Президентнинг 3.02.2021 йилдаги Фармони билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.
Аввал ушбу Дастур лойиҳаси бўйича батафсил шарҳ берилган эди. Давлат лойиҳасига киритилмаган ёки тузатишлар киритилган жиҳатларга тўхтатилиб ўтамиз.
|
Дастур йўналиши |
Чора-тадбирлар |
|
Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш |
Қуйидагиларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилади: туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган субъектларнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлиги тўланиши; Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ–5969‑сон Фармонида назарда тутилган вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича 31.12.2020 йил ҳолатига кўра, мавжуд қарзига пеня ҳисобланишини тўхтатиш ва солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратиш чораларини кўрмаслик талаби; коронавирус пандемияси даврида Президент томонидан тадбиркорлик субъектларига 31.12.2020 йил ҳолатигақолдиқда турган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаси; солиқ аудити ўтказишда «таҳлика-таҳлил» тизими босқичма-босқич жорий этилган ҳолда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий |
|
Ички туризмни оммалаштириш |
1.03.2021 йилдан 1.06.2022 йилга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун қуйидаги харажатларнинг бир қисмини қайтариш механизми жорий қилинади: авиаташувчиларга – ички туризм йўналишларидаги авиақатновларда авиа чипта нархининг 25%и; туроператор ва турагентларга – Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ташкил этилган турлар юзасидан авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15%и ҳамда жойлаштириш воситаларининг жойлаштириш бўйича хизматлари (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10%и. Бунда, ушбу харажатларнинг бир қисмини қайтариш саёҳат амалга оширилган ҳудудлардаги жойлаштириш воситаларида камида бир кеча тунаб қолиш шарти билан тақдим этилади |
|
Электр энергияси ва табиий газ таъминотида бозор муносабатларини шакллантириш
|
Суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади; 2021 йил 1 июнга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантириш «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади |
|
ДСҚ фаолиятини «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида ташкил этиш |
Давлат солиқ хизматида «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида фермер хўжаликларининг даромад ва харажатларини автоматик шакллантириш ва солиқ органларига юбориш имконини берувчи электрон тизимни 2021 йил 1 июлга қадар амалиётга жорий этиш чоралари кўрилади. Олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида 5 млрд сўмни ташкил этган, юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларига солиқ мониторингида иштирок этиш ҳуқуқи берилади |
|
Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш |
бошқа чора-тадбирлар билан бир қаторда, 2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина махсус «E-qaror» электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади |
|
Иқтисодиётни ривожлантириш |
бошқа чора-тадбирлар билан бир қаторда, заргарлик соҳасида кенг имкониятлар яратиш учун «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК томонидан кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади |
|
Атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштириш |
бошқа чора-тадбирлар билан бир қаторда, дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилади |
Ҳужжат 4.02.2021 йилда Халқ сўзи газетасида чоп этилган.
Эльмира Сиразиева.




