08.09.2025 йилда Президентнинг «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–161-сон Фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат норма ижодкорлиги фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини ошириш ва вазирлик ҳамда идораларнинг масъулиятини кучайтиришга қаратилган.
Ҳужжатнинг асосий вазифалари:
• ижтимоий муносабатларни ўз вақтида ва самарали ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш орқали ҳуқуқий бўшлиқларни минималлаштириш ва қонунчилик базасининг сифатини ошириш;
• амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш орқали уларнинг барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлаш;
• норма ижодкорлиги ва идоравий ҳужжатлар қабул қилиш соҳасида вазирлик ва идораларнинг мустақиллиги ва ташаббускорлигини кучайтириш;
• норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнларини соддалаштириш, маъмурий тўсиқларни камайтириш.
Давлат сиёсатини амалга оширишга ваколатли бўлган вазирлик ва идоралар юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатларда алоҳида қайд этилмасада, мустақил равишда идоравий НҲҲ қабул қилишлари мумкин. Бу эса ҳужжатларнинг тезкор қабул қилиниши ва амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.
Барча идоравий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши шарт. Фақат давлат сирлари сақланган ҳолатлар ёки амалдаги қонунчиликка мослаштириш учун қабул қилинадиган ҳужжатлар бундан мустасно.
Фармонга мувофиқ:
- идоравий ҳужжатларни қабул қилиш муддати, агар юқори юридик кучга эга ҳужжатларда бошқача муддат белгиланмаган бўлса, икки ой этиб белгиланди;
- жамоатчилик муҳокамаси 10 кун давом этади, агар 5 кун ичида таклиф ёки эътирозлар келиб тушмаса, лойиҳа Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун юборилади;
- ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди;
- зарур ҳолларда ҳужжатни ўрганиш муддати 10 кунгача узайтирилиши мумкин;
- давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш муддати 30 кундан 15 кунга қисқартирилди.
Адлия вазирлиги идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини Конституция, қонунлар ва бошқа НҲҲ талабларига мувофиқлаштириш мақсадида таҳрир этиш ва қайта ишлаш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Адлия вазирлиги идоравий НҲҲ лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, келишилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши жараёнлари бўйича доимий мониторинг олиб боради ҳамда унинг натижалари юзасидан ҳар чоракда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этади.
Фармон билан 2025–2026 йилларга мўлжалланган айрим қонун ҳужжатларини амалга ошириш механизмларини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш дастури тасдиқланди. Ушбу дастур ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва қонунчиликни тўлиқ амалга ошириш механизмлари билан таъминлашга қаратилган.
Белгиланган муддатда амалдаги қонунчиликка мослаштирилмаган идоравий НҲҲ Адлия вазирлиги томонидан идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат реестридан чиқарилади.
Бундан ташқари, лойиҳа илк келишилганидан сўнг 30 кун ичида идоравий ҳужжат қабул қилиниши шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади. Бу норманинг чиқарилиши ортиқча вақтинчалик чекловларни бартараф этади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.09.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова