Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Олий Мажлис Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди

22.12.2023

Рус тилида ўқиш

2023 йил 20 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Мажлисда «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Муҳокамалар жараёнида 2024 йилда мамлакатимиз иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суратлари 5,6-5,8 фоиз миқдорида бўлиши кутилаётганлиги қайд этилди. Қонунда 2024 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 375,0 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 427,6 трлн сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда консолидациялашган бюджет 52,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 4 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан шакллантирилди.

 

Давлат бюджети даромадлари 270,4 трлн сўмни, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 312,9 трлн сўмни ташкил этди.

 

Кейинги йилда ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирлар учун жами Давлат бюджети харажатларининг қарийб 50 фоизи ёки 151,5 трлн сўм йўналтирилади.

 

Шунингдек, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонунда 2024 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш, ҚҚС занжирининг узлуксизлигини таъминлаш, табиий бойликлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, мутлақ суммада белгиланган солиқ ставкаларининг кутилаётган инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда индексация қилиниши назарда тутилмоқда.

 

Бизнес юритишни соддалаштириш мақсадида солиқ ҳисоботини сақлаш ва солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлари қисқартирилиб, беш йиллик муддатлар уч йил қилиб белгиланмоқда.

 

Солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида ортиқча ҳужжатлар талаб қилмаслик ва уларнинг вақт ҳамда маблағлари сарфланишини камайтириш учун солиқ органларининг солиқ тўловчилардан (солиқ агентидан) ҳужжатлар талаб қилиб олиш ваколати бекор қилинмоқда.

 

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ тўлаши Қонунда назарда тутилмоқда.

 

Сенаторлар «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонунни кўриб чиқди.

 

Қонун билан илгари тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 3 фоиздан 5,5 фоизга ўзгартирилмоқда.

 

Юзага келган қўшимча харажатларни қоплаш мақсадида Қонунда 2023 йил учун Ҳукумат номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми $4,5 млрддан $5,5 млрдга ўзгартирилмоқда.

 

Давлат ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида кўмир ёқилғисига ўтказиш ва модернизация қилиш билан боғлиқ харажатларга 500 млрд сўм ажратилмоқда.

 

Шундан сўнг «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи, шунингдек, давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Шундан кейин «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан Ўзбекистоннинг қонунлари ва кодексларига жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликка тортиш асослари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Хусусан, Кодекс ва қонунлардаги «банкротлик» атамаси ўрнига иқтисодий ночор ҳолатга тушган тадбиркорлик субъектларини молиявий соғломлаштиришни назарда тутувчи «тўловга қобилиятсизлик» атамаси киритилмоқда.

 

Шунингдек, Жиноят кодексида сохта тўловга қобилиятсизлик, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

 

Фуқаролик кодексига жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлигига оид янги норма (261-модда) киритилмоқда. Унга кўра қарздор жисмоний шахс пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаса, суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб топилиши мумкин.

 

Сенаторлар томонидан «Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан Ўзбекистоннинг бир қатор ҳужжатларига фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Қонун билан юридик шахсларни Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тартиб-таомили ҳам соддалаштирилмоқда.

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, адвокатлик бюроларини, адвокатлик фирмаларини ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳамда юридик маслаҳатхоналарни қайта рўйхатдан ўтказиш функциялари адлия органларидан Давлат хизматлари марказларига ўтказилмоқда. Бунда рўйхатдан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божлари миқдорлари ҳам камайтирилмоқда.

 

Сенатнинг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ҳудудида Интернет ва алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга кўчма радиотелефон (радиотелефон, транкли) алоқага тааллуқли лицензияланадиган фаолиятнинг мавжуд кичик турлари республика ҳудудида кўчма йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш каби фаолият тури билан тўлдирилишини, шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органининг номи аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонун билан Солиқ кодексига солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига доир чекловларни бекор қилишни ҳамда судга шикоят қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

Шу билан бирга «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

 

Шунингдек, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланмоқда.

 

Қонун билан дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши назарда тутилмоқда.

 

 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16