Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 54 та маҳаллада тадбиркорлик субъектларининг паспортлари тузила бошлади, дея хабар берди Давлат солиқ қўмитаси.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 26.06.2018 йилдаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3802-сон қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 октябрдан кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилишини бошлаш режалаштирилмоқда. Тўпланган далиллар кейинчалик солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўлади.
Паспорт тузиш жараёнида:
- тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган жойда фаолият юритаётгани текширилади;
- ҳақиқатда амалга ошираётган фаолият тури ўрганилади;
- ходимларининг ҳақиқатдаги сони ҳисоботда кўрсатилгани билан солиштирилади;
- рўйхатдан ўтмай туриб фаолият юритаётган тадбиркорлар аниқланиб, давлат рўйхатига олинади.
Эксперимент ўтказиш давомида қонунбузарликлар аниқланди. Хусусан, 1 070 нафар фуқаро рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани, 277 та якка тартибдаги тадбиркорда 507 нафар шахс тегишли равишда расмийлаштирилмасдан ёлланма ходим сифатида ишлаётгани маълум бўлди. Шу ва бошқа аниқланган қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.