Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Туризм соҳасида қандай ўзгартиришлар назарда тутилган

14.02.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 9 февраль куни «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди.

 

Ушбу соҳани ривожлантириш учун қуйидагилар назарда тутилган.

 

Биринчидан, қуйидаги имтиёз ва преференциялар муддатлари 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди:

  • туроператорлар, турагентлар, шунингдек жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50%га камайтириш;
  • камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистонда тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30%и миқдорида қисман субсидиялаш;
  • туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар учун:

а) юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;

б) юридик шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1% миқдорида белгилаш.

 

Шунингдек 2021 йил 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситаларига нисбатан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллаш тўхтатилади.

 

Иккинчидан, Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар 3 кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади.

 

Учинчидан, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи 5 иш кунидан кам бўлмаган «оилавий саёҳат таътили» тизими жорий қилинади. Бунда, «оилавий саёҳат таътили» йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.

 

Тўртинчидан, бир ой муддатда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейслари йўлга қўйилади ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сони оширилади. 2021 йил 1 апрелга қадар Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатнови йўлга қўйилади.

 

Бешинчидан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва республикада доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади. Йиғим миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Тушган маблағлар ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

 

Олтинчидан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн Қироллиги, Қатар Давлати, Қувайт Давлати, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгиланади.

 

Еттинчидан, хорижий авиакомпанияларнинг Индонезия, Бангладеш ва Малайзия мамлакатларидан хорижий туристларнинг Ўзбекистон Республикасига саёҳатларини ташкил этишга қаратилган ҳамда «Умра+» дастури доирасидаги Ўзбекистонга авиапарвозлари, қўниш ва учиш хавфсизлиги қоидаларидан ташқари, тўсқинликсиз амалга оширилади.

 

Саккизинчидан, қуйидагилар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 трлн сўм миқдоридаги маблағлар Давлат бюджети ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан тенг улушларда ажратилади:

  • туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш;
  • туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш ишларини олиб бориш;
  • маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ҳамда ободонлаштириш.

 

Бунда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Қашқадарё ҳудудида туризмни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан, истисно тариқасида, 200 млрд сўм ажратилади.

 

Тўққизинчидан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларда магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади:

  • «Ипак йўли» туризм халқаро университети;
  • Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро ва Термиз давлат университетларида:

а) «зиёрат туризми»;

б) «транспорт логистикаси»;

в) «ижодий саноат» (creative industry) йўналишлари бўйича.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ўзбекистон Республикасидаги йирик моддий маданий мерос объектларида ички туризм оқимларини шакллантириш режаси;
  • Ўзбекистон Республикасида туристлар оқимини шакллантириш ва улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари дастури;
  • Хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикасининг зиёрат туризми салоҳиятини манзилли тарғиб қилиш чора-тадбирлари режаси;
  • Транспорт-логистика масалаларини тезкор кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссия таркиби.

 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича раис ўринбосари лавозими жорий этилди ва Зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.

 

Шунингдек ҳужжатда қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:

  • қуйидагилар:

а) Зиёрат туризмини ривожлантиришни мувофиқлаштириш кенгаши ташкил этилади;

б) Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон яратилади;

в) қадимий ипак қоғози хомашё захирасини шакллантириш манбаи сифатида Имом Бухорий мажмуаси атрофида тут плантацияси ва Самарқанд ипак қоғозини ишлаб чиқариш бўйича «Ипакчилик шаҳарчаси» туристик мажмуасини ташкил этилиши таъминланади; 

  • қуйидагилар бўйича концепциялар ишлаб чиқилади ва тасдиқланади:

а) «Имом Бухорий» зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этиш ва уни ривожлантириш;

б) Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш.

 

Ҳужжат 2021 йил 10 февралда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.