Президентнинг 08.09.2025 йилдаги "Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-270-сон қарори қабул қилинди.
Тасдиқланган чора-тадбирларнинг асосий мақсадлари:
- суд-экспертлик фаолиятини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали тадқиқотларнинг тезкорлиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш;
- суд-экспертиза ташкилотлари ва экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали соҳада электрон ҳужжатлар алмашинуви ҳажмини 100 фоизга етказиш;
- давлат суд-экспертиза муассасаларида ўтказиладиган экспертиза турлари сонини 90 тага етказиш ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимларидаги экспертизалар сонини 2 баробарга кўпайтириш;
- нодавлат суд экспертизаси институти ролини ошириш ва унинг фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш орқали экспертлик тадқиқотларини ўтказишдаги улушини 5 баробарга ошириш;
- давлат суд-экспертиза муассасаларининг аккредитациядан ўтказилган лаборатория ва бўлимлари сонини 4 баробарга ошириш.
Суд-экспертлик фаолиятини рақамлаштириш учун қуйидагилар жорий этилади:
- экспертиза тайинловчи органлар билан электрон ҳужжат алмашиш учун "E-ekspertiza" платформаси – 2026 йил 1 январдан республика даражасидаги органларда, 2026 йил 1 июндан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида, 2026 йил 1 сентябрдан туман (шаҳар) даражасидаги органларда;
- сунъий интеллект технологиялари.
Суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ва иш материалларини "E-ekspertiza" платформаси орқали юбориш давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган ишларга, шунингдек қўриқланадиган шахслар хавфсизлиги билан боғлиқ ва ёпиқ суд мажлисларида кўриладиган ишларга нисбатан қўлланилмайди.
2026 йил 1 июлга қадар фото, аудио, видеоматериаллар ва матн кўринишидаги ахборот бўйича тадқиқотлар ўтказишда, 2026-2027 йилларда бошқа экспертиза турлари бўйича суд-экспертлик фаолиятига СИ технологияларини жорий этиш режалаштирилган.
Суд-экспертлик фаолияти самарадорлигини ошириш учун ҳам режалаштирилган:
- нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг нотижорат ташкилот шаклида фаолият кўрсатишини ташкил этиш;
- нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг ихтиёрий аъзолигига асосланган Ўзбекистон суд экспертлари палатасини яратиш;
- Адлия вазирлиги ҳузурида экспертлик-малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш;
- нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказишга рухсат берилган суд экспертизаси турларини 44 тадан 55 тага кўпайтириш;
- янги экспертиза ва тадқиқот турларини жорий этиш, шу жумладан крипто-активларнинг миқдори ва турларини аниқлаш, рақамли фотосурат ва видеоёзувларда монтаж белгиларини, шунингдек СИ ёрдамида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш;
- суд-экспертлик тадқиқотларининг халқаро тан олинган усул ва методикаларини валидациядан ўтказиш (соҳада қўллашнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш) тартибини жорий этиш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2025-2027 йилларда суд-экспертлик фаолиятини ривожлантириш ва рақамлаштириш дастури;
- 2025-2027 йилларда давлат суд-экспертиза муассасаларининг моддий-техника базасини янги замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш дастури;
- 2030 йилгача суд экспертизаси соҳасида эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.09.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова