Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Ёш раҳбарлар йўл қўядиган хатолар

14.10.2016

2007 йилда Флорида Университети тадқиқот ўтказди. Унинг натижаларига кўра 40 фоиз иштирокчи “ёмон раҳбар” билан ишлаётганидан нолиган. Сизчи? Шундай бошлиқлар рўйхатига кирмаслигингизга аминмисиз?

Аслида раҳбарнинг қандай бўлиши кераклиги борасида бошлиқ ва ходимларнинг фикри турлича бўлади. Одатда раҳбар ҳар доим яхши бўлишга интилади, жамоага ёқиш учун ҳар нарсага тайёр туради. Айниқса, янги бўлган раҳбар жамоани бир томондан бирлиштирса, иккинчи томондан компаниянинг самарадорлигини оширишга чин дилдан ишонади. Кўп ҳолларда эса хатоликларга бирин-кетин йўл қўя бошлайди...

 

1-хато. Мукофотлар, совғалар, имтиёзлар

 

“Мана, сизга мукофот! Сизга эса совғалар! Қисқартирилган иш куни керакми?! Мени уялтириб, панд бериб қўймасангиз бўлгани”. Бундай ёндошув ходимларга  албатта ёқиб тушади. Аммо мукофотларни пешона тери тўкиб, сидқидилдан меҳнат қилиб, топиш керак. Уларни иш бажаришдан олдиндан берсангиз, вақт ўтмай, ходимлардан қарздордай бўлиб қоласиз. Яна, яна ва яна кўпроқ мукофотларни сиздан кутишади, талаб қилишади ҳам.... Шу боис ходимларни аниқ арзигулик иш бажариб бўлганидан кейин рағбатлантиришга ўрганинг.

 

2-хато. “Арзимас” тартиббузарликлар

 

Ходимларнинг интизом қоидаларини мунтазам равишда бузишларига бепарво қараш ижобий натижага олиб келмаслиги тайин. Кўп ҳолларда ходимларни дангасалик сари етаклайди. Айниқса, раҳбарлик тизгинларини эндигина қўлга олаётган вақтингизда бу борада қатъиятлиликни  намоён этиш даркор. Ахир, тартиб-қоидалар уларни бузиш учун эмас, риоя этиш учун чиқарилган. Бирор қоида Сизга ёқмаса, тўғри келмаса, эскирган бўлса, уни қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкин. Лекин бузиш эмас! Ёдингиздан чиқмасин, ташкилотда ходимлар раҳбар томонидан ўрнатилган тартибларни бузишдан қўрқишлари керак, раҳбарнинг ўзидан эмас... Шу ўринда машҳур мультфильмдаги қаҳрамоннинг сўзлари ёдга тушади: “Мендан қўрқишини эмас, ҳурмат қилишини истайман!”

 

3-хато. “Қадрин билмас, раҳбарим!”

 

Ходимлар билан ҳар қандай масала бўйича осон ва енгил муносабатга киришадиган раҳбар ўзининг обрўсини йўқотиб қўйиши мумкин. Ходимлар билан доимий тарзда норасмий шаклда ва шароитда суҳбатлашавериш раҳбарнинг қадрини, салобатини йўқотади, бошқарувчилик иродасини туширади. Натижада ижро тартибига путур етади. Ходимлар энди менга ҳамма нарса мумкин деб ўйлаши мумкин. Шу алпозда давом этаверса, аҳвол ҳатто бетакаллуфларча муносабатга ўтишларигача бориб етиши ҳеч гап эмас.

 

4-хато. “Ҳар кунингиз байрам бўлсин...”

Ҳуда-беҳудага байрам ташкиллаштираверманг. “Айтишларича, жипслаштиришга ёрдам берармиш” тамойили асосида иш кўриш керак эмас. Ҳақиқатда ҳам натижа чиқаётганини ўз кўзингиз билан кўриб, амин бўлсангиз, бошқа гап. Компания ҳисобидан байрам ўтказиб бўлингач, ходимлар чекка-чеккада йиғилишиб: “Ундан кўра 200 мингдан мукофот пули беришса бўларди”, деб шипшишмайди дейсизми?

 

Бундан ташқари:

 

Ходимларингиз бажариши керак бўлган ишни зиммангизга олманг. Ҳамма ўз вазифасини уддалаши керак. Аммо ҳақиқатда ҳам бажарилиши ўта мушкул бўлган ишда албатта ёрдам қўлини чўзинг.

 

Меҳрибончилик ортида нима бор?

 

Нега раҳбарлар ходимлар билан яқин дўстона муносабатда бўлишга интилади? Бунинг сабаблари бир нечта. Баъзилар яхши натижаларни қўл остидаги ишчилар билан бўлишгиси келади. Бошқалар ёмон кунларда бирдам бўлишлари учун ходимларга яқинлашишади. Кимлардир учун иш — бу ҳаёт. Шу боис ҳам шахсий ҳаётдаги муносабатларни ишда қуришга тиришишади. Кўпчилик яккаланиб қолишдан чўчийди. Ютқазиб қўйишдан қўрқиб, жамоа билан “дўстлашадиган” раҳбарлар ҳам учраб туради. “Яхши” одам бўлишга интилиш ҳам шу рўйхатдан ўрин олган. Шунингдек, “бой ҳосил олиш” илинжида одамлар билан яқин муносабатда бўладиганлар ҳам бор. Бундайлар ходимлар “яхши бошлиқ учун яхшилаб ишлашади” деб ўйлашади.

 

Дўстликнинг нархи қанча?

 

Раҳбар ва ходим ўртасида масофанинг йўқолиши кўп ҳолларда ачинарли оқибатларга олиб келади. Субординация йўқолади. Ходимлар ҳиссиётларга берилиб иш кўришади. Ҳиссиётлар орқали эса сизни бошқаришга уринишади. Ўзаро талабчанлик йўққа чиқади, ижро интизоми бузилади. Кечагина турмуш ташвишлари ҳақида дилдан суҳбатлашиб ўтирган одамингиздан иш талаб қилиб бўлармиди? Унга қанчалик оғир эканини биласиз-ку ахир!

 

Жавобгарликнинг юки оғир

 

Ёдингизда бўлсин: агар ташкилотингизни юқорида санаб ўтилган усулда юритишни бошлаб “ишонса бўладиган одамлар”ни тўплашни истасангиз, хато қиласиз. Ҳақиқатда ҳам ишонса бўладиган одамлар жуда кам. Тўғриликни, интизомлиликни, виждонлиликни бепарволик билан, кўнгилчанлик билан тарбиялай олмайсиз. Қатъий, талабчан ва адолатли раҳбаргина ходимларининг ҳурматига сазовор бўла олади.

 

Одил, уддабурон, ақл-фаросатли раҳбар бўлиш осон эмас. Бунинг учун одамда билим, тажриба, сабр, етакчилик қобилияти бўлиши керак. Акс ҳолда ғалвир сувдан кўтарилган пайт билиб-билмай қилинган барча хатолар учун жавоб беришга тўғри келади. Жавобгарликнинг эса юки оғир!

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз

Валюталар курси

2024-04-23
  • USD:12711.00 (+0.00) сум
  • EUR:13538.49 (+0.00) сум
  • RUB:136.31 (+0.00) сум