Президентнинг 26.06.2025 йилдаги ПҚ-207 қарори билан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжатнинг асосий мақсадлари:
- қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг йиллик ҳажмини 7 тоннага, заргарлик буюмларини экспорт қилиш кўрсаткичларини 300 млн АҚШ долларига етказиш;
- қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларининг норасмий айланмасини камида 50 фоизга қисқартириш;
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолиятини саноат даражасига олиб чиқиш, жумладан халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш.
Хусусан, соҳани қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилади.
2025 йил 15 июлдан бошлаб:
- лизинг ташкилотлари ажратилган кредит линияси ҳисобидан заргарлик саноатида ишлатиладиган асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга МБнинг асосий ставкасида, фоизларни қарздорлик қолдиқ қисмига ҳисоблаш тартибида лизингга беради;
- белгиланган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлари, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари 2028 йил 1 июлгача божхона божидан озод этилади;
- «Навоий КМК» АЖ ва «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ва кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартиби 2030 йил 1 январгача узайтирилади.
Заргарлик марказларида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш
Қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотишда 90 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига фоиз ҳисобланмайди, 91-кундан бошлаб 180-кунгача амалга оширилган тўловлар қисмига йиллик 3 фоиз миқдорида фоиз ҳисобланади. Заргарлик марказларида «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси ва Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг филиаллари фаолияти (сайёр хизмат кўрсатиш) йўлга қўйилади, шунингдек заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо тошларни тезкор диагностика қилиш лабораторияси ташкил этилади. «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига аъзо бўлганда субъектлар аъзолик бадалини 50 фоизлик чегирма билан тўлайди.
Заргарлик соҳасида хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш
2026 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинади:
- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилишга оид имтиёз;
- олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим;
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадидан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари деб эътироф этилади;
- 2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар ҚҚС базасини заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархи ҳамда улар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқлайди. Бунда:
- заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархидан фақат «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖдан ва биржа савдолари орқали бошқа субъектлардан сотиб олинган қимматбаҳо металлар нархини ҳамда импорт қилинган қимматбаҳо тошлар нархини чегириб ташлашга рухсат этилади;
- заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориладиган нархлардан келиб чиқиб ҳисобланади;
- қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда аффинаж корхоналарига қимматбаҳо металларни биржа савдолари орқали реализация қилишга рухсат этилади;
- 2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан бюджетга тўланган ҚҚСнинг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача республика бюджетидан автоматик равишда қайтарилади.
Ушбу тартиб юқоридаги субъектлар томонидан солиқ даврида жами олган даромадининг камида 80 фоизи заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва улар билан чакана савдо қилишдан олинган тақдирда татбиқ этилади.
2025 йил 1 сентябрга қадар Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалашда божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмасдан амалга оширади.
Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳақида «Soliq» мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.
Заргарлик буюмлари импортини тартибга солиш
2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 сентябргача давр учун:
- заргарлик буюмларини (ТИФ ТН 7113 ва 7114-товар позициясидаги маҳсулотларни) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божи 2 фоиз ставкада қўлланади;
- заргарлик буюмларини «эркин муомалага чиқариш» ва «экспорт» божхона режимларига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғим уларнинг божхона қийматидан қатъи назар, БҲМнинг 1 баравари миқдорида ундирилади;
- импорт қилинган заргарлик буюмларини Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясида тамғалаш учун ундириладиган йиғим миқдори маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган миқдорга тенглаштирилади;
- божхона чегараси орқали олиб кирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган заргарлик буюмларини божхона тўловларини амалга ошириш ва божхона юк декларациясини тўлдириш орқали декларация қилишга рухсат берилади.
Самарали назорат тизимини жорий этиш
Эксперимент тариқасида 2026 йил 1 январгача муддат учун:
- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш аниқланганда тадбиркорлик субъектларига биринчи марта огоҳлантириш эълон қилинади;
- бузилишни бир ой муддатда бартараф этмаслик ёки огоҳлантиришдан кейин уни такроран содир этиш сайёр текширув ўтказиш учун асос бўлади;
- сайёр текширув фақат қонунчилик бузилишлари бўйича текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказилади.
Ҳужжат билан заргарлик саноатини ривожлантириш ва соҳада хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.06.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова