Президент томонидан 19.05.2025 йилдаги "Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-1065-сон Қонун имзоланди.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, қуйидаги ҳолларда одам савдоси учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзида жазо назарда тутилган:
- икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
- ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;
- ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
- айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
- хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
- жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;
- қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;
- инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш мақсадида.
Ўша ҳаракатлар:
- ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали содир этилган бўлса;
- ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;
- такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд ушбу Кодекснинг 137-моддасида назарда тутилган жиноятни илгари содир этган шахс томонидан;
- ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
- жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;
- уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев