31.07.2025 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 479-сонли "Рақамли криминалистика тадқиқотлари соҳасида мутахассислар малакасини ошириш ва сертификатланган мутахассисларнинг ягона электрон реестрини юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат 22.01.2025 йилдаги Президент қарорининг ПҚ–17-сонли «Рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қарорга мувофиқ:
- рақамли криминалистика соҳасидаги мутахассисларнинг малакаси камида ҳар икки йилда бир марта ихтисослаштирилган ўқув муассасаларида оширилади;
- ўқитиш офлайн ва масофавий шаклларда – курслар, семинарлар ва стажировкалар кўринишида ўтказилиши мумкин;
- ўқитишнинг минимал вақти – 36 академик соатни ташкил этади;
- ўқишни муваффақиятли якунлаган мутахассисларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади;
- хорижда ўқитилган мутахассисларнинг малакаси тегишли ҳужжатлар асосида тан олинади.
Шунингдек, рақамли криминалистика соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг ягона электрон реестрини марказлашган ҳолда юритиш назарда тутилган.
Малака ошириш харажатлари давлат бюджети ҳамда қонунчиликка зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Ушбу қарор рақамли хавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятларга қарши самарали кураша оладиган малакали кадрларни тайёрлашнинг барқарор тизимини шакллантиришга қаратилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.08.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова