Президентнинг 08.09.2025 йилдаги "Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-269-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди:
- 2028 йилдан бошлаб ҳар йили унувчанлик даражаси 85 фоиздан кам бўлмаган камида 10 млн дона (2026 йилда – 4 млн дона, 2027 йилда – 6 млн дона) картошка мини-туганакларини етказиб бериш;
- фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида юқори авлодли уруғлик картошка ишлаб чиқаришни ташкил этиш: 2027 йилда – 2,5 минг тонна, 2028 йилда – 27 минг тонна, 2029 йилда – 147 минг тонна ва 2030 йилда – 747 минг тонна;
- 2030 йилга қадар республика бўйича картошканинг ўртача ҳосилдорлигини 16-17 тоннадан 25-30 тоннага ошириш;
- Булунғур, Зомин, Бахмал, Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Китоб, Қўрғонтепа, Янгиқўрғон ва Сўх туманларидаги картошка етиштирувчи субъектларни ихтисослаштириш.
Юқори авлодли уруғлик картошка ишлаб чиқаришни ташкил этиш
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 декабргача илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларига кейинги йилда етиштириладиган картошканинг "in-vitro" ўсимликлари, микро ва мини-туганаклари ҳажми бўйича буюртма беради.
Улар томонидан ҳар йили апрель-май ойларида етиштирилган картошка мини-туганакларининг 15фоизи "Булунғур – Агро Стар" МЧЖга бепул етказиб берилади, у ўзига ажратилган ер майдонларида юқори авлодли уруғлик картошка ишлаб чиқаришни ташкил этади.
Қолган 85 фоизи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ихтисослашган туманлар ҳокимликлари томонидан картошка етиштирувчи субъектларга бепул етказиб берилади.
"Булунғур – Агро Стар" МЧЖ ва картошка етиштирувчи субъектларга картошка мини-туганакларини етказиб бериш ҳисоби, шунингдек мини-туганакларни топшириш-қабул қилиш бўйича шартнома муносабатлари ҳисоби "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграцион платформаси орқали амалга оширилади.
Уруғлик картошка етиштириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга картошка етиштирувчи субъектлар танлаб олинади.
Картошка етиштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили картошканинг "in-vitro" ўсимликлари ва микро-туганакларидан 10 млн дона мини-туганак етиштириш харажатларини молиялаштириш учун республика бюджетидан 1,5 млн АҚШ доллари эквивалентида миллий валютада трансферт маблағлари ажратилади.
2026 йил 1 январдан истеъмол ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш харажатларини молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш тартиби ўзгаради:
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 январга қадар 1 гектар майдонда картошка етиштириш харажатларини ҳисоблаб, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига тақдим этади;
- картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали ҳосил қийматининг 50 фоизигача миқдорда суғурта полиси асосида йилига 12 фоиз ставкада (шундан 4 фоизи – банк маржаси) 6 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 12 ой муддатга кредитлар ажратилади.
Шунингдек картошка етиштирувчилар томонидан ер майдонларини суғоришда фойдаланиладиган насос агрегатларини муқобил энергия манбалари қурилмалари билан таъминлаш учун қуёш панелларини ўрнатиш харажатларининг 50 фоизиигача, лекин 50 млн сўмдан ошмаган қисми Давлат бюджетидан қопланади.
Картошка етиштирувчиларнинг балансида турган насос агрегатлари томонидан маҳсулот етиштиришда суғориш тадбирлари учун сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қопланади.
Бунингдек, 2030 йил 1 январгача картошка етиштирувчилар ва қишлоқ хўжалигига агротехник хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун хориждан олиб келинадиган ҳамда ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган картошка экиш ва йиғиштириш техникалари (ТИФ ТН кодлари – 8433531000, 8432319000) божхона божидан озод қилинади, уларга эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган санадан 120 кунгача бўлган муддатга ҚҚСни кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
2026 йил 1 январдан "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан қопланади:
- тадбиркорлик субъектларига – уруғлик картошка импорти учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори, лекин асосий ставканинг икки баробаридан ошмаган ставкада ажратилган миллий валютадаги кредитларнинг 10 фоиз пунктигача бўлган қисми, шунингдек 8 фоиздан юқори ставкада ажратилган хорижий валютадаги кредитларнинг 4 фоиз пунктигача бўлган қисми;
- истеъмол картошкасини импорт қилувчи тадбиркорлик субъектларига – Марказий банкнинг асосий ставкасидан 2 фоиз пунктдан кўп бўлмаган, лекин асосий ставканинг икки баробаридан ошмаган ставкада ажратилган миллий валютадаги кредитларнинг 10 фоиз пунктигача бўлган қисми.
Республикада картошка ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.09.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова