Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Импорт божлари ставкаларининг қарийб 45%ини пасайтириш таклиф этилмоқда

16.04.2018

 

Ушбу шарҳда божхона тарифларини тартибга солиш соҳасида киритилиши режалаштирилаётган асосий ўзгартиришлар таҳлил қилинган. Хусусан, импорт божхона божлари ставкаларининг таклиф этилаётган қийматлари батафсилроқ ўрганилган.

 

Амалдаги импорт божхона божлари ставкалари 2017 йил 1 октябрдан, яъни ярим йилдан ортиқ вақтдан буён қўлланилмоқда. Ўшанда мамлакат раҳбарияти 1 154 позиция бўйича божхона божларини пасайтириб, мисли кўрилмаган чораларга қўл урди. Улар орасида 579 тасини ноль даражали ставкалар ташкил этди. Шубҳасиз, бу мамлакатимиз ташқи савдо обороти динамикасига ижобий таъсир кўрсатди. Мисол учун, 2017 йилги умумий импорт ҳажми 2016 йил январь-декабрь ойлари билан солиштирганда 107,2%ни ташкил этди. 2018 йилнинг биринчи чорагида эса импорт ўсишининг суръати дастлабки маълумотларга кўра 145,2%га етди.         

 

Давлат ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва унинг иштирокчилари учун зарур шароитлар яратиш йўлида давом этмоқчи. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши юзасидан музокаралар фаоллашиши сабабли ҳам ушбу жараёнлар долзарб тус олмоқда. Бунда нафақат мавжуд муаммолардан халос бўлиш (божхона қиймати пасайтирилишига олиб келувчи омиллар, ноқонуний импортнинг ўсиши, персонал имтиёзларнинг ҳаддан ташқари кўплиги ва ҳ.к.), балки маҳаллий иқтисодиёт учун эҳтимолий хатарлар ёки салбий оқибатларни камайтириш даркор.

 

Шу муносабат билан ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва божхона тарифлари тартибга солинишини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда бошқа ўзгартиришлар қатори импорт божхона божлари ставкаларининг янги қийматлари ҳам келтирилган. Уларни таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларга келдик.

 

I. 817 та ставкани пасайтириш таклиф этилмоқда, бу уларнинг умумий сонидан 44,9%ни ташкил этади. Шу ўринда ҳисоб-китобларга таъсир кўрсатган айрим жиҳатларни қайд этиб ўтиш зарур. Божхона тўловлари ставкалари таснифи ва уларни ҳисоблаб чиқариш тартибидан келиб чиқамиз. 

 

А) Адвалор ставка импорт товарнинг божхона қийматига фоизда ҳисобланади. Механизм анча оддий: товарнинг божхона қиймати аниқланиб, ундан белгиланган фоиз ундирилади. Адвалор ставкаларнинг ўзгаришини баҳолаш осон.

 

Мисол. Бошқа тирик ҳайвонлар (0106)[1] бўйича божхона божининг амалдаги ставкаси – уларнинг божхона қийматидан 5%. Лойиҳага кўра ушбу ставка 0%га тенг. Шу тариқа, ушбу позиция бўйича ставканинг пасайтирилиши назарда тутилмоқда. Аксинча, таъм ва хушбўй берувчи қўшимчалар қўшилган ёки қўшилмаган чойга (0902) бугун 5%лик ставкада солиқ солинади, бироқ лойиҳада у 10% миқдорида кўрсатилган. Бинобарин, ушбу товар позицияси бўйича ставкани ошириш таклиф этилмоқда.           

 

Б) Махсус ставка қатъий ифодада белгиланади ва товар бирлиги учун ҳисоблаб чиқарилади. Масалан, 1 кг. (дона, куб см.) товар учун АҚШ долларида. Бизда импорт божхона божларининг махсус ставкалари йўқ.   

 

В) Аралаш ставка, у ўзида адвалор ва махсус ставкаларнинг элементларини бирлаштиради. Ҳар хил усулда ҳисоблаб чиқариш унинг ўзига хос хусусияти саналади.

 

Биринчи вариант – махсус ставка адвалор принципи бўйича ҳисоблаб чиқарилган ставканинг энг қуйи чегараси сифатида белгиланади. Яъни импорт товарнинг божхона қийматидан фоиз ҳисоблаб чиқарилади, сўнг қатъий белгиланган ставка олиб кирилаётган товар сонига кўпайтирилади. Бунда олинган суммалардан энг каттаси ундирилади. 

 

Тегишинча, элементлардан (адвалор ёки махсус ставкадан) бирининг ўзгариши ёхуд унинг тури: аралаш ставкадан адвалорга алмашиши бундай ставка ўзгаришига таъсир кўрсатиши мумкин (лойиҳанинг асосий тенденцияси каби – таҳр.).

 

Мисол. Уй паррандасининг гўшти ва истеъмолбоп қўшимча маҳсулотларига (0207) 10%лик ставкада, бироқ 0,3 АҚШ доллари/кг. дан кам бўлмаган миқдорда солиқ солинади. Бунда божхона қийматидан 10% – адвалор ставка элементи, 1 кг. учун 0,3 АҚШ доллари эса – махсус ставка элементи. Лойиҳада ушбу ставка бўйича 10%лик адвалор ставка таклиф этилмоқда. Бу импортчининг чиқимлари камайишига олиб келади, биз ҳам уни умуман олганда ставканинг пасайиши деб ҳисобга оламиз.

 

Иккинчи вариант – аралаш ставка иккита элемент (адвалор ва махсус) суммаси сифатида ҳисобланади, яъни кумулятив-аралаш ставка саналади. Бугун бундай ставкалар атиги 43 та, улар айрим импорт транспорт воситаларига (87-товар гуруҳи) нисбатан қўлланади.

 

Танланган услубиятга амал қилиб, кумулятив-аралаш ставка ўрнига биринчи типдаги адвалор ёки аралаш ставканинг жорий этилишини ставканинг пасайтирилиши деб баҳолаймиз.

 

II. Атиги 64 та позиция бўйича (ўзгартиришлар умумий сонидан 3,5%) ставкаларни ошириш таклиф этилмоқда. Мазкур бўлимда ҳам юқорида баён этилган импорт божларини ҳисоблаб чиқариш тартиби билан боғлиқ барча хусусиятлар инобатга олинган.  

 

III. 940 та ставкани ўзгартиришсиз қолдириш таклиф этилган, бу умумий сонидан 51,8%ни ташкил этади. Бу уларнинг аксарият қисми бугун ноль даражали эканлиги билан боғлиқ. Тегишинча, уларнинг амалдаги даражасини сақлаб қолиб, лойиҳа ишлаб чиқувчилари мақсадга мувофиқ йўл тутмоқдалар.

 

Лойиҳада яна бир тенденция – тури, хоссаси ва мақсадига кўра ўхшаш, товар номенклатурасига яқин позицияларга нисбатан қўлланиладиган ставкаларнинг бирхиллаштирилиши аниқ кўзга ташланади. Манна оддий бир мисол.

 

Йирик шохли қорамолнинг истеъмолбоп қўшимча маҳсулотларига (0206) 10%лик ставкада солиқ солинади. Бироқ алоҳида ёрдамчи позиция, умуман олганда, бир турдаги товарлар (0206 49 000 9) бўйича аралаш ставка: 10%, бироқ 0,3 АҚШ доллари/кг. дан кам бўлмаган миқдор назарда тутилган. Лойиҳада эса кўрсатилган ёрдамчи позиция умуман йўқ, яъни 0206-товар позицияси учун назарда тутилган ставка 0206 49 000 9 ёрдамчи позициясига нисбатан тенг даражада қўлланилади.

 

Шунга қарамай, лойиҳа ишлаб чиқувчилари ёрдамчи позициялар бўйича ставкаларни деталлаштиришдан узил-кесил воз кечмасликка қарор қилганлар. Масалан, аввалгидек бу мамлакатимизга олиб кириладиган транспорт воситалари (87-товар гуруҳи) учун хос. Бундан ташқари, лойиҳага айрим янги ёрдами позициялар жорий этилмоқда, бироқ улар бўйича божхона божи ставкаси ноль даражали. 

 

Лойиҳада бундай «яширин» ўзгартиришлар анча кўп, бироқ ушбу шарҳда уларнинг барини акс эттирдик. Қулай бўлиши учун учта алоҳида жадвал туздик, қуйидаги ҳаволалар орқали кириб, улар билан танишиб чиқиш мумкин:

 

пасайтирилиши таклиф этилаётган импорт божхона божлари ставкалари;

 

оширилиши таклиф этилаётган импорт божхона божлари ставкалари;

 

ўзгартиришсиз қолдирилиши таклиф этилаётган импорт божхона божлари ставкалари. 

 

Олег Заманов. 

 


[1] Бу ерда ва бундан буён қавсда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) бўйича код кўрсатилади. Бунда товар позицияси номи қисқартириб берилади – таҳр.  



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-04-29
  • USD:12662.01 (+0.00) сум
  • EUR:13593.93 (+0.00) сум
  • RUB:137.65 (+0.00) сум