Президентнинг 25.07.2025 йилдаги ПФ-117-сонли «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда давлат органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларда ижро интизомини ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланган. Асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:
- Қонунлар, фармонлар, қарорлар ва Президент топшириқларининг ижросини назорат қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш;
- Ислоҳотларнинг натижадорлигини тизимли ўрганиш ва ҳудудларда ижро интизомини мустаҳкамлаш;
- Ижрони таъминлаш бўйича раҳбарларнинг масъулиятини ошириш;
- Ҳукумат қарорлари ижросини ташкил этиш жараёнларини рақамлаштириш;
- Назорат жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш.
Ҳисоб палатасига Президент фармонлари, қарорлари, топшириқлари ва буйруқларининг ижросини назорат қилиш бўйича кенгайтирилган ваколатлар берилади, жумладан:
- Аҳоли ва бизнес учун қонун ҳужжатларининг самарадорлиги ва маблағларнинг мақсадли сарфланишини таҳлил қилиш;
- Ижро интизомини мустаҳкамлаш ва мансабдор шахслар масъулиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- Қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
- Президент Администрациясини ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
- Қонунчилик ва топшириқларнинг ижросини таъминлашда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ижрони назорат қилишни кучайтириш мақсадида махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Бу гуруҳларга Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киради ҳамда улар қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ўрганиш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади.
Ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари:
- Давлат органларига қонунчилик ва топшириқларни самарали ижро этишда кўмаклашиш;
- Ижрога тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва таҳлил қилиш;
- Камчиликларни бартараф этиш юзасидан раҳбарлар билан ҳар чоракда мунтазам муҳокамалар ўтказиш.
2025 йил 1 сентябрдан ижро интизоми учун масъул бўлган тузилмавий бўлимлар давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарларига тўғридан-тўғри бўйсундирилади.
Ижро интизоми учун масъул ходимлар малакасини ошириш бўйича тизимли ўқув жараёни жорий этилади. Улар камида ҳар уч йилда бир марта мажбурий ўқув курсларидан ўтиши лозим бўлади.
Шунингдек, ҳужжатда жамоатчилик назорати ҳам назарда тутилган – ижро интизомига оид маълумотлар давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳар ой янгиланган ҳолда эълон қилиб борилади. Раҳбарлар эса жамоатчилик олдида камида ҳар чоракда бир марта ҳисобот беради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.07.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усмонова