Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Суд ҳимояси: алимент ундириш!

28.07.2016

Алимент ундириш тўғрисидаги мурожаатларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиш нафақат болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, балки она-оналар масъулиятини оширишга ҳам кўмаклашади, деб ҳисоблайди Холмўмин ЁДГОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси, Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастури қўшма лойиҳаси миллий координатори.

Ота-оналар боладан алоҳида яшаган тақдирда боланинг тарбияси ва унинг таъминоти масалалари муҳим аҳамиятга эгадир. 1998 йил 1 сентябрдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси (кейинги ўринларда - ОК) оилани мустаҳкамлаш ва вояга етмаган болалар манфаатларини қўриқлашнинг устунлиги тамойилини назарда тутади ва бошқа хил оилавий муносабатлар қатори алимент ундириш масаласини ҳам тартибга солади ва болаларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглигини белгилаб беради.

 

Вояга етмаган болаларга алимент таъминотини ундириш зарурати туғилганда, энг аввало, мазкур масала қонун ҳужжатлари билан қандай тартибга солинганлигини билиш керак.

 

Алимент ундириш ота-она учун маъқул бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар  болаларнинг керакли тарбия ва таъминот олишлари, соғлом улғайишлари учун зарур чора-тадбирлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ушбу масалага дуч келган ота-она вояга етмаган боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини унинг таъминоти орқали ҳимоя қилиш тўғрисида хабардор бўлишлари шарт.

 

Суд тартибида алиментларни ундириш, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ талаблар фуқаролик ишлари бўйича судларда кўп учрайдиган талаблардандир. Ушбу тоифадаги аризаларнинг сони йил сайин ўсиб бормоқда. Жумладан, 2014 йилнинг ўзида республика фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан алимент ундириш билан боғлиқ жами 40 мингтага яқин ариза кўриб чиқилган бўлса, 2015 йилда мазкур кўрсаткич 44 мингтани ташкил этган.

 

Ота-она ажрашишган ёки алоҳида яшаётган тақдирда боланинг моддий таъминоти қандай амалга оширилади?  Вояга етмаган болаларнинг алимент таъминоти деганда нима тушунилади? Алимент келишуви нима ва у қандай амалга оширилади?  Алимент тўланмаганида қандай чоралар кўрилади?  Алимент миқдори қандай аниқланади?  Алимент ўз вақтида тўланмаганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган?  Шу каби бошқа саволлар алимент ундириш масаласи билан дуч келган аксарият фуқароларда пайдо бўлиши табиий. Бироқ малакали ҳуқуқий маслаҳат олиш имконияти ҳаммада бир хил эмас. Ҳуқуқий соҳада билим етишмаслиги ота-онанинг фарзанди ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун қуйида, фуқаролар орасида тез-тез учраб турадиган шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

 

 

Вояга етмаган болаларнинг алимент таъминоти деганда нима тушунилади?

 

Оила кодексига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларига таъминот беришлари шарт. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир, алимент тўлови ота-онанинг бири томонидан иккинчисига, яъни вояга етмаган бола тарбияси билан шуғулланаётган ота ёки онага берилади (ОКнинг  96, 97-моддалари).

 

Ёдда тутинг: Алимент ундиришнинг иккита йўли мавжуд - ота-она ўртасида алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий тўлаш, суд буйруғи ёхуд суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий  ундириш.

 

 

Алимент тўловларини ихтиёрий тўлаш деганда нима тушунилади?

 

 

Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент миқдорини, шаклини ва тўлаш тартибини белгиловчи алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган келишувни тузишга ҳақлидир. Мазкур ўзаро келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак (ОКнинг 98-моддаси). Ўзаро келишув алимент таъминоти масаласини ҳал қилишнинг нафақат энг тинч, балки энг тежамли йўлидир. Келишувни тузиш жараёнида давлат нотариуси мазкур келишув биринчи навбатда вояга етмаган бола манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини инобатга олиши шарт.

 

Ушбу ҳужжат ёзма шаклда тузилиб, ота-она томонидан имзоланиб, давлат нотариуси томонидан тасдиқланиши лозим. Ўзаро келишув эр-хотин, собиқ эр-хотин ҳамда никоҳи расмийлаштирилмаган, умумий фарзандлари мавжуд шахслар ўртасида тузилиши мумкин.

 

Фақат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномада ота-она сифатида кўрсатилган шахсларгина келишув томонлари бўла олишлари мумкин.

 

Нотариал тасдиқланаётган алимент келишуви бўйича давлат божи келишув суммасининг 1%ини ташкил этади. Шу билан бирга алимент келишувини тузишда давлат нотариусининг техник хизматларига оид харажатлар ҳам ундирилади.

 

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин (ОКнинг  132-моддаси).

 

Ёдда тутинг: Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақасига тенглаштирилади (ОКнинг 130-131-моддалари) ва агар келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, уни мажбурий ижро этиш учун туман суд ижрочилари бўлинмасига  мурожаат қилиниши мумкин.

 

Мисол: Э.Убаева ва А.Аскеровлар 2009 йил 20 майда қонуний никоҳдан ўтишган, ўртада иккита фарзандлари бор. Ўзаро муносабатлар ёмонлашиб, 2013 йилда улар никоҳдан ажрашишган. Болалар она тарбиясида қолиб, ота-она алимент тўғрисида келишув тузишган. Унга кўра А.Аскеров ҳар ойда Э.Убаева фойдасига  500000 сўм миқдорида таъминот тўлаш мажбуриятини олган. Шундай бўлсада А.Аскеров ўз мажбуриятларини бажармасдан, алимент тўловини бир неча ойлар давомида амалга оширмаган. Ўз ўрнида Э.Убаеванинг тегишли суд ижрочилари бўлинмасига мурожаати қаноатлантирилиб, тузилган келишувга биноан алимент мажбурий тартибда  ундирилган.

 

Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиши мумкин. Оила кодексига биноан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади (ОКнинг 96-моддаси).

 

Мисол: В.Икрамова ва А.Собиров 2000 йил 20 майда қонуний никоҳдан ўтишган ва ўртада учта фарзандлари бўлган. 2011 йилда В.Икрамова ва А.Собиров ажрашишган ва учта фарзанд В.Икрамованинг тарбиясида қолган. А.Собиров бир йил давомида фарзандларига моддий ёрдам кўрсатиб, ундан сўнг ёрдамни тўхтатган.  В.Икрамова ҳеч қаерда ишламасдан, болалар тарбияси билан машғул бўлган. Шунинг учун у 2013 йил 1 августдан бошлаб фарзандларнинг таъминотига то улар вояга етгунига қадар қонунда белгиланган алиментни ундириш бўйича суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган. Суд ОКнинг  96-моддасига биноан В.Икрамованинг талабини қаноатлантириб, унинг фойдасига 2013 йил 1 августдан то фарзандлари вояга етгунларига қадар А.Собировнинг ҳар ойлик иш ҳақи ва жами даромадининг ½ қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқарган.

 

 

Вояга етмаган болаларга алимент тўловлари қандай миқдорда белгиланади?

 

Оила кодексига асосан алимент ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан бир бола учун — тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми миқдорида ундирилади.

 

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин (ОКнинг 105-моддаси).

 

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак (ОКнинг 99-моддаси).

 

Таъкидлаш жоизки, алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин (ОКнинг 102-моддаси).

 

Мисол: И.Иванова ва А.Хегай 2005 йилдан бошлаб 2014 йилгача оилавий муносабатларда бўлиб, 2010 йилда улар ўртасида фарзанд туғилган. Оталик ФҲДЁ идорасида белгиланган. 2014 йилдан бошлаб ота-она алоҳида яшаб келмоқда, фарзанд эса она тарбиясида.  2014 йилдан бошлаб А.Хегайдан ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатилмаётганлиги сабабли И.Иванова фарзандининг таъминотига алимент ундиришни сўраб судга мурожаат қилган. Судда А.Хегай боласининг таъминоти учун алимент тўлашга қарши эмаслигини, лекин ҳеч қаерда расман ишламаслигини таъкидлаган. Суд жавобгарнинг бугунги кунда ҳеч қаерда ишламаслигини инобатга олган ҳолда И.Иванованинг талабидан келиб чиқиб, жавобгар А.Хегайдан фарзанди таъминотига то у вояга етгунга қадар ҳар ойда 300 минг сўм миқдорида алимент ундиришни белгилаган.

 

Ёдда тутинг: Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир (ОКнинг 136-моддаси).

 

Мисол: Ота-она бола уч ёшга тўлганида ажрашишган. Сўнг бир йил мобайнида ота болага моддий ёрдам кўрсатиб турган. Лекин бундан кейин моддий ёрдам кўрсатишдан бош тортган. Бундай ҳолатда она моддий ёрдамни тиклаш мақсадида дарҳол судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, она вояга етмаган боласи беш ёшга, ўн ёшга ёки ўн беш ёшга тўлганида алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.  

 

Лекин ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йил давомида  ундириб олиниши мумкин.

 

 

Алимент ундириш масаласи суд тартибида қандай ҳал қилинади?

 

Агар судга мурожаат қилишга қарор қилсангиз, у ҳолда алимент ундириш тўғрисида суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Буйруқ тартиби:

 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида, хусусан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси (кейинги ўринларда – ФПК) 201-бобида низосиз бўлган талабларни тарафларнинг чақирувисиз ҳамда суд муҳокамасини ўтказмасдан кўриб чиқиш тартиби, яъни судловнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган.

 

Ёдда тутинг:Суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза судга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган қарздорга нисбатан топширилади. Агар қарздор суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза топширилаётган пайтда чет давлатда яшаётган бўлса, у судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши лозим бўлади.

 

Бундай ҳолда республикамиздаги тегишли суд талабни қаноатлантирса, алоҳида процессуал ҳаракатни бажариш тўғрисидаги топшириқ билан чет давлат судига мурожаат қилиши мумкин.

 

Яъни, фуқаро алимент ундириш ҳақида суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилса, ариза суд мажлисида кўрилмасдан, судья томонидан уч кун ичида суд буйруғи чиқарилади.

 

Бундай ҳолатда алимент тўловлари судга мурожаат қилинган кундан бошлаб белгиланади. Жумладан, агар алимент ундириш ҳақида суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза судга 2015 йил 1 март куни топширилган бўлса, алимент тўлови айнан шу кундан белгиланади.

 

Ёдда тутинг: Ўзаро никоҳ мавжуд бўлганда ҳамда вояга етмаган болага нисбатан оталик белгиланган тақдирда суд буйруғи чиқарилади. Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, оталик суд тартибида белгиланиши мумкин (ОКнинг 62-моддаси). Бундай ҳолда судга оталикни белгилаш ва алимент ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилиш лозим бўлади.

 

Давоми бор...

 

 

Маъруф УСМАНОВ  ёзиб олди.

    

Мавзу бўйича материаллар:

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида

 

“Habeas corpus” Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ишончли кафолати    

 

 

“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан жавоблар:

 

Иш ҳақидан 33 фоиз миқдорида (1/3 қисмидан) алимент ушлаб қолиш тартиби қандай? 6 фоиз миқдоридаги почта харажатлари учун ким тўловни амалга ошириши керак?

 

Суд қурилиш экспертизасини ўтказиш тартиби ва қонуний асослари қайси норматив хуқуқий хужжатларда акс этган? Суд қурилиш экспертизаси ўтказилгандан сўнг, экспертиза хулосасидан норози тараф хулосани хақиқий эмас деб топиш ёки бекор қилиш юзасидан қайси хуқуқни мухофаза қилиш органига мурожаат этиш лозим?

Валюталар курси

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум