Президентнинг 20.10.2025 йилдаги қарори билан давлат тилини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжат ЎзА томонидан эълон қилинди.
Асосий мақсадлар:
- мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлақонли ва самарали фойдаланишга эришиш;
- таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг фан тили сифатидаги мақомини ошириш;
- давлат тилининг софлигини сақлаш ва унинг луғатини мунтазам бойитиб бориш;
- давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, бу борада СИ имкониятларидан самарали фойдаланиш;
- давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва мавқеини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
- мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари, шунингдек, хориждаги ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш.
2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
2026 йилдан бошлаб даврий равишда умумтаълим мактаблари учун ўзбек тилини ўқитиш бўйича дарсликларнинг янги авлоди яратилади.
Ўзбек тилини сунъий интеллект ёрдамида қўллаб-қувватлашга кўмаклашувчи электрон платформа ишлаб чиқилади.
Ҳар йили октябрь ойида ўзбек тилининг дунё тиллари орасидаги ўрни ва халқаро мақомини оширишга қаратилган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган ва 20.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова