Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ва енгиллаштиришга, шунингдек интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 08.08.2025 йилдаги ЎРҚ-1080-сон Қонун қабул қилинди.
Жиноят кодекси муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузишга оид модда билан тўлдирилди. Хусусан, асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш – БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Худди шундай ҳаракатлар такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёхуд хизмат мавқеидан фойдаланиб, ОАВдан фойдаланиб, кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек Қонун билан қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- интеллектуал мулкнинг айрим объектларини экспертизадан ўтказиш муддатларини қисқартириш;
- патент божларини тўлаш бўйича қўшимча қулайликларни жорий этиш;
- интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш ва бошқалар.
Қуйидаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида" (06.05.1994 й. 1060- XII-сон);
- "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида" (06.05.1994 йилдаги 1062-XII-сон)
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова