Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Франчайзингга бухгалтерлик ёндошуви

15.09.2015

Интеллектуал мулк тушунчаси таркибида кенг тарқалиб бораётган объектлардан бири – бу франчайзингдир. Франчайзинг бугунги кунда жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Республикамизда тадбиркорликни янада ривожлантириш ва иқтисодиётни юксалишида тез ва замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда хизматларни кўрсатишда шубҳасиз франчайзинг аҳамиятга эга.


Аввало ушбу тушунчанинг моҳиятини англаб олиш лозим бўлади. Франчайзинг ёки франчайз – бу товар белгисини ва технологияларни бошқа шахс (тадбиркорга)га сотиш ёки вақтинчалик фойдаланишга беришдир. Франчайз доирасидаги муносабаталарда икки шахс иштирок этиб, товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини сотувчи шахс франчайзер ҳамда товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олувчи шахс эса франчайзи деб номланади. Франчайзинг амалда фаолият юритаётган хўжалик субъектининг ишчанлик қобилияти (имижи) ва синалган барча технологияларини сотиб олиш ёки фойдаланиш ҳуқуқини англатади. Ушбу жараёнлар пул маблағлари тўловлари эвазига барча технологиялар билан бирга тажриба ва билимларни бериш билан амалга оширилади.


 

Демак, франчайзер бир томондан ўз ҳамкорларига фаолият соҳасининг истеъмол сегментини танлаш, савдо тармоғини ташкил этиш, самарали реклама қилиш, малакали кадрларни тайёрлашда ёрдам берса, иккинчи томондан эса бошқарув ва савдо муомалаларини ташкил этиш бўйича маслаҳат беради.

 

Ўзбекистонда франчайзингни амалга оширишнинг норматив-ҳуқуқий базаси яратилган. Жумладан, бу Фуқаролик кодексида комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси (франшизинг) номи билан аталади. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича бир тараф иккинчи тарафга ҳақ эвазига лизензияларнинг фирма номидан, ҳамда муҳофаза қилинадиган тижорат ахборотидан, шунингдек шартномада назарда тутилган мутлақ ҳуқуқларга кирувчи бошқа объектлардан лицензиатнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқини ўз ичига оладиган мутлақ ҳуқуқлар комплексини бериш мажбуриятини олади1.  

 

Республикамизда франчайзингни ривожланиши ҳали илк босқичда турибди. Шуни таъкидлаб ўтамизки, франчайзерлар томонидан франчайзиларга товар ёки хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш жараёнлари чекланган доирада амалга оширилмоқда. Масалан, бундай франчайзилар таркибига ресторан хизматлари бўйича («Sim-Sim», «Бек», «Irish Pub», «Caravan»), тез овқатланиш бўйича («Drujba Burger» ва «Blinoff»), салқин ичимликлар бўйича («Coca-Cola», “Pepsi”), савдо хизматлари бўйича (“Kvartal”, “Smart”, «Korzinka.uz»), идора учун зарур товарлар бўйича («Офис маркет – канцелярия буюмлари», “Kanstovar.uz" бренди остида), тиббий хизматлар бўйича (“Farmed”) каби келажакда франчайзни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган брендларни киритиш мумкин2.

 

Бизнинг фикримизча, франчайз қуйидаги кўринишларда бўлиши мумкин:

 

Оддий франчайз – франчайзер товарлар ва хизматлар кўрсатиш белгиларидан шартномада белгиланган доирада фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади, бунда айни бир франчайзни маълум худуд доирасида фақат бир эмас, балки бир нечта франчайзиларга бера олади. Масалан “Ўзавтотеххизмат”  автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича ҳуқуқларидан фойдаланишни Республикамиздаги барча вилоятлар ва туманлар бўйича жами 100 дан ортиқ корхоналарга бериши мумкин. АҚШда 2000 дан ортиқ франчайзер фаолият юритаётган кичик бизнеснинг 60 фоизини қамраб олган3.

 

Махсус франчайз - франчайзи товар белгиси ва хизматлар кўрсатиш белгиларидан фойдаланишда танҳо ҳуқуқни қўлга киритади. Бунда, франчайзер эса буни  ушбу ҳудудда қўллай олмайди ва бошқаларга ўз номидан сота олмайди. Масалан, “Nestlé” минерал сувларини ишлаб чиқариш фақат бир вилоят ҳудудида амалга оширилади. Республиканинг бошқа ҳудудларида франчайзер минерал сувларни ишлаб чиқариш ҳуқуқини сотиш имкониятига эга эмас.

 

 

Тўлиқ франчайз - бунда товар белгилари ёки объектлардан фойдаланиш тўлиқлигича франчайзилар қўлига берилади. Франчайзер эса ундан мустақил фойдалана олмайди. Бундай қоида товар белгиларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган муддат ичида амал қилади ва ҳуқуқ муайян нархда сотилади. Масалан, “Divine Eau de Toilette” фирмаси ўз косметика маҳсулотларини реализация қилиш учун маълум бир муддатга “Gehwol” фирмасига мутлақ фойдаланиш ҳуқуқини беради. Бунда мутлақ ҳуқуқ келишилган нарх бўйича реализация қилинади.  

 

Биз франчайзни бухгалтерияда ҳисобга олиш тартиби ҳақида тўхталиб ўтамиз.

 

Франчайзни киримга олиниши ҳисоби.

 

Маълумки, амалдаги бухгалтерия ҳисоби қоидаларига мувофиқ ҳақ эвазига сотиб олинган франчайз бухгалтерия ҳисобига бошланғич қиймати бўйича қабул қилинади (“Интеллектуал мулк объектларини қабул қилиш-топшириш далолатномаси” асосида)4. Франчайзнинг бошланғич қиймати қуйидаги харажатлардан ташкил топади:

 

- сотиб олиш шартномасига мувофиқ ҳуқуқ эгасига тўланган суммалар;

- сотиб олиш муносабати билан рўйхатдан ўтказиш йиғимлари ва давлат божлари;

- франчайзни етказиб бериш таваккалчилигини суғурталаш харажатлари;

- франчайзни олиш билан боғлиқ ахборот-маслаҳатлар учун тўловлар;

- франчайздан мақсадга кўра фойдаланиш учун уни яроқли ҳолатга келтириш билан боғлиқ харажатлар.

 

Бухгалтерия ҳисобида франчайз харид қилиш билан боғлиқ  харажатлар 0830 “Номоддий активларни харид қилиш” счётининг дебети бўйича акс эттирилади. Балансга олинган франчайз 0460 счётнинг дебети ва 0830 счётнинг кредити билан корреспонденцияда акс эттирилади.5

 

1-мисол. “Пазанда” фирмаси қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида “Шох” фирмасидан ҳар томонлама синалган ишлаб чиқариш технологиялари ва ноу-хаудан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олди.  Франчайзнинг харид қиймати (ҚҚС билан бирга) – 3000 минг сўмдан иборат. “Пазанда” фирмаси томонидан қуйидаги ўтказмалар берилади:

 

Қандолатчилик технологиясига бўлган мутлақ ҳуқуқ сотиб олинди:

Дебет 0830 “Номоддий активларни харид қилиш” (франчайз) счёти – 3000 минг сўм.

Кредит 6010 Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар (“Шох” фирмаси) – 3000 минг сўм.

 

Қандолатчилик технологияси сотувчисига тўловни акс эттирилиши:

Дебет 6010 Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар (“Шох” фирмаси)– 3000 минг сўм.

Кредит 5110 Ҳисоб-китоб счёти – 3000 минг сўм.

 

Қандолатчилик технологиясидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич қиймати белгиланиб, (франчайз кўринишида) фойдаланишга топширилганда:

Дебет 0460 “Франчайз” счёти (Қандолатчилик технологиясидан фойдаланиш ҳуқуқи) – 3000 минг сўм.

Кредит 0830 “Номоддий активларни харид қилиш” счёти – 3000 минг сўм.

 

Франчайзнинг бошланғич қиймати қуйидаги ҳужжат билан расмийлаштирилади ( бухгалтерия ўтказмасига асос).

 

 

                                                                                                                                             1-Жадвал

Франчайзни қабул қилиш-топшириш

ДАЛОЛАТНОМАСИ

 

Топширувчи

Олувчи

Дебет

Кредит

Бошлан-ғич қиймати

Фойда-ланиш муддати

Амортизация

 

Меъёри

Харажат объекти


Ташкилот

Бўлинма

Счёт, ишчи счёт

Счёт, ишчи счёт

 

1

2

3

4

5

6

7

8

 

“Шох”

фирмаси

Қандолат-чилик

0460

0830

3.000.000

3 йил

33,3%

2010

 

 

 

Агар франчайзи товар белгиси ёки хизматлар кўрсатиш белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини франчайзердан мутлақ сотиб олмасдан белгиланган муддат доирасида фойдаланганда (мутлақ ҳуқуқ франчайзерда сақланиб қолганда) франчайзи томонидан ўзининг маблағлари (интеллектуал мулк объекти) таркибига киритилмайди. Бундай ҳолларда ҳуқуқдан фойдаланиш бўйича шартномада кўрсатилган баҳода 015 - “Фойдаланишга олинган номоддий активлар” балансдан ташқари счётда ҳисобга олиниши кўзда тутилган.

 

Фуқаролик кодексида комплекс тадбиркорлик лицензияси (франчайзинг) шартномаси бўйича ҳақ тўлаш шакли белгиланган бўлиб, унда лицензиат (франчайзи) лицензиарга (франчайзер) қатьий белгилаб қўйилган бирйўла ёки даврий тўловлар, тушумдан ажратмалар, лиценциар томонидан унга қайта сотиш учун етказиб бериладиган товарларнинг улгуржи нархларига устамалар шаклида ва шартномада кўрсатилган бошқа шаклларда тўлайди.6

 

Бунда франчайздан фойдаланувчи хўжалик субъектлари интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловларни ҳисобот даври харажатлари сифатида акс эттиришлари, яъни улар ҳисобнинг даромадлар ва харажатларни тан олиш тамойилига кўра, ўша вақтнинг ўзида тан олиниши керак. Шунингдек, франчайз бўйича фойдаланиш ҳуқуқлари келгуси давр харажатлари сифатида акс эттирилиб, шартнома амал қиладиган давр мобайнида харажатлар кўринишида ҳисобдан чиқарилади. Масалан, “Kanstovar.uz” бренди томонидан франчайзилар учун қуйидагилар таклиф қилинади:

 

                                                                                                                                                2-Жадвал

Франчайзинг бўйича таклифлар7

 

Кўрсаткичлар

Қиймати (сўм)

“Farmed”

“Kanstovar.uz”

1

Инвестициялар ҳажми

2.000.000

5.000.000

2

Роялти

500.000 (хар ойда)

300.000 (ҳар ойда)

3

Паушал тўловлар (бир маротаба бошланғич)

2.000.000

3000.000

4

Франчайздан фойдаланиш муддати

6-12 ой

6-12 ой

5

Жойлашув бўйича қўйилган талаблар

Шаҳарнинг марказий кўчаларида  жойлашган 50 кв.м.дан кам бўлмаган

Шаҳарнинг марказий кўчаларида алоҳида жойлашган 30 кв.м.дан кам бўлмаган

 

 

2-мисол. “Kanstovar.uz” ўзининг канцелярия буюмларини реализация қилиш учун “Камалак” фирмасига 8 ой муддатга номутлақ фойдаланиш ҳуқуқини беради. Реализация билан шуғулланиш ҳуқуқининг баҳоси – 5.000 минг сўм. “Камалак” фирмаси ҳар ойда роялти тўловларини амалга оширади ва қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари билан расмийлаштирилади.

 

1.  Канцелярия буюмларини реализация қилиш ҳуқуқининг олиниши:

Дебет 015 “Фойдаланишга олинган номоддий активлар”  (франчайз) счёти – 5000 минг сўм (балансдан ташқари счётлар балансга тегишли бошқа счётлар билан корреспонденция қилинмайди).

 

2. Канцелярия буюмларини сотиш бўйича фойдаланиш ҳуқуқи учун олдиндан тўловлар:

Дебет 6930 “Роялти бўйича қарз” счёти -300 минг сўм.

Кредит 5110 “Ҳисоб-китоб счёти” – 300 минг сўм.

 

3. Канцелярия буюмларини сотиш бўйича фойдаланиш ҳуқуқи харажатлар ҳисобига олиб борилди:

 Дебет 9410 “Сотиш харажатлари” ёки 9420 “Маъмурий харажатлар” счёти – 5000 минг сўм

Кредит 6990 “Бошқа мажбуриятлар” счёти – 5000 минг сўм.

 

4.  Роялти бўйича қарзларнинг ёпилишига:

Дебет 6990 “Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар” (роялти) счёти– 300 минг сўм.

Кредит 6930 “Роялти бўйича қарзлар” счёти -300 минг сўм.

 

5. Реализация қилиш ҳуқуқининг ҳисобдан чиқарилиши (лизензия шартномасининг амал қилиш муддати тугалланган)

 

Кредит 015 “Фойдаланишга олинган номоддий активлар” (франчайз) счёти – 5000 минг сўм (биринчи муомала акс этган балансдан ташқари счётнинг ёпилиши).

 

Франчайзни қайта баҳолаш ҳисоби.

 

Франчайзи товар ёки хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини мутлақ сотиб олган бўлса (балансига олиниши), ҳар бир ҳисобот даврида қайта баҳолашни амалга ошириши керак. Бунда қайта баҳолаш натижасида франчайзингнинг қўшимча баҳоланган суммаси резерв капитали таркибига “Мулкни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счёти (8510)га ўтказилади.

 

Шунингдек, қайта баҳолаш натижасида франчайз қийматининг камайиш суммаси аввалги ҳисобот даврларида ўтказилган ушбу объектнинг қўшимча баҳолаш суммаси чегарасида “Мулкни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счёти бўйича резерв капиталини камайтиришга олиб борилади. Объект қийматининг камайиш суммасининг унинг қўшимча баҳолаш суммасидан юқориси бошқа операцион харажатларга киритилади. Демак, франчайзни қайта баҳолаш унинг баланс қийматини бозор қийматига мослаштириш  мақсадида амалга оширилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, франчайзнинг бозор қийматини аниқлаш имкони бўлмаса, у холда қайта баҳолаш ўтказилмайди.

 

Амалдаги бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларида номоддий активларнинг (интеллектуал мулк объектлари) қайта баҳолаш натижалари номоддий активларни қайта баҳолаш амалга оширилган жорий даврда молиявий ҳисоботда акс эттирилади деб белгиланган8. Лекин молиявий ҳисоботлар (бухгалтерия)да баланс (1-шакл) дан ташқари бошқа ҳисобот шаклларида интеллектуал мулк ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти йўқ. Бизнинг фикримизча, интеллектуал мулк объектлари, жумладан, франчайз ҳақидаги маълумотларни молиявий ҳисоботда қўшимча тарзда “Интелектуал мулк объектлари ҳаракати тўғрисидаги” ҳисоботни киритиш керак деб ҳисоблаймиз.

 

3-мисол.  “Пазанда” фирмаси қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида “Шох” фирмасидан харид қилиб олинган ҳуқуқ (франчайз) бўйича (бошланғич қиймати - 3000 минг сўм) қайта баҳолашни ўтказди. Қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи бошқа бир фирманинг молиявий ҳисобот маълумотларида франчайзни қиймати 4500 минг сўм баҳоланган. У ҳолда қайта баҳолаш коэффициенти 1.5 (4500/3000) тенг. Фирма бухгалтерия счётларида қуйидагича акс эттирилади:

 

1. Франчайзингнинг бошланғич қийматига:

Дебет 0460 “Франчайз” счёти – 1500 минг сўм.

Кредит 8510 “Активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счёти  – 1500 минг сўм.

Франчайз  қайта баҳоланаётган санада унинг амортизация суммаси ҳам қайта баҳоланиши лозим (амортизация суммасига тузатиш киритилади). Масалан, франчайзга ҳисобланган амортизация суммаси 1000 минг сўм.

 

2. Франчайзнинг амортизация қийматига:

Дебет 8510 “Активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счёти  – 500 минг сўм.

Кредит 0460 “Франчайз” счёти – 500 минг сўм.

Активларнинг қайта баҳоланиши бухгалтерия балансига ўз таъсирини кўрсатади.

 

                                                                                                                                            3-Жадвал

Франчайзни қайта баҳолашда балансдаги ўзгариш

 

Баланс моддалари

Баланс

Қайта баҳолашдан аввал

Қайта баҳолашдан сўнг

1

Асосий воситалар

10000.0

10000.0

2

Франчайз

3000.0

4000.0

3

Франчайз амортизацияси

(1000.0)

(1500.0)

4

Товар-моддий захиралари

800.0

800.0

5

Пул маблағлари

300.0

300.0

 

Жами активлар

13100.0

13600.0

6

Устав капитали

7000.0

7000.0

7

Резерв капитали

-

500.0

8

Мол етказиб берувчилар

5000.0

5000.0

9

Банк кредити

1100.0

1100.0

 

Жами пассивлар

13100.0

13600.0

 

Франчайзга амортизация ҳисоблаш тартиби.

 

Мутлақ ҳуқуқлар (франчайз) сотиб олинганда франчайзи томонидан франчайзинг қиймати амортизация ҳисоблаш йўли билан камайтирилади (контр-актив счёт асосида). Демак, франчайзни амортизацияланадиган қиймати фойдали хизмат муддати мобайнида фирма харажатларига (ишлаб чиқариш ёки давр харажатлари) амортизация ажратмалари кўринишида мунтазам тақсимлаб борилади. 

 

Франчайзнинг фойдали хизмат муддатини белгилашда қуйидаги омилларни эътиборга олиш лозим бўлади:

 

биринчидан, франчайздан кутилаётган фойдали хизмат муддати;

 

иккинчидан, ишлаб чиқаришни модернизациялаш натижасида ёки мазкур франчайз асосида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматларни кўрсатишда бозор талабларининг ўзгариши натижасида технологик жиҳатдан эскириш;

 

учинчидан, франчайздан фойдаланишдаги ҳуқуқий чекловлар (фойдаланиш муддати тугаши билан боғлиқ чекловлар).

 

Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартида фойдали хизмат муддатини белгилаш мумкин бўлмаган номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари меъёри беш йил ҳисобида белгиланиши кўрсатилган9. Шунингдек франчайзнинг фойдали хизмат муддати, агарда Республикамиздаги қонун ҳужжатларида бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, франчайздан фойдаланиш вақтидан бошлаб фирманинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмаслиги лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, амалдаги Солиқ кодекси (ЎзР СК) ёки бухгалтерия ҳисобига доир норматив ҳужжатларда интеллектуал мулк объектлари (франчайз)нинг йиллик амортизация меъёрлари (худди асосий воситалар каби, ЎзР СКнинг 144-моддаси) шакллантирилмаган. Бу эса фирма “Ҳисоб сиёсати”да интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ амортизацияни ҳисоблаш тартиблари (усулларни танлаш)ни белгилашда ўзига хос муаммоларга дуч келмоқда.

 

Франчайз бўйича амортизация ҳисоблашда қуйидаги усуллардан бири фирманинг “Ҳисоб сиёсати”да белгилаб олиниши керак10.

 

 - амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш. 

 

Бунда франчайзни фойдали хизмат муддати мобайнида амортизацияланадиган суммадан келиб чиққан ҳолда тенг улушларда ҳисобланади ва тегишли харажатларга тенг маромда ҳисобдан чиқарилади.

 

- бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда амортизацияни ҳисоблаш (ишлаб чиқариш) усули. 

 

Ишлаб чиқариш усули ҳар бир муайян йилда франчайздан  фойдаланишдан олинадиган маҳсулотлар ёки хизматларни ҳисобга олишга асосланган. Маҳсулот сифатида ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони, ишланган соатлар сони ва бошқалар олиниши мумкин.

 

Франчайздан интенсив фойдаланилганда жадаллаштирилган амортизацияни қўлланилади:

 

 - икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули; 

 

Амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ҳисобот йили бошидаги франчайзни қолдиқ қийматидан ва фойдали хизмат муддатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган амортизациянинг икки баравар меъёридан келиб чиқиб аниқланади.

 

- йиллар суммаси усули (кумулятив усул). 

 

 Бунда ҳар йили амортизация меъёри амортизация муддати охирига қадар қоладиган амортизацияланадиган қийматга улуш сифатида аниқланади. Улуш амортизация ажратмалари тугагунига қадар қоладиган тўлиқ йиллар сонини амортизация муддатини ташкил қиладиган йиллар тартиб сонлари йиғиндисига нисбати асосида аниқланади.

 

4-мисол.  “Пазанда” фирмаси қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида “Шох” фирмасидан харид қилиб олинган (бошланғич қиймати - 3000 минг сўм) ҳуқуқ (франчайз)дан фойдаланиш муддатини уч йил деб ҳисоблайди. Амортизациянинг тўғри чизиқли усулини қўллайди. Демак, франчайз қиймати фойдали хизмат муддатидан келиб чиққан ҳолда тенг улушларда ҳисобланади. Амортизациянинг йиллик суммаси 1000 минг сўм (3000/3). Амортизациянинг йиллик меъёри 33,3% га (1000/3000*100%) ва ойлик меъёри 2,77га (33,3/12) тенг. Буни қуйидаги жадвал кўринишида ифодалаш мумкин:

 

Бухгалтерия ҳисоби счётларида франчайзга ҳисобланган амортизация қуйидагича акс эттирилади:

 

Дебет “Харажатларни ҳисобга олувчи тегишли счётлар” (2010, 2310, 2510, 9400) - 1000 минг сўм.

Кредит 0560 “Франчайз амортизацияси” счёти  – 1000 минг сўм.

 

                                                                                                                                                 4-Жадвал

Франчайзга тўғри чизиқли усулда амортизация ҳисоблаш (минг/сўм)

 

Йиллар

Бошланғич қиймат

Амортизация суммаси (йиллик)

Жамғарилган амортизация суммаси

Қолдиқ қиймати

0460  счёт

2010, 2310, 2510, 9400 счётлар

0560 счёт

0460 счёт

1-йил

3000

1000

1000

2000

2-йил

3000

1000

2000

1000

3-йил

3000

1000

3000

0

 

 

Ушбу усул асосида франчайзга ҳар ойда амортизация ҳисоблаш қайдномаси тузилади. Қайдномани тўлдириш тартиби фирманинг “Ҳисоб сиёсати” (услубий бўлими)да белгилаб олинган бўлиши лозим.

 

 

                                                                                                                                                5-Жадвал

Франчайзга амортизация ҳисоблаш қайдномаси

 

ИМО номи

Амортизация

Ҳисобланган сумма

Харажат объекти

усули

йиллик меъёри

Йиллик

Ойлик

1

2

3

4

5

6

7

1

Франчайз

Тўғри чизиқли

33,3

1000

83,3

2010 ёки 9420 счётлар

 

 

Франчайзни ҳисобдан чиқариш ҳисоби.

 

Франчайз муддати тугаганидан сўнг фирма балансидан тўлиқ чиқарилади. Франчайз қуйидаги холатларда ҳам ҳисобдан чиқарилиши мумкин:

- тугатиш;

- сотиш;

- айирбошлаш;

- текин бериш;

- устав капиталига улуш сифатида бериш;

- камомад ёки йўқотишнинг аниқланиши.

 

Ҳисобдан чиқарилаётган франчайз бўйича молиявий натижани аниқлаш муҳим ахамиятга эга. Франчайзнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қийматини, франчайзнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқлар ва харажатларни чегириб ташлаш асосида аниқланади.

 

Франчайзни чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани (фойда ёки зарарни) аниқлаш чоғида илгари қайта баҳоланган франчайзни қўшимча баҳолаш суммаси, яъни мазкур франчайзни илгариги қўшимча баҳолашлар суммасининг олдинги қийматнинг камайиши суммасидан юқориси бир вақтнинг ўзида “Мулкни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счёти бўйича резерв капиталини камайтириш билан франчайзни чиқиб кетишидан кўрилган даромад сифатида "Бошқа активларнинг чиқиб кетиши" счёти кредитига олиб борилади.

 

5-мисол. “Пазанда” фирмаси қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида “Шох” фирмасидан харид қилиб олинган (бошланғич қиймати - 3000 минг сўм) ҳуқуқ (франчайз)ни уч йилдан сўнг (тўлиқ амортизация ҳисобланган) ҳисобдан чиқарди.

 

1. Франчайзни бошланғич қийматига (Ҳисобдан чиқариш далолатномасига асосан):

Дебет 9220 “Бошқа активларнинг тугатилиши” счёти - 3000 минг сўм.

Кредит 0460 “Франчайз” счёти  – 3000 минг сўм.

 

2. Франчайзни амортизация қийматига:

Дебет 0560 “Франчайз амортизацияси” счёти  – 3000 минг сўм.

Кредит 9220 “Бошқа активларнинг тугатилиши” счёти - 3000 минг сўм.

 

3. Қайта баҳолаш сальдосининг ҳисобдан чиқарилишига:

Дебет 8510 “Активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счёти  – 1000 минг сўм.

Кредит Кредит 9220 “Бошқа активларнинг тугатилиши” счёти - 1000 минг сўм.

 

 

                                                                                                                                             6-Жадвал

Франчайзни тугатиш тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА

 

Номи

Тузилган сана

Коди

Бошланғич қиймати

Ҳисобланган амортизация

Жавобгар шахс коди

1

2

3

4

5

6

Франчайз

05.01.2010 й.

04

3.000.000

3.000.000

031

 

Франчайз инвентаризацияси.

 

Франчайздан фойдаланишга доир ҳуқуқларни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг ҳақиқатда мавжудлигини, балансда франчайзни тўғри ва ўз вақтида акс эттирилганлигини аниқлаш ва уларнинг сақланишини назорат қилиш мақсадида вақти-вақти билан, бироқ икки йилда камида бир марта франчайз инвентаризация қилинади11.

 

Инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча бойликлар бошқа операцион даромадлар сифатида  ва камомад, аниқланган етишмаётган бойликлар айбдор шахслар аниқлангунга қадар камомадлар ҳисобга олинадиган счётда акс эттирилади.

 

Франчайзни молиявий ҳисоботларда акс эттириш.

 

Бизнинг назаримизда ҳисобот даврининг якунида франчайз ҳақидаги маълумотлар молиявий (бухгалтерия) ҳисобот шаклларида ўз ифодасини топиши лозим. Сабаби фирма ўзининг асосий даромади (маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматларни кўрсатиш)га франчайз орқали эришади.

Демак, муайян ҳисобот шаклида маълумотлар тўлиқ, аниқ, ишончли ва ҳар томонлама моҳияти очиб берилган кўринишда шаклланиши лозим12.   

 

Франчайз тўғрисида қўшимча маълумотлар билан шу ерда танишиш мумкин.

 

                                                                                                                                           7-Жадвал

Интеллектуал мулк объектлари ҳолати тўғрисидаги ҳисобот (минг/сўм) 

 

Кўрсаткичлар номи

Бошланғич (қайта тиклаш) қиймати 

Ҳисобланган амортизация

Қолдиқ қиймат

йил бошига

йил охирига

йил бошига

йил охирига

йил бошига

йил охирига

Патент

 

 

 

 

 

 

Лицензия

 

 

 

 

 

 

Товар белгиси

 

 

 

 

 

 

Франчайз

3000

3000

-

1000

3000

2000

ва ҳ.к

 

 

 

 

 

 

 

Ушбу ҳисобот шаклига илова тарзида қўшимча маълумотлар шакллантирилади. Ҳисоботга умумлаштирилган ёзувлар журнал-ордер, Бош китоб ва айланма қайдномадан олинади (маълумотларнинг ишончлилиги таққосланади).

 

Хулоса қилиб айтганда, франчайз  Республикамизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса  франчайзинг ҳақида тасаввурларни шакллантириш билан бирга уларни ўз вақтида тўғри ҳисобини ташкил этиш ва самарали фойдаланишни ҳамда улар ҳисобини молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари талаблари асосида такомиллаштириб боришни тақозо этади.

 

Нурбек  РИЗАЕВ,
“Nоrma”нинг жамоатчи эксперти,
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси
"Бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит” кафедраси мудири

 




1 Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, 50 боб, 862-модда.

2 “fransh.uz” Интернет  сайти маълумоти

3 “Халқаро франчайзинг ассоциацияси” маълумотлари. 2009.

4 “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни. 30.08.1996 й., 9-модда.

5 “Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режаси”. (21-сон БҲМС). ЎР.АВ 12.11.2003 й., 1181-1-сон.

6 Ўзбекистон Республикасининг  Фуқаролик кодекси, 50 боб, 865-модда

7 “fransh.uz”  Интернет  сайти маълумоти

8 “Номоддий активлар” (7-сон БҲМС). Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2005 йил 25 мартдаги 35-сон буйруғи билан тасдиқланган.

9 “Номоддий активлар” (7-сон БҲМС). 44-банд.

10  “Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот” (1-сон БҲМС). 3-банд.

11 “Инвентарлашни ташкил қилиш ва ўтказиш” (19-сон БҲМС). ЎзР МВ 1999 йил 19 октябрь ЭГ/17-19-2075-сон билан тасдиқланган (1999 йил 2 ноябрь, 833-сон билан рўйхатга олинган).

12 Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2002 йил 27 декабрдаги 140-сон буйруғи.

 

 

 

Мавзуга доир мақолалар:

 

Кредитлар учун таваккалчиликнинг фоизи белгиланди

 

Бош бухгалтер кассир мажбуриятларини бажара оладими?

 

Банк-молия академиясига имтиҳонлар қандай топширилади

 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16