Вазирлар Маҳкамасининг 18.06.2025 йилдаги «Яшил» давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 371-сон қарори қабул қилинди.
Давлат харидларини амалга оширишда «яшил» давлат харидлари тизими босқичма-босқич жорий этилади, уларнинг улуши 2030 йилга қадар 30 фоизга етказилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб энг яхши таклифларни танлаш бўйича харид ҳужжатларига экологик мезонлар мажбурий тартибда киритилади. Бунда экологик маркировкалаш ҳужжатининг ҳар бир тури учун тўпланган баллар суммасининг 5 фоизи миқдорида қўшимча баллар берилади.
Шу билан бирга таъкидланганки, иштирокчи таклифининг муайян мезонларга мос келмаслиги уни харид қилиш тартиб-таомилидан четлатиш учун асос бўлмайди.
Ҳужжат билан белгиланганки, давлат буюртмачилари 2026 йил учун давлат харидлари билан боғлиқ харажатларда «яшил» давлат харидлари улушини камида 15 фоизга етказиши ва бу кўрсаткични ҳар йили камида 5 фоизга ошириш бўйича чоралар кўриши керак.
Давлат харидлари махсус ахборот порталининг «Яшил» давлат харидлари саҳифасида қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:
- Давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилаётган «яшил» давлат харидлари;
- «Яшил белги» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтган маҳсулот ва хизматларнинг экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини баҳоловчи юридик шахслар рўйхати;
- Экологик маркировкалаш ҳужжатига эга бўлган ва/ёки товарлари (ишлари, хизматлари) экологик маркировкалаш ҳужжатига эга хўжалик субъектлари;
- Товарларнинг сифати ва техник тавсифлари ҳамда уларни ишлаб чиқариш жараёнлари учун белгиланган экологик мезонлар рўйхати.
Ҳужжат билан айрим товар гуруҳларининг давлат харидларида қўлланиладиган Намунавий экологик мезонлар тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.06.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова