Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Электрон тижорат иштирокчилари қандай солиқ ставкаларини қўллайдиларЙўриқнома: ижтимоий солиқ суммасини қайтариш учун ариза қандай бериладиОнлайн-НКМ чекида комитентнинг товарини сотиш, бўнак ва тўловни кечиктириш қандай акс эттирилади

Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жазо чоралари кучайтирилмоқда

04.10.2021

Рус тилида ўқиш

Олий Мажлис Сенатининг XIX ялпи мажлисида сенаторлар томонидан бир қатор қонунлар маъқулланди.

 

Сенат мажлисида «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонунда тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш назарда тутилмоқда.

 

Суд бошқарувчисининг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда. Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан тўловларни амалга оширмасдан фойдаланиш, давлат органларидан қарздор фаолияти бўйича маълумотларни бепул олиш каби янги нормалар киритилди. Фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокатларга ҳам тўловга қобилиятсизлик таомилларини ўтказиш ҳуқуқи берилади. Қарздорнинг (жисмоний шахснинг) ойлик даромадларидан келиб чиқиб, қарзларни тўлов графиги асосида бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ҳужжатда хусусийлаштириш объектлари ва хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари ҳамда хусусийлаштириш субъектлари доираси, ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари белгиланган. Бўш турган ер участкаларини, давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби, ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма, хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматига доир нормалар мустаҳкамланмоқда.

 

Ер участкаси унда жойлашган давлат кўчмас мулк объекти билан бир вақтда хусусийлаштирилган тақдирда, ер участкаси ва кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи учун ягона давлат ордери расмийлаштирилади.

 

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама этилди

 

Қонун профилактика (катта) инспекторларининг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтириш, уларга бириктирилган ҳудудда жиноятлар сонини камайтириш, улар олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширишда ваколатларни кенгайтирмоқда. Кодекс маъмурий иш иштирокчиларининг ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш бўйича янги нормалар билан тўлдирилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Ушбу Қонунга ўз ваколатлари доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш вазифаси киритилди. Қонун божхона аудитини амалга ошириш ва ҳужжатларни текшириш, 30 ёшдан ошган фуқароларни божхона органларининг ихтисослаштирилган таркибий тузилмаларига хизматга қабул қилиш мумкинлигини белгиловчи нормалар билан тўлдирилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги  Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан Жиноят кодексининг ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолияти ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жиноятнинг жазо чоралари кучайтирилмоқда.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар органлари ходими ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаганлик, уларнинг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик ва ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ҳужжатга мувофиқ қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  •  «Прокуратура тўғрисида»ги;
  • «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги;
  • «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги;
  • «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги;
  • «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги;
  • «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги;
  • «Парламент назорати тўғрисида»ги;
  • «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги;
  • «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек Жиноят-ижроия кодексига.

 

Киритилган қўшимчалар билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва ушбу  фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари олдида турган коррупцияга қарши курашишга доир вазифаларнинг самарали амалга оширилиши таъминланади.

 

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турларини содир этиб, жазо муддатини ўтаганларга нисбатан фарзандликка ва васийликка олиш имконияти яратилиши назарда тутилмоқда. Боланинг энг устувор манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахслар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.

 

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Солиқ тўловчилар солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётгани боис, уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилиши назарда тутилмоқда.

 

Божхона кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда, уларда товарларни импорт қилиш билан 3 йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2021-11-26
  • USD:10757.57 (+0.00) сум
  • EUR:12074.30 (+0.00) сум
  • RUB:144.34 (+0.00) сум