлса, уларни таътилдан чегириш мумкинми? Бунда мутахассислар турли хил фикр билдирадилар:

 

а) бир гуруҳ Фармоннинг 3-бандини айнан талқин қилади – меҳнат таътили 3 кунга қисқартирилсин деб ёзилганми, демак, у 2018 йилда бериладиган ҳар қандай таътилдан бир вақтнинг ўзида чегирилади;

 

б) бошқа гуруҳнинг фикрича, қўшимча дам олиш кунларидан амалда фойдаланганликни ҳисобга олиш зарур.

 

Муаллифнинг фикрича, иш йили давомида қўшимча дам олиш кунларининг ҳаммасидан фойдаланилмаган вазиятларда меҳнат таътилини бир йўла 3 кунга қисқартириш асоссиз. Бундай қисқартириш, биринчидан, йилдаги ишланмайдиган кунлар сонини камайтириш орқали ходимнинг ҳолатини ёмонлаштиради, иккинчидан, иш кунлари сонини кўпайтириш воситасида иш вақти мувозанатини бузади. Яъни таътил ҳисобидан фақат амалда фойдаланилган қўшимча дам олиш кунларини қоплаш мантиққа тўғри келади.

 

Қўшимча кунлар иш йилига кирган, бироқ улардан амалда фойдаланилмаган бўлса, йилнинг охиригача меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳам бундай қилиш мантиққа тўғри келади.

 

Қўшимча дам олиш кунлари ҳисобга олинмай, тўлиқ таътил берилган бўлса, нима қилиш керак

 

Бюджет ташкилотининг ходими 1 мартда ишга қабул қилинди дейлик. Таътилнинг давомийлиги – 18 иш куни. Муассасада 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Февралда ходим ойнинг 7-санасигача ишлади, 8–28 февраль кунларига 18 иш куни давом этувчи таътил берилди. Аслида у 8 февралгача ишлаб, ойнинг 9-санасида таътилга чиқиши керак эди. Сабаби – ходим 2 январда 1 та қўшимча дам олиш кунидан фойдаланган, шу боис амалдаги таътили 17 кундан ошмаслиги керак.

 

Бу ерда қайта ҳисоб-китоб қилиш мантиққа тўғри келади. Гап шундаки, 2018 йилда 6 кунлик 40 соатли иш ҳафтаси белгиланган ходимлар учун 301 иш куни назарда тутилган. Ундан таътилнинг 18 иш куни чегирилади. Яъни ходим амалда 283 иш куни ишлаши шарт. Таътил давомийлиги нотўғри эканлиги (унинг муддати кўпайганлиги) боис мазкур норматив 1 иш кунига бажарилмай, ишланган иш кунлари сони 282 кунни ташкил этади.

 

Иш йилидаги иш кунлари 1.03.2017 йилдан 28.02.2018 йилгача ҳисобланса, 304 иш кунидан 18 куни таътилга тўғри келади. Яъни ходим 286 кун ишлаб бериши шарт эди. Гарчи 286 кун учун ҳақ тўланган бўлса ҳам, 2 январда дам олганлиги сабабли амалда 285 кун ишлаган.

 

Қандай ҳисобланмасин, барибир ҳақи тўланган 1 та ортиқча ишланмаган кун ҳосил бўлаяпти. Тегишинча, дебиторлик қарзи юзага келди. У январга тўғри келганлиги сабабли дебиторлик қарзи миқдори шу ойдаги ўртача кунлик иш ҳақи миқдорига тенг. Уни ким қоплайди деган савол туғилади: ортиқча 1 кун дам олган ходимми ёхуд маъмурият ходимими (директор, бухгалтер, кадрлар бўйича инспектор). Гап шундаки, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, қонуннинг нотўғри қўлланилиши ҳисоб-китобдаги хато деб тан олинмайди ва шу сабабли ортиқча тўланган суммалар МКнинг 164 ва 279-моддаларидаги тартибда ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинмайди. Бундай вазиятни ҳисоб-китобдаги хатога киритиш – алоҳида мунозара мавзуси.

 

Таътилдан тўлиқ фойдаланилгандан сўнг иш йилига қўшимча дам олиш кунлари киритилди 

 

Жорий иш йили – 2017 йилнинг 1 мартидан 2018 йилнинг 28 февралигача бўлган ходим 2017 йилнинг августидаёқ (1.08. – 21.08.2017 йил) 18 иш кунидан иборат таътилидан тўлиқ фойдаланиб бўлган дейлик. Иш йили давомида 2 январда қўшимча дам олиш кунидан ҳам фойдаланган.

 

Муаллифнинг фикрича, таътилга доир қоида жорий этилгунга қадар фойдаланилган иш кунларини қоплашга йўл қўйилмайди. Зеро, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, қонуности НҲҲлар қайтар кучга эга эмас.

 

Таҳририятдан: Ушбу мақолада баён этилган муаллифнинг позицияси келгусида эълон қилинадиган Йўриқнома билан мос келмаслиги мумкин. Мақолани чоп этишдан мақсад – ҳужжатни ишлаб чиқувчиларнинг эътиборини мавжуд муаммоларга қаратиш ва уларни ечиш йўлларини таклиф этишдан иборат.

 

Самир Латипов.



 

Валюталар курси

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум