Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Фото ва видео суратга олиш қаерларда тақиқланади

13.02.2018

 

ҚҲТБТ порталида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилди. 

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 6.02.2018 йилдаги ПҚ-3509-сон қарорида туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилишига рухсат этилган, рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ҳамда барча турдаги суратга олишлар тақиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектлар бундан мустасно. 

 

Лойиҳага мувофиқ ушбу рўйхатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади. Ушбу идоралар рўйхатга киритилган объектларда фото ва видео суратга олиш тартибини ҳам белгилайдилар. Манфаатдор органлар ва ташкилотларнинг буюртмаларига кўра рўйхатлар қайта кўриб чиқилади.

 

Бундан ташқари, ер участкалари, бинолар ва иншоотлар эгалари ўзларига тегишли бўлган объектларда фото ва видео суратга олиш қоидаларини белгилашлари, аппаратура ва техник воситалардан (чақноқ ёруғлик асбоблари, штатив, ёруғлик соябонлари) фойдаланишга чеклов жорий қилишлари ҳамда фото ва видео суратга олишни амалга оширганлик учун тўловни ундиришлари мумкин бўлади.

 

Объект эгалари белгилаган тартиб бузилган тақдирда, улар фото ва видео суратга олишни тўхтатишни, зарурат туғилганда фото ва видеофайлларни йўқ қилишни (қурилманинг хотирасидан ўчиришни) талаб қилишга ҳақлидирлар.

 

Лойиҳада қуйидагиларни фото ва видео қайд этиш тақиқланади:

  • хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳарбий хизматчилари ва ходимларини, уларнинг розилигисиз;
  • қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник мол-мулк, шунингдек Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, МХХ ва Миллий гвардия бўлинмаларининг тезкор ва жанговар хизмат фаолиятини;
  • Давлат чегарасида ўрнатилган чегара белгилари, муҳандислик-техника воситалари, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни, шунингдек чегара органи бошлиғининг рухсатисиз чегарадош давлатлар ҳудудини;
  • чет давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳудуди, бинолари ва иншоотларини;
  • белгиланган суратга олиш режимини бузган ҳолда объектларни.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Олег Заманов.

 

Валюталар курси

2018-08-14
  • USD:7790.20 (+7.15) сум
  • EUR:8888.62 (--114.03) сум
  • RUB:115.07 (--7.89) сум