Президентнинг 08.10.2025 йилдаги ПФ-181-сон Фармони билан янги имконият ва захиралардан фойдаланган ҳолда иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
2025-2027 йилларда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, иссиқхона хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди:
• мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2026 йилда $3,5 млрдга ва 2027 йилда 4 млрд долларга етказиш;
• табиий газ билан кафолатли таъминланган иссиқхона хўжаликларида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2026 йилда 620 минг тоннага ва 2027 йилда 670 минг тоннага етказиш ҳамда ушбу маҳсулотлар экспорти ҳажмини 30 фоиздан 70 фоизга ошириш;
2026 йилда қўшимча 20 минг гектар, 2027 йилда 15 минг гектар майдонга мевали дарахт ва сабзавот кўчатларини экишни ташкил этиш.
Иссиқхона хўжаликларининг узлуксиз ишлаши учун қуйидаги имтиёзлар берилади:
• 2026 йил 1 январдан 2028 йил якунига қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади;
• 2025 йил 1 октябрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзини тўлаш муддати 2028 йил якунига қадар фоизлар ҳисобланмаган ҳолда узайтирилади. Бунда:
– иссиқхона хўжаликларига қўлланиладиган маъмурий ва молиявий жарималар, шунингдек, ҳисобланган барча пенялар тўлиқ бекор қилинади;
– иссиқхона хўжаликларининг банк ҳисоб рақамларига депонентланган инкассо топшириқномалари қайтариб олинади;
• юридик ва жисмоний шахсларнинг иссиқхона хўжаликларига ер солиғи ер фонди тоифасидан қатъи назар, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган ер солиғи суммаси 2025 йил январь ойидан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилинади;
• қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида қурилган иссиқхона комплексларини фойдаланишга қабул қилиш ва уларга бириктирилган мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш учун топширишда Ер кодексининг 43-моддасига асосан ушбу ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан чиқариш талаб этилмайди. Давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг тижорат банклари томонидан уларга кредитлар ажратилади ва ер участкасини кредит таъминоти сифатида қўллашни рад эта олмайди;
• иссиқхоналар учун ажратилган ер участкасининг 5 фоизида, бироқ 20 сотихдан кўп бўлмаган майдонларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасини ўзгартирмаган ҳолда иссиқхона инфратузилмаси объектларини (қозонхона, саралаш-қадоқлаш цехи, хўжалик бинолари ва бошқалар) қуришга йўл қўйилади.
Бундан ташқари, иссиқхона хўжаликларига:
• Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан иссиқлик таъминоти ва совитиш хизматлари умумий қийматининг 50 фоизи миқдорида айланма маблағларни тўлдириш ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш учун банклар томонидан 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада (шундан банк маржаси 4 фоиз) имтиёзли кредитлар ажратилади;
• иситиш ва совитиш тизимларининг энергия самарадорлигини ошириш платформасини харид қилиш билан боғлиқ иссиқлик насосларини ўрнатиш харажатларининг 20 фоизигача бўлган қисми Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова