Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

BIR.UZ — бухгалтерларнинг синов майдони

16.01.2018

Ҳар қандай идора, тузилма, ташкилот ва муассасага биринчи навбатда ишончли, малакали ва эътиборли бухгалтер керак. Бугун бизда бухгалтернинг барча талабларга жавоб беришини аниқлаб беришга қодир ресурс мавжуд. Бу - BIR.UZ бухгалтерлар малакасини баҳолаш тизими.

 

Ўтган йили ушбу сервис фаолияти йўлга қўйилиши биланоқ ўз билими ва малакасини синаб кўриш иштиёқида бўлган мутахассислар енг шимариб ишга киришишди.  Ҳаммаси бўлиб тизимда 3500 га яқин фойдаланувчи рўйхатдан ўтди. Уларнинг баъзилари тестлардан аллақачон ўтиб бўлди, айримлари эса жараённи бошдан кечиришмоқда.

 

Биз тестлардан муваффақиятли ўтган иштирокчиларнинг баъзилари билан боғланиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, қандай қийинчиликларга дуч келишгани ва тестдан ўтишга тайёрланаётганлар учун тавсиялари билан қизиқдик.  

 

Уларнинг орасида ташкилотчиларни ҳайрон қолдириб, тизим томонидан ўзбек тилида тақдим этилган барча саволларга жавоб бериб бўлганидан кейин рус тилидаги саволларни ечишга киришган ва бунинг ҳам аъло даражада уддасидан чиққан, яъни энг юқори балл тўплаган иштирокчи бор. Бу “Ўзагросуғурта” АЖнинг бош бухгалтер ўринбосари Акбар Акмалович Аҳмедов:

—      Бухгалтер доимий равишда изланмаса бўлмайди. “Норма маслаҳатчи”, “Солиқ ва божхона хабарлари” газеталарига обуна бўлганмиз. Бош бухгалтеримиз билим ва малакаларимизни оширишимиз учун бизга вақт ажратиб беради. Газеталарни аввал ўзи ўқиб чиқиб, кейин бизларга тегишли жойларини белгилаб, қўлимизга тутқазади. Ўқимасак, ўрганмасак қўйишмайди (кулади)...

 

BIR.UZ тизими ҳақида аввалига ундан эшитдим. Тестлардан ўтиб, ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Жараёнга шундай берилиб кетибманки,   қарасам, ўзбек тилида берилган тестларни ечиб бўлдим, сўнгра рус тилидагиларига киришдим.

 

Умумий ҳисобда кунига 1-2 соат ишдан олдин ва кейин тест ишлашга киришардим. Тушунмаган, қийналган жойларини ўқув материалларидан билиб олиш мумкин экани жуда қулай. Материаллар суратлар билан келтирилган, оддий, содда тилда тушунтирилган. Икки тилдаги тестларни тўлиқ ишлашга 15-20 кунча вақт сарфладим.

 

Ташкилотимиз умумбелгиланган солиқлар тўловчиси саналади. Ягона солиқ тўлови тўловчилар учун эса савдо, умумий овқатланиш йўналишлари бўйича ҳар бири учун низомлар мавжуд эканини билдим. Уларнинг ҳар бирини ўқиб, ўрганиб чиқишга тўғри келади. Фақат шу йўналишда бироз қийин бўлди. Қолган мавзулар эса деярли ҳар доим бажариб юрган ишимиз – мушкул эмас.

 

Қонунчиликда низомлар, қоидалар жуда кўп. Яна улар доим ўзгариб туради. Барчасидан хабардор бўла олмаймиз ҳам. Ўқув қўлланмаларида эса ўша низомлардаги керакли жойларга таъриф бериб кетилган. Очиғини айтсам, баъзи низомларнинг мавжудлигини билмаган ҳам эканман.

 

Аммо тестларни тугатганимдан кейин ўз малакамга бўлган ишончим оз бўлса-да ошди. Ҳақиқатан ҳам билимим етарли экан, деган хулосага келдим.

 

Сертификат олган бухгалтернинг раҳбари унинг малакасига шубҳа қилмаса ҳам бўлади, деб ўйлайман. Тестларни билим ва малакаси етарли бўлмаган, амалиётда шу мавзуларга дуч келмаган одам еча олмайди. Бу “а”, “б”, “с” тарзида белгилаб чиқиладиган оддий тестлар эмас.

 

Ўйлашимча, ҳар бир ўзига ишонган соҳа вакили ўзини синаб кўриши керак.

Дарвоқе, энди тестларни ечишга киришаётганлар учун бир сирни айтаман. Аввалига ўқув қўлланмаси билан танишиб чиқиб, кейин тестни ечсангиз, жараён анча осон кечади.

 

Тизимда менга хуш келмаган жиҳатлар мавжуд. Масалан, 20-25 та тест берилган бўлса, 25-тестда хато қилсангиз, барча жараённи яна бошидан бошлаш керак бўлади. Фикримча, баллик тизим қилиб, масалан 90 балл берилса ва шунга мос равишда сертификатларни ҳам 90, 95, 100 баллик қилиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки кимдир 100 марта ишлаб сертификат олса, кимдир бир марта ишлашда олади. Демак, бу фойдаланувчиларнинг билимида фарқ бўлади. Шунда, назаримда адолат қарор топган бўларди.

 

2018 йилдан бошлаб тестлар пуллик бўлди. Бош бухгалтер тестлардан ўтиш учун ойига 40 минг сўмни бемалол тўлаши мумкин. Бу қиммат эмас, деган фикрдаман.

 

Аттестат олиш учун бевосита имтиҳон топширгани албатта бораман. Фақат ҳозир балансларни топшириб олишим керак. Йиллик ҳисоботларни топшириб олсам, кейин албатта бораман. Қачон ўтказилаётганини сайтдан мунтазам равишда кузатиб боряпман. 20 ва 21 январь кунлари ўтказиладиганларига улгурмасам керак, аммо кейингиларига боришни режалаштирганман.

 

Тестлардан муваффақиятли ўтган яна бир иштирокчи Фарҳод Шуҳратович Давлатов ўзининг “Sardor Med Bussiness” номли кичик корхонасида ҳам директорлик, ҳам муассислик, ҳам бош бухгалтерлик вазифасини бажарар экан:

Касбим ўзи ҳисобчи. 2011 йилда Тошкент давлат аграр университетининг бухгалтерия  ва аудит йўналишини тамомлаганман. Мутахассислигим шу бўлгани боис “Norma.uz” ва шунга ўхшаш соҳамга алоқадор сайтларни доим кузатиб бораман. BIR.UZ тизими ишга тушгани ҳақида ҳам сайтдан хабар топдим. Тестларни ечиб, бир томондан ўзимга бўлган ишончни синаб кўрган бўлсам, бошқа томондан билимларимни янгилаб олдим. Бу оддий тестлар эмас, бу бухгалтерлар учун жуда катта ресурс. Аввал акциядорлик жамиятларида фаолият юритганимда камида ҳар 2-3 йилда малака оширишга жўнатишар эди. Ҳозир эса хусусий фирма бўлгани сабабли малака оширишга боришга вақт ҳам йўқ.Энди эса BIR.UZ сайтининг шарофати билан янада кўпроқ билимга эга бўлдим ва изланишларни яна давом эттираман.  Онлайн тестларни ўйлаб топишгани зап иш бўлибди. Уни малака оширишнинг жуда қулай бир усули десак янглишмаймиз. Бухгалтерлар бирор ноаниқроқ савол туғилса, жуда кўп қонун ҳужжатларини титкилаб чиқишларига тўғри келади. Ушбу тестларни эса бухгалтерлар учун тайёр “шпаргалка” десак ҳам бўлади. Ҳаммаси умумий амалиётда ишлатиладиган ва соҳа вакиллари учун керак бўладиган долзарб мавзулар.

 

Кичик корхонани юритганим боис бухгалтериянинг барча йўналишларини мукаммал билмасдим, энди эса янада кенгроқ билимларга эга бўлдим.

 

Кунимни шундай режалаштирганманки, ҳар куни эрталаб соат 7 да цехга бораман. Майда-чуйда ишларни битиргач, орада бўш бўлган вақтларим тестларни ечдим. Ҳисобварақ-фактуралар олди-бердиси, товарни калькуляция қилиш ишлари билан ўзим шуғулланаман, аммо бу кўп вақт олмайди. Орада бошқа ишларни қилиб яна тестларни ечишга киришардим. 15 кун ичида тестларнинг қийин-осонлигига қараб 3-4 соатдан вақт сарфлаб, уларни ечиб бўлдим.

 

Амалиётда мунтазам дуч келганим боисми, кўп саволлар оддий туюлди. Кўп ишлатадиган мавзуларим, масалан, асосий воситалар, ишлаб чиқариш ҳисобини юритиш, бюджетга тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоботлар топшириш, иш ҳақини ҳисоблаш бўйича саволлардан енгил ўтдим. Кам дуч келадиган йўналишлар бўйича саволларда барибир материалларни кўпроқ ўқиб-ўрганишга тўғри келди. Курс ўртасидаги фарқларни баҳолаш, валютага олиб келинадиган товарлар ва асосий воситалар таннархини аниқлаш, уни ҳисобга олиш кабилар амалиётда фойдаланмаганим учун бўлса керак, анча қийинчилик туғдирди.

 

Тошкент молия институтининг “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси катта ўқитувчиси Сардорбек Абдуллаевич Жуманазаров ҳам тестлардан ўтиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди:

Ўз билимимни синаб кўриш учун тестларни ечишни бошлагандим. Сертификат олиш ва имтиҳон топширишни мақсад қилганим учун тестларни ечишда давом этмоқдаман. Айнан қайсидир мавзу осон ёки қийин деб айта олмайман, чунки ҳар бир мавзунинг осон ва мураккаб жиҳатлари мавжуд.

 

Синов тестлари орқали айнан қаерда адашишингиз мумкинлиги, қайси мавзуни чуқурроқ ўрганишингиз ёки такрорлашингиз кераклигини билиб олар экансиз. Ҳар бир тестни диққат билан ўқиб жавоб бериш лозимлиги ва шошма-шошарликка йўл қўйиш мумкин эмаслигини англадим.

 

Ўқув тестларни топширишни энди бошлаганларга тавсияларим:

  • тест саволини диққат билан ўқинг;
  • саволда нима талаб қилинаётганини англаб етинг;
  • жавобни белгилашда шошилманг (1 та, 2 та савол қолганда хато белгилаб қўйсангиз, тестни бошидан бошлашингизга тўғри келади, ва, вақтдан ютқазасиз).

 

Дастлаб ўқув материали билан танишмасдан тест топширишни ва ўз билимингизни текшириб кўришни маслаҳат бераман. Бунинг натижасида қандай ютуққа эришганингизни англайсиз.

 

Шу ўринда ташкилотчиларга ҳам ўз хулосаларим ва мулоҳазаларимни билдириб ўтишни истардим:

Рекламани, айниқса интернет сайтлари ва телеграм каналларида кучайтириш даркор. Телеграмда махсус канал очиш, сайтнинг мобиль версиясини яратган ҳолда тест топшириш имкониятини яратиш айни муддао бўлар эди. Бу ушбу йўналишда таҳсил олаётган талабалар учун жуда қулай, уларнинг кўпчилиги компьютерда ўтиришдан кўра, телефон орқали интернетдан фойдаланишни афзал кўришади.

 

Bir.uz да келтирилган ўқув материаллари китоб шаклида чоп этилиб сотилса, янада яхши бўларди. Бунинг кўпчиликка нафи тегиши тайин.

 

Фойдаланувчилар билан суҳбатлашиб чиққанимиздан кейин BIR.UZ тизимининг тестларидан муваффақиятли ўтган бухгалтерлар яқин орада иш берувчилар ўртасида талаш бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Ишончли, малакали ва синчков бухгалтер кимга ҳам керак эмас дейсиз?! Ўз кучига ишонган соҳа вакилларини эса синов майдонига таклиф этиб қоламиз. Сиз ҳам ўз билим ва малакангизни синаб кўринг!

 

 Фозила Ашурова, мухбиримиз суҳбатлашди.

 

Валюталар курси

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум