Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Мол-мулкни хатлашнинг суд тартиби зарурми?

28.12.2016

Бозор иқтисодиёти шароитларида хўжалик фаолиятининг асоси хусусий мулкдир, унинг дахлсизлиги эса мол-мулкни муомалага киритиш йўлида муҳим рағбатлантирувчи омил ҳисобланади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, жамият учун ҳатто энг фойдали бўлган лойиҳани, агар у учинчи шахс, шу жумладан, давлатга тегишли бўлса, ўз ҳисобидан амалга оширишни истайдиганлар жуда камчиликни ташкил этади.

Шу билан бирга мол-мулкдан осонгина мосуво бўлиш мумкин бўлса, бизнесни бошлаш ёки ривожлантиришга журъат эта оладиганлар ҳам бармоқ билан санарли. Натижада, пуллар ҳеч қандай наф келтирмай туради, уни ривожлантириш учун жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш эса деярли имконсиз бўлади.

 

Худди шу сабабларга кўра мулкдорлар синфини тузиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистонда аллақачон давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ва, бугунги кунга келиб бозор иқтисодиёти  асосларини яратиш ва ривожлантириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.

 

05.10.2016 йилда қабул қилинган ПФ-4848-сон «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон нормалари бажарилган ишлар давомийлигини таъминлади (ҳужжатнинг батафсил шарҳи билан бу ерда танишишингиз мумкин).

 

ПФ-4848-сон Фармоннинг мазмун-моҳиятидан ислоҳотларни келгусида яна давом эттириш учун салоҳият  мавжуд эканлиги англашилади.

 

Шундай қилиб, айни дамда жиноий ишларни тергов қилишда мулк ҳуқуқига оид суд ҳимоясининг  амалий механизми мавжуд эмас. Прокурорнинг рухсатини (санкциясини) олган терговчи суд иштирокисиз тадбиркорлик субъектига тегишли бўлиши мумкин бўлган мол-мулкни хатлаш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин, бу билан унинг хўжалик фаолиятини тўхтатиб туради.

 

Масалан, тадбиркор салқин ичимликларни бутилкаларга қуйиш ускуналарини харид қилиш учун банкдан кредит олди. Кредитни таъминлаш сифатида иккита юк автомобилини гаровга қўйди. Аммо салқин ичимликлар ўрнига мазкур ускунадан фойдаланган ҳолда бутилкаларга ноқонуний равишда ишлаб чиқарилган алкоголь қуйилган, сўнгра банкда гаровга қўйилган юк автомобилларида сотиш жойларига олиб борилган. Мазкур факт бўйича жиноий иш қўзғатилганда терговчи барча мол-мулкни (гаровга қўйилган автомобиллар билан бирга) жиноят қуроли деб топди ва уларни хатлади.

 

Кўриниб турганидек, ушбу вазиятда жиноятга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган учинчи шахс тўлиқ зарар кўриши мумкин. Унинг ўрнида нафақат банк, балки асбоб-ускуна ёки бинони ижарага берувчи бўлиши ҳам мумкин.

 

Шу сабабли жиноий иш доирасида мол-мулкни хатлаш учун суд санкциясини олиш мақсадга мувофиқдек туюлади. Бу тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан мавжуд тартиботларни такомиллаштириш имконини беради. Чунки барча манфаатдор томонлар холис ҳакамга ўз фикр-мулоҳазалари билдиришлари мумкин.

 

“Жиноят қуроли” тушунчасини таърифловчи нормаларга ҳам аниқлик  киритилиши зарур. Ҳозирда у кимга тегишли бўлишидан қатъи назар мусодара қилинади. Бундан ташқари, мазкур тушунча жуда кенг бўлиб, нафақат илм-фанда шаклланган жиноят қуроли тушунчасининг ўзини, балки жиноят воситаси — жиноятни содир этишни осонлаштирувчи, бироқ бевосита унинг ёрдамида жиноят содир этилмайдиган предметни ҳам қамраб олади.

 

Масалан, босқинчилик учун пичоқдан фойдаланилган, пировардида ҳужум қилган шахс автомобилда яширинган. Жиноят ва жиноят-процессуал ҳуқуқи назарияси нуқтаи назаридан пичоқ жиноят қуроли, автомобиль эса  жиноят воситаси ҳисобланади. Аммо қонунчиликка биноан улар барибир жиноят қуроли деб топилади ва мусодара этилади.

 

Жиноят содир этишга алоқадор бўлмаган шахслар учинчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари учун мулкий жавобгарликка тортилмасликлари лозимлиги тўғрисидаги нормани киритиш талаби кўндаланг тургани аён. Чунки жиноий жавобгарлик – индивидуал, у жамоавий эмас. Бундан ташқари, ёки жиноят қуроли тушунчасига аниқлик киритиш ёхуд жиноят воситаси тушунчасини киритиш зарур.

 

Қолаверса, Президент Фармони билан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этиш институтини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу сабабга кўра жиноий муҳокама муносабати билан хатланган мулкни қайтариш ҳақидаги савол вужудга келади. Бизнинг фикримизча, жиноят қуроллари ва воситалари, башарти улар ўзини фуқаролик муомаласидан чиқарилган мол-мулк (қурол, ўқ-дорилар, гиёҳванд моддалар, ҳаёт ва саломатлик учун хавфли маҳсулотлар ва бошқалар) сифатида намоён қилмаса, шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган тақдирда мулкдорга қайтарилиши кераклиги қонунда бир маънода ёзиб қўйилиши талаб этилади.

 

Самир Латипов,
экспертимиз.

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16