Президентнинг 21.08.2025 йилдаги "Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-141-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимининг устувор мақсадлари белгиланди:
- судьяларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини оширишга қаратилган дастурларни жорий этиш;
- интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этиш;
- тингловчи ва талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни шакллантириш, таълим жараёнида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
- ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш;
- суд фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш, тадқиқотлар ўтказиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш;
- идоралараро тажриба алмашиш, хорижий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этилади.
Академияда таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида "бўлажак судьяни судья ўқитади" тамойилига мувофиқ ташкил этилади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилади.
Бунда касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахсларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими сақланади, шунингдек судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади.
Туман (шаҳар) ва вилоят судларининг тегишли раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьялар давомийлиги икки ойгача бўлган раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади.
Академияда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб "Суд фаолияти" мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш жорий этилади.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг тузилмаси;
- Академиянинг штат жадвали ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари;
- Академия фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси".
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова