Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Инстаграмда реклама жойлаштириш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини кимлар ва қандай объектлар бўйича тўлайди

Бизнесни нотўғри текширдингми – Жиноят кодекси бўйича жавоб берасан

09.10.2015

Ўзбекистон Республикасининг 20.08.2015 йилдаги Қонуни билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида материаллар циклини давом эттирамиз.

 

 

ЖКнинг 1922–моддаси билан   тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги норма аниқлаштирилди. Аввал мазкур жиноят ЖКнинг  2061-моддаси билан кўзда тутилганди (Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш), ҳозир бу модда чиқариб ташланган.

 

 

Жиноят субъектлари:     

 

Эътиборни қаратиш лозим: қонун ушбу ҳолатда бу модда назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёхуд бошқа давлат органларининг виждонсиз мансабдор шахсларини жавобгарликка тортишни махсус кўзда тутадиган модда эканлигини кўрсатмайди. Яъни, мазкур модда бўйича жавобгарликка мансабдор шахслар жумласига кириши ёки ЖКга мувофиқ бу тоифага кирмайдиган давлат органи ходими бўлишидан қатъи назар текширув ўтказиш тартибини бузган шахс тортилиши мумкин.

 

 

Жиноий қилмиш қуйидаги ҳаракатларни содир этганда намоён бўлади:  

 

 

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ноқонуний текширишлар ташаббуси билан чиқиш ва уларни ўтказишда, яъни ўтказилиши қонунчиликда кўзда тутилмаган ҳар қандай текширувлар;

 

 

тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонуний текшириш ва тафтиш қилишни ўтказиш тартибини бузиш (текширувлар даврийлигига ёки уларни ўтказиш муддатларига риоя қилмаслик, текширув ҳажми (саволлар доираси)ни ошириш, текширувчилар ҳаракатини расмийлаштирмаслик ёки лозим бўлмаган даражада расмийлаштириш ва ҳ.к.).

 

 

Жазо

 

 

1922-модда уч қисмдан иборат. Ҳар бир кейинги қисми  муайян оғирлаштирувчи ҳолатларга боғлиқ ҳолда жазони оғирлаштиради.

 

 

1-қисм: текширув ва тафтишлар ўтказиш тартибини “оддий” бузиш  

 

 

ЖКнинг 1922-моддаси биринчи қисми тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятини текширишни ўтказишда мазкур модданинг 2 ва 3-қисмларида кўзда тутилган оғирлаштирувчи ҳолатларсиз содир этилган тартиб бузишда қўлланади. Мазкур қисмга биноан жазонинг энг юқори миқдори – 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.  Мазкур ҳолатда айбдорни фақат у олдин1 шундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирдагина  жиноий жавобгарликка тортиш мумкин.

 

 

Маълумот учун: Агар маъмурий ундирув ижро этилган пайтдан бошлаб бир йилдан кўп вақт ўтган ҳамда фуқаро бошқа маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, у маъмурий жавобгарликка тортилмаган ҳисобланади.

 

 

2-қисм: 300 дан 500 ЭКИҲгача зарар2 

 

 

 Агар тадбиркорлик субъектига ёхуд  давлатга кўп миқдорда зарар (300 дан 500 ЭКИҲгача) етказилса ёки жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса,  у ҳолда айбдорни жиноий жавобгарликка тортиш учун у олдин шундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган ёки тортилмаганлиги аҳамиятга эга эмас. Яъни, ушбу қисм бўйича жиноий жавобгарлик дарҳол бошланади. Жазонинг  энг юқори миқдори – 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

 

 

3-қисм: 500 ЭКИҲдан ортиқ зарар


 

ЖК  1922-моддасининг сўнгги ва энг оғир қисми тадбиркорлик субъекти ёхуд давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказилган ҳолларда (500 ва ундан ортиқ ЭКИҲ) ёки айбдор биргаликда жиноий фаолият учун икки ва ундан ортиқ шахснинг уюшганлигида намоён бўладиган, яъни биргаликда бир неча маротаба жиноят содир қиладиган уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилганда қўлланади. Бу қисм бўйича жазонинг энг кўп миқдори – муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

 

 

Маълумот учун: Тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилишни ўтказиш қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади:  «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида» (24.12.1998 йилдаги 717-I-сон) ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” (2.05.2012 йилдаги  ЎРҚ-328-сон янги таҳририда) қонунлари, Президентнинг “Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида” (8.08.1996 йилдаги ПФ-1503-сон), “Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида” (14.06.2005 йилдаги ПФ-3619-сон), “Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (5.10.2005 йилдаги ПФ-3665-сон), “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) Фармонлари, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг “Назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахслар –тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш тўғрисида”  Қарори

 

 

Текширувлар асносида тез-тез юзага келадиган саволларни кўриб чиқамиз.

 

 

Текширувлар қандай бўлиши мумкин?  Текширув ўтказиш асосларига кўра текширувлар режали ва режадан ташқари текширувларга бўлинади.

 

 

Режали текширувлар Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (бундан буён – Кенгаш) томонидан тасдиқланадиган тадбиркорлик субъектларини текширишнинг йиллик мувофиқлаштириш режа-жадвалига асосан ўтказилади.


Бунда қайд қилиш лозимки, тадбиркорлик субъектлари бу режа-жадвалга фақат солиқ органлари томонидан камерал текширув натижалари бўйича аниқланган солиққа оид қонунбузарликлар тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда киритилади3.

 

 

Режадан ташқари текширувлар Кенгаш ёки унинг вилоят комиссиялари қарорига асосан назорат қилувчи органга тадбиркорлик субъекти томонидан қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини бузиш фактлари тўғрисидаги қўшимча маълумотлар келиб тушганда  ўтказилади. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролар томонидан аниқ далилларга асосланган ва ҳужжат билан тасдиқланган далилларни кўрсатган ҳолда берилган ахборот шундай маълумотлар бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 

 

Бироқ хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш прокуратура, ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан ҳам қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлганда терговчи қарори асосида ўтказилиши мумкин. Бу ҳолда текширув фақат хўжалик юритувчи субъектнинг қўзғатилган жиноий иш билан боғлиқ фаолиятни қамраб олиши керак ва бу ҳақда текширувни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши лозим.

 

 

Қанчалик тез-тез текширишлари мумкин? Кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларини режали текшириш 4 йилда бир мартадан, бошқа тадбиркорлик субъектларини эса 3 йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда ўтказилиши мумкин. Банклар ва бошқа молия институтларини режали текшириш 5 йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади.  

 

 

Шундай даврлар ҳам борки, унинг давомида режали текширувларни ўтказиш мумкин эмас. Мисол учун, кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари барпо этилган пайтдан бошлаб эътиборан 3 йил мобайнида текширилмайди. Шу билан бирга, агар кичик тадбиркорлик субъекти акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқариш билан шуғулланса ёхуд ўз фаолиятида бюджет ва марказлаштирилган маблағ ва ресурслардан фойдаланса, у ҳолда кўрсатилган имтиёзли давр 2 йилгача қисқаради.

 

 

Текширувчилар текширувни ўтказиш учун тадбиркорлик субъектига қандай ҳужжатларни кўрсатиши керак? Текширувни ўтказиш учун текширувчилар Кенгаш ёки унинг ҳудудий бўлинмалари қарорини, текширувни амалга оширувчи тегишли назорат қилувчи органнинг текширувчи шахслар таркиби ва текширувни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруқни, шунингдек текширувчилар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.

 

 

Нимани текширишлари мумкин?  Текширув ҳажми (текшириладиган саволлар доираси ва текширув қамраб оладиган давр вақти) унинг хусусиятига боғлиқ.


 

Демак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) Фармонининг 2-банди 4-хатбошига асосан молия-хўжалик фаолиятни текшириш шу фаолият билан боғлиқ бутун саволлар доирасини қамраб олади, бироқ фақат сўнгги молиявий текширувдан кейин келадиган давр текширилиши мумкин. Аксарият тадбиркорлик субъектлари учун текшириладиган давр 3 йилни ташкил қилади. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, агар у ёки бу ҳолат аввал текширилган бўлса, у ҳолда у такроран ўрганилиши лозим эмас.

 

 

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини муқобил текширишга фақат текширилаётган хўжалик субъекти билан ўзаро муносабатлар қисмида йўл қўйилади.  Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қўзғатилган жиноий иш бўйича текширишда ҳам шунга ўхшаш – текширув ҳажми фақат мазкур жиноий ишга тааллуқли фактлар билан чекланади.

 

 

Қанчалик узоқ текширишлари мумкин?   Молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг умумий муддати 30 календарь кунини ташкил этади. Бу муддатни яна 30 календарь кунига узайтириш фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ёки унинг вилоят комиссиялари қарори билан мумкин бўлади.  Шу билан бирга текширув муддатларини узайтиришга кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан йўл қўйилмайди.

 

 

Агар текширув молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаса, у ҳолда у 10 кунгача бўлган муддатда тугатилиши керак.

 

 

Тадбиркорлик субъектлари томонидан аввал назорат қилувчи органлар аниқлаган қонунбузилишларни  бартараф этилишини ўрганишга йўналтирилган текширувлар 1 иш куни мобайнида ўтказилиши керак.

 

 

Текширувчилар билан ўзни қандай тутиш лозим?   Қонунга  мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг ходимлари    текширувчиларнинг  қонуний талабларига биноан текширувни амалга ошириш учун зарур материал ва ҳужжатларни тақдим қилишлари, уларни унинг объектларига қўйишлари, текширувчиларга ўзларини мажбуриятларини ижро этишга кўмаклашишлари керак.

 

 

Текширувчи шахслар ҳаракатларидан норози бўлганда Бош прокуратурага 232-10-07 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

           

 

Самир ЛАТИПОВ,

экспертимиз.

 

 


1 МЖтКнинг  2412-моддасида шунга ўхшаш ҳуқуқбузарлик учун кўзда тутилган маъмурий жарима миқдори 20–60 ЭКИҲни ташкил қилади.

 

2Ўзбекистон Республикасида жиноят содир этилган кун ҳолатига белгиланган энг кам иш ҳақи  миқдори.

 

3Солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъекти тақдим қиладиган ҳисоботни ўрганиш ва таҳлил қилиш йўли билан ўтказиладиган назорат.

 

 

 

 

Валюталар курси

2024-12-14
  • USD:12880.00 (+0.00) сум
  • EUR:13507.26 (+0.00) сум
  • RUB:124.01 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50