Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Бошқарувга янгича ёндашув: мамлакат секторларга бўлинди

10.08.2017


Президентнинг 8.08.2017 йилдаги ПҚ-3182-сон “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилади.

 

Ҳужжат билан жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишларни ташкил этишнинг бутунлай янги тизими жорий этилаётир.

 

Қорақалпоғистон, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудлари комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлинди. Секторларга тегишли равишда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қилади.

 

Секторлар раҳбарларига ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ташкил этиш ва ҳал қилиш, шу жумладан, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ечиш юзасидан ваколатлар берилди. Уларга худди шунинг учун жавобгарлик юклатилади.

 

Қуйидагилар секторлар раҳбарларининг вазифалари этиб белгиланди:

 

биринчидан, УЖК ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва ХУМШларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш;

 

иккинчидан, ижтимоий муҳофазанинг манзиллилиги, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

учинчидан, ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг табиий, иқтисодий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қурилиши тугалланмаган объектлардан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

тўртинчидан, деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш;

 

бешинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш ҳамда уларни барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан ишларни ташкил этиш.

 

Секторлар иши “маҳалла – туман(шаҳар) – вилоят – республика” тамойилига кўра амалга оширилади.

 

1-даража - уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар асосида энг қуйи бўғинда –маҳаллада долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш, туман (шаҳар)ни ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

 

2-даража - маҳаллаларда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш, шунингдек, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

 

3-даража - туманлар (шаҳарлар)да аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларига таклифлар тайёрлаш ва киритиш, шунингдек, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

 

4-даража - ҳудудлар “йўл хариталари” амалга оширилишининг самарадорлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар томонлама танқидий таҳлил ва умумлаштириш ўтказиш, шунингдек, давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, Президент олдида ҳар чораклик ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, жойлардаги тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш.

 

Бу – муҳим! Асоссиз, самараси кам, амалий аҳамиятга эга бўлмаган, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига кераксиз маъмурий иш ҳажмини оширадиган ва юклатилган вазифаларни бажаришдан чалғитадиган идоралараро йиғилишларни ўтказиш қатъий тақиқланди. Бундан ташқари, календарь йилнинг чорак якуни бўйича мажлисларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ҳозирги амалиёти самарасиз ҳамда эскирган деб топилди.

 

Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Бош вазир ва унинг ўринбосарларига бириктирилган ҳудудлар;
  • ҳудудлар ва туманлар (шаҳарлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш схемаси;
  • туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларининг ишларини ташкил этиш тўғрисидаги низом;
  • Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янгиланган концепцияси;
  • Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича комиссия.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.