Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Алоҳида солиқлар ва мажбурий тўловлар бирлаштирилади

12.12.2017

Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳасига бағишланган кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди.

 

Қайд қилинишича, тасдиқланган дастурларни молиялаштириб ҳамда кўзда тутилган барча харажатларни ижро этган ҳолда 2017 йил бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилиши кутилмоқда.

 

2018 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини такомиллаштиришга, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ва бюджетлараро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш назарда тутилмоқда.

 

Маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг даромадлар бўйича ваколатларини ва даромадлар прогнози ошириб бажарилган қисмини мустақил тасарруф этишда мустақиллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ўртасида бюджетлараро муносабатларнинг янги механизми жорий этилмоқда.

Мажлис иштирокчилари томонидан 2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳар томонлама кўриб чиқилди, унда солиқ юкини янада қисқартириш, солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг мустақиллигини ошириш, маблағлардан оқилона фойдаланиш ва бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш, жумладан:

  • фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириш орқали умумий базавий ставкани 15,5 фоиздан 14,5 фоизгача камайтириш;

 

  • Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш орқали умумий ставкани 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача камайтириш, бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида қарийб 411 миллиард сўм маблағ қолдириш имконини бериши;


  • жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобрақамларига ажратмалар миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш ва бу фуқароларнинг жамғармаларини умуман 450 миллиард сўмдан кўпроққа ошириш;


  • якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқнинг аҳоли тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилган ставкасини ўртача 30 фоизга пасайтириш;


  • ҳудудлар хусусиятлари ва фаолият кўрсатиш жойи ҳисобга олинган ҳолда, маҳаллий ҳокимият органларига жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқлар бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан 0,7-1,3 гача камайтирувчи ва кўпайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.

2018 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари устуворлиги сақлаб қолинади. Хусусан, ижтимоий соҳани молиялаштириш учун 34,7 триллион сўм маблағ йўналтириш назарда тутилмоқда.

 

2018 йилги Давлат бюджети параметрларида қабул қилинган Давлат дастурларини амалга ошириш учун 8,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш таклиф этилмоқда, хусусан:

  • 2017-2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш дастури доирасида 14 та мактабгача таълим муассасаси объектини қуриш, 256 та объектни реконструкция қилиш, 157 та объектни мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 815 миллиард сўм маблағ (шундан 193 миллиард сўми – халқаро молия институтлари маблағлари) йўналтириш, бу – 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баравар кўпдир;


  • 48 та олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини ривожлантиришга 559,1 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган, бу 2017 йилдагига нисбатан 1,5 баравар кўпдир;


  • Президентнинг топшириқлари ва Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларга асосан 296 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига – 753,6 миллиард сўм йўналтирилади;


  • тиббиёт муассасаларини, энг аввало, оилавий поликлиникаларни, шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни оширишга 915,4 миллиард сўм ёки 2017 йил параметрларида кўзда тутилганига нисбатан 2,5 баравар кўп маблағ сарфланади;


  • тиббиёт муассасаларини, биринчи навбатда, қишлоқ врачлик пунктларини ва поликлиникаларни зарур скрининг ташхис ва даволаш ускуналари билан қўшимча жиҳозлаш учун – 50 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда.

 

Таъкидландики, уй-жой – коммунал хизматлар кўрсатиш ишларига харажатлар 228,6 миллиард сўмни ташкил этади, шу жумладан, кўп қаватли турар жойларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга – 47,2 миллиард сўм, кўп қаватли турар жойлар фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштиришга – 22,4 миллиард сўм йўналтирилади.

Янги ташкил этилган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари орқали 2017-2021 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш Дастури ижроси учун келгуси йилда 163,2 миллиард сўм ажратилади.

«Тоза ичимлик суви» жамғармаси ҳисобидан ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг бажарилишига 584,7 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, транспорт-коммуникация лойиҳаларига 469,2 миллиард сўм ва республика ҳудудларида ижтимоий инфратузилма объектларини ривожлантириш дастурларини амалга оширишга 568,6 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.

Қайд этилдики, Давлат бюджетини биринчи маротаба ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,02 фоиз миқдорида профицит билан тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Муҳокамалар якунлари бўйича 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

 

Валюталар курси

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум