Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи (07.07.2025 й. АВ рўйхат рақами 3638-сон) билан Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг 19.04.2024 йилдаги "Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-68-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган.
Низом қуйидаги фаолият турларини лицензиялаш тартибини белгилайди:
• Интернетда ўйинлар ташкил этиш бўйича;
• лотереялар ташкил этиш бўйича;
• букмекерлик фаолияти.
Шунингдек, қуйидаги лицензия талаблари ва шартлари белгиланган:
• ушбу фаолият турлари фақат юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан амалга оширилиши;
• Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда жойлаштирилган электрон платформанинг мавжудлиги;
• ариза берилган санада пул маблағлари кўринишида тегишли миқдорда шакллантирилган устав капиталининг мавжудлиги;
• ютуқларни тўлаш, ставкаларни қайтариш, солиқ мажбуриятлари ва бошқа қарзлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган қарзларни қоплаш мақсадида захира жамғармасининг алоҳида ҳисобварағида тегишли миқдорда пул маблағлари кўринишида депонентлаш;
• фаолиятни амалга оширишда Ўзбекистоннинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, реклама соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
• фаолиятни фақат Интернетнинг миллий сегментидаги битта домен номидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш;
• Интернетдаги ўйинларда, букмекерлик гаровларида иштирок этиш, лотерея чипталарини сотиб олиш ва ютуқларни тўлаш учун пул маблағларини фақат Ўйинчилар ва гаровларнинг ягона давлат регистри орқали қабул қилиш;
• ташкилотчилар ўз хизматларини кўрсатишда фойдаланадиган ўйин ускуналари, дастурий таъминот ва бошқа қурилмалар мувофиқликни баҳолаш бўйича тегишли орган ва синов лабораторияларининг сертификатига эга бўлиши керак.
Ҳужжат билан Интернетда таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик гаровларида иштирок этиши тақиқланган Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари тоифаларининг рўйхати белгиланди (ИЛМА директорининг 07.07.2025 йилдаги 3642-сон буйруғи билан тасдиқланган), унга қуйидагилар киритилган:
• суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
• "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" АТда рўйхатга олинган шахслар, шунингдек уларнинг оила аъзолари;
• "Темир дафтар," "Ёшлар дафтари" ва (ёки) "Аёллар дафтари"га киритилган шахслар;
• вояга етмаган шахслар;
• прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия ва божхона органлари ходимлари;
• ҳарбий хизматчилар;
• хизматни ўташ вақтида қўриқлаш бўлинмаларининг ходимлари, ишчилари ва хизматчилари;
• Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ходимлари;
• хорижий фуқаролар – хорижий давлатлар ваколатли органларининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали юборилган ўз фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этиладиган Интернетдаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик гаровларида иштирок этишини тақиқлаш тўғрисидаги сўровлари асосида.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.07.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова