Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2025 йилдаги 425-сонли "2025-2026 йилларда сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2025-2026 йилларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати тасдиқланди:
- Рақамли технологиялар вазирлиги тизимига кирувчи ташкилотлар томонидан (64 та лойиҳа);
- вазирлик ва идоралар томонидан (22 та лойиҳа).
Хусусан, устувор лойиҳалар қаторида қуйидагиларни таъкидлаш мумкин:
- фармацевтика препаратлари бозори эҳтиёжларини таҳлил қилиш ва башорат қилиш учун дастурий таъминот ишлаб чиқиш;
- клиник қарорлар қабул қилишни автоматлаштириш ва тиббий ёрдам сифатини ошириш учун сунъий интеллектга асосланган рақамли тиббий ёрдамчи дастурий таъминотини ишлаб чиқиш;
- ўсмалар, яллиғланиш жараёнлари ва бошқа патологик ўзгаришларни аниқлаш учун компьютер томографияси ва рентгенография тасвирларини таҳлил қилувчи дастурий маҳсулот яратиш;
- аэрокосмик мониторинг шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари (буғдой ва пахта) ҳосилдорлигини башорат қилиш бўйича танланган ҳудудларда пилот лойиҳасини амалга ошириш;
- Қуёш панелларини жойлаштиришнинг мавжуд схемаларини ва ўрнатиш учун юқори самарали жойларни аниқлашда космик мониторингда сунъий интеллектдан фойдаланиш, танланган ҳудудларда тажриба лойиҳасини амалга ошириш;
- Тошкент темир йўл вокзалларига кириш жойларида "UzFace" фуқароларни аниқлаш тизимини синов тариқасида жорий этиш ва ҳоказо.
Рақамли технологиялар вазирлиги 2026 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳридаги Инха университети учун параллел ҳисоблаш, машинали ўрганиш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича бошқа лойиҳалар учун юқори унумли ҳисоблаш кластери ҳамда катта маълумотлар базалари учун ускуналар, шу жумладан график процессорлар (GPU) харид қилинишини таъминлаши лозим;
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2025 йил 10 июлдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова