Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Электрон режалаштиргич ҳаётни енгиллаштирадими?

09.12.2016

Ахборот технологиялари, гаджетлар ва бошқа турли дастурий таъминотлар асрида яшаётган бўлсак-да, кўп раҳбарлар вазифа ва режаларни қоғозга ёзишда давом этишмоқда. Ёки кўпи билан EXCEL жадвалидан фойдаланишади. Бунинг сабаби оддий “ақлли” мобиль илова билан ишлашни тушуниб олиш учун вақт етишмовчилиги ёки ундан фойдаланишда тажрибанинг муваффақиятсизлик билан якунлангани.

Блокнот ва ён дафтарчалар йўқолиб қолиши, эскириши ёки масалан, қоронғу бинода фойдаланиш учун ноқулайлик туғдириши мумкин. Excel дастури билан мобиль ускуна орқали фойдаланиш ноқулай, унинг функциялари ҳам чегараланган, кўп ишларни қўлда бажариш талаб этилади.

 

Шундай экан балки ўз бебаҳо вақтингизнинг бир неча соати ва ҳаттоки бир неча кунини сарфлаб, келгусида анча кўп вақтингизни тежашга ёрдам берадиган режалаштирувчи дастурларнинг бир нечтасини синаб кўрарсиз. Бундай дастурларни синашга киришишдан олдин уларнинг қандай вазифаларни бажариш учун зарурлиги, қандай шахсий талаб ҳамда истак-хоҳишларни қондириш учун керак эканига аниқлик киритиб олиш даркор.

 

1. Керакли вазифалар тўплами

 

Иши кўп одамга режалаштиргич календарнинг ўзи, муҳим сана ва ҳодисаларни ёдга солиш, қайдлар учун блокнот, ички излаш ва саралаш, смс ҳамда электрон хатлар юбориш зарур бўлади. Шахсий маблағларни ҳисобга олишдан тортиб, бажариладиган вазифаларининг бойлиги билан ажралиб турувчи режалаштиргичлар ҳам мавжуд. Аммо уларнинг керакли ёки кераксиз эканини ҳар бир фойдаланувчининг ўзи ҳал этади.

 

2. Қулай дизайн ва навигация

 

Режалаштиргичдан фойдаланишнинг қулай бўлиши жуда муҳим. Дизайннинг ранглари кўзларни зўриқтирмаслиги, зарур нарсаларни излаш эса кўп вақт талаб этмаслиги керак. Ахборотни киритиш ва сақлаш функциялари қулай бўлиши зарур. Агар дастур жуда оғир бўлса, узоқ вақт юкланса, у ёки бу ойналар секин очилса, дастур “осилиб” қолса ёки ўз-ўзидан қайта ўчиб-ёнса, дарҳол ундан воз кечган маъқул.

 

3. Турли ускуналар ўртасида интеграция

 

Турли ускуналарда биргина дастурдан фойдаланиш имконияти – бебаҳо қулайлик. Уйдаги компьютер, планшет, телефон, ишдаги компьютер – ҳамма ерда биргина дастур туради, фойдаланувчи ўзининг маълумотларини киритиб, турли ускуналардан киритилган барча маълумотларни кўриши мумкин бўлади. Шу тариқа нафақат блокнот, қайдномалар ўтмишда қолади, балки маълумотларни флешкада сақлаш зарурати ҳам йўқолади.

 

4. Хавфсизлик ва техник кўмак

 

Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар орқали турли ускуналар ўртасидаги интеграциялашув, хавфсизлик тизими мустаҳкамланмаган бўлса, электрон почта ёки «булут» билан боғлиқликда ахборот тарқалиши учун “туйнук” ролини ўташи мумкин. Режа ва шахсий қайдларингиз, ҳамкорлар ва ходимларингизнинг телефон рақамлари кенг оммага ёйилиб кетиши ҳеч кимга ёқмайди, албатта.

 

Қийинчиликлар келиб чиққанда техник кўмак хизматига мурожаат этиш имкониятини бугун ўзини ҳурмат қилган ҳар қайси ишлаб чиқарувчи таклиф этмоқда.

 

ЎНЛАБ ОММАБОП ДАСТУРЛАР

 

Бугунги кунда мобиль ускуналар учун Apple Store ёки Play Marketдан ё бўлмаса, дастурий таъминотли мавзуга оид сайтлардан топиш мумкин бўлган электрон режалаштиргичларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Шу билан бирга дастурларнинг шартли равишда бепул таснифлари реклама билан тўлиб-тошган бўлиши мумкинлигига эътибор қаратиш даркор. Баъзан реклама жуда кўп бўлиб, одамнинг ғашига тегади, илова билан ишлашга ҳалал беради. Бундан ташқари, бепул иловаларнинг бажарадиган вазифалари чекланган ёки вақти чегараланган бўлиши мумкин. Чунки улар умуман олганда асосан демо режимида танишиш учун тақдим этилади. Маҳсулотнинг тижорий таснифини сотиб олиш ҳар қадамда рекламага дуч келавериш муаммосидан ҳалос этади,  ишлаб чиқарувчилар томонидан ўйлаб топилган барча имкониятлардан фойдаланиш имконини беради.

 

Режалаштиргич номи

Асосий функциялар

Операцион тизимлар

Any.Do

Вазифалар рўйхати, эслатмалар, лойиҳаларни биргаликда олиб бориш, вазифаларга гуруҳда изоҳ қолдириш, қайдлар, фильтрлар, файлларни экспорт ва импорт қилиш, ҳисоботлар.

Windows, IOS, Android OS

Asana

Вазифалар рўйхати, эслатмалар, лойиҳаларни биргаликда олиб бориш, вазифаларга гуруҳда изоҳ қолдириш, қайдлар, фильтрлар.

Фақат веб

Habitica

Вазифаларни режалаштириш, мақсадларни қўйиш ва уларга эришишга ундовчи ўйинли илова.

Windows, IOS, Android OS

LeaderTask

Вазифалар рўйхати, эслатмалар, синхронизация, почта ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали интеграциялашув, тарқатиш, лойиҳаларни олиб бориш, қайдлар, фильтрлар, ёт файллардан фойдаланиш – жадваллар, фото ва бошқалар.

Windows, IOS, Android OS

MyLifeOrganized

Вазифалар ва кичик вазифалар рўйхати, эслатмалар, синхронизация, почта билан интеграциялашув, тарқатиш, лойиҳаларни олиб бориш, қайдлар, фильтрлар.

Windows, IOS, Android OS

NirvanaHQ

Вазифалар ва кичик вазифалар рўйхати, эслатмалар, синхронизация, лойиҳаларни олиб бориш, қайдлар, фильтрлар, файлларни экспорт ва импорт қилиш, ҳисоботлар.

Windows, IOS, Android OS

Remember The Milk

Вазифалар ва кичик вазифалар рўйхати, эслатмалар, синхронизация, почта ва ижтимоий тармоқлар билан интеграциялашув, лойиҳаларни биргаликда олиб бориш, қайдлар, фильтрлар.

Android OS, iOS, BlackBerry 10

To Round

Вазифалар ва кичик вазифалар рўйхати, эслатмалар, синхронизация, қайдлар, фильтрлар.

IOS, Android OS,

ToDoIst

Вазифалар ва кичик вазифалар рўйхати, синхронизация, почта билан интеграциялашув, тарқатиш, лойиҳаларни олиб бориш, қайдлар, фильтрлар, ишлаб чиқаришни баҳолаш, ёт файллар импорти – жадваллар, фото ва бошқалар.

Windows, IOS, Android OS, Mac

WunderList

Вазифалар ва кичик вазифалар рўйхати, эслатмалар, синхронизация, почта билан интеграциялашув, тарқатиш, лойиҳаларни олиб бориш, қайдлар, фильтрлар

Windows, IOS, Android OS, Mac

 

* Рўйхатда келтирилган қатор режалаштиргичларнинг камчиликларидан бири уларнинг фақат инглиз тилида эканидир. Агар мақсад қилиб қўйилса, рус тилида ҳам талай электрон режалаштиргичларни топиш мумкин. 

 

Мақоланинг сарлавҳасида берилган саволга жавоб излар эканмиз, айтиш жоизки, режалаштиргич маълум фойдаланувчининг истак ва мақсадларидан келиб чиқиб тўғри танланган тақдирда ҳақиқатан ҳам ҳаётни енгиллаштиради, агар фойдаланувчига тўғри келмаса ёки аввал-бошданоқ техник жиҳатдан носоз бўлса, ҳаётни мураккаблаштиради. Бугун бозорда мобиль телефонлар учун электрон режалаштиргичдек тор доирада ҳам турли таклифлар бисёр.

 

Яна бир бор электрон режалаштиргичларнинг қоғоз блокнотлардан асосий афзалликларини эслатиб ўтамиз:

  • электрон режалаштиргичдан киритилган ҳар қандай режалар, қайдларни бир неча маротаба тўғрилаш мумкин;
  • электрон режалаштиргич сана, устуворлиги, тайёрлик даражаси, бошқа муайян контрагент ёки лойиҳа билан боғлиқлиги ва ҳоказога кўра саралаш имкониятини беради;
  • агар шундай режалаштиргич оила аъзолари, ҳамкорларнинг телефонларига ҳам ўрнатилган бўлса, умумий тадбирларни режалаштириш, маълумотларни умумий тарқатиш мумкин бўлади.

 

Демак, афзалликлар очиқ-ойдик кўриниб турибди. Балки ўзингизга мос дастурий маҳсулотни танлаш учун озгина вақт ажратиш фурсати етгандир? У эса сизнинг режаларингизни сақласин, муҳим саналарини вақтида эсга солиб турсин, дабдурустдан келиб қолган янги ғояларингизни тезда қайдлаш имконини берсин, оила аъзоларингиз, ходимларингизга маълумотларни тарқатсин … Сизнинг фаолиятингиз эса янада маҳсулдор бўлаверсин!

 

Саида Жонизоқова,

ўз мухбиримиз.

 

Мавзуга оид материал:

 

Бизнес учун энг қулай мобиль иловалар

 

 

 

Валюталар курси

2024-05-03
  • USD:12670.05 (+0.00) сум
  • EUR:13560.75 (+0.00) сум
  • RUB:138.00 (+0.00) сум