Президентнинг 04.08 2025 йилдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-126-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат бандлик соҳасини такомиллаштиришнинг асосий йўналиш ва мақсадларини белгилайди:
- ходим ва иш берувчи ўртасида самарали, адолатли ва ўзаро манфаатли меҳнат муносабатлари тизимини яратиш;
- касбларга ўқитиш билан бир қаторда хусусий сектор иштирокида малака ошириш тизимини жорий этиш;
- иш берувчиларни уларнинг эҳтиёжига мувофиқ малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини жорий этиш;
- инсон ресурсларини бошқариш ва меҳнат муҳофазаси соҳасини ривожлантириш.
2025 йил 1 сентябрдан иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади:
- бандлик органлари томонидан бўш иш ўринларига юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
- бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- хўжалик юритувчи субъектлар фақат қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиради:
- ногиронлиги бўлган шахслар
- оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар
- Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари
- муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар
- ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар. Бунда мажбурий захиралаш:
- ходимларнинг умумий сонининг уч фоизидан ошмаслиги керак;
- ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланилади.
Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50% дан ортиқ бўлган корхоналар учун ушбу талаб ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланилади ва ходимларнинг умумий сонининг 7% идан ошмаслиги керак. Шунингдек мажбурий захирага қўшимча равишда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар ва одам савдоси қурбони бўлган шахслар ҳам киради.
Ишсизлик нафақаси энди фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:
- ишсизлик нафақаси сўнгги беш йилда камида 18 ой ишлаган ва меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 6 ой ичида мурожаат қилган шахсларга – сўнгги 18 ойлик ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
- биринчи ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида, лекин МҲТЭКМнинг 3 бараваридан ошмаган ҳолда, иккинчи ва учинчи ойларда – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин МҲТЭКМнинг 3 бараваридан ошмаган ҳолда тўловлар амалга оширилади.
2026 йил 1 январгача «бандлик органлари – иш берувчиларнинг шериклари» принципини жорий этиш режалаштирилган. Бу бандлик органлари томонидан иш берувчиларга амалий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни топишда кўмаклашишни дастлаб Тошкент шаҳрида, кейинчалик республиканинг барча ҳудудларида назарда тутади.
Хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи ходимлари сони 50 нафаргача бўлган хўжалик юритувчи субъектларга 2025 йил 1 сентябрдан ИДАК ("Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси)да биометрик идентификация (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишни расмийлаштиришга рухсат берилади.
Бундан ташқари, "Ягона миллий меҳнат тизими" дирекциясига ташкилот тугатилиши ёки фаолиятни амалга ошириши тўхтатилиши сабабли иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш имкони бўлмаган тақдирда, фуқаронинг мурожаати асосида меҳнат муносабатлари ҳақиқатда тугаганлиги тўғрисидаги қайдларни ИДАК га киритиш ваколати берилади.
Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш
2025 йил 1 сентябрдан давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинади.
"Хавфни таҳлил этиш" тизими таҳлил натижалари асосида ўтказиладиган текширув бошланишидан камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш тартиби давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувларга тарқалмайди.
2026 йил 1 январдан ИДАК орқали рўйхатга олинган меҳнат қонунчилиги бузилишини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва қонунбузилиш фактлари бўйича электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.
Касбларга ўқитиш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш
2026 йил 1 мартгача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ташкил этиладиган касбларга ўқитиш босқичма-босқич уч босқичли тизимга (видеодарслар, касбларга ўқитиш ва малака ошириш) ўтказилади.
Бунда назарий босқичдан муваффақиятли ўтган тингловчилар (тест синовлари якунлари бўйича) амалий ўқитиш босқичига ўтказилади.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб малакасини ошириш ва касбларга қайта тайёрлаш истагидаги шахсларга қўшимча таълим олиш учун "касб ваучери" бериш тартиби жорий этилади.
Касб ваучери ссуда сифатида берилади. Шахс ўқишни тугатиб, сертификат олгач ва ишга жойлашгандан сўнг олинган ссудани (ногиронлиги бўлган шахслар ва Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари бундан мустасно) икки йил давомида Бандликка кўмаклашиш фондига қайтаради.
Ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек муддати уч ойдан ортиқ бўлган курсларда таълим олаётган Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари, доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудга боради таълим олаётган шахсларга касб-ҳунар курсларида таълим олиш даврида Фонд ҳисобидан МҲТЭКМ нинг бир бараваридаги миқдорда стипендия тўланади. Бунда ишсизлик нафақаси тўланиши даврида стипендия тайинланмайди.
Фармон билан меҳнат муносабатлари ва касбларга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова