Президентнинг 14.10.2025 йилдаги ПҚ-302-сон қарори билан қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Асосий мақсадли кўрсаткичлар:
- 160 та "Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасаларининг молиявий мустақиллигини ошириш;
- 2026 йилда Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида насос станцияларининг 50 фоизини ДХШ асосида бошқарувга бериш;
- 2027 йил охирига қадар Наманган вилоятидаги насос станцияларини мазкур вилоятнинг намунавий тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ДХШ асосида бошқарувга 100 фоиз ўтказилишини таъминлаш;
- "Сувчилар мактаби" лойиҳаси доирасида 141 туман камида 3,5 минг га ер майдонларида ўқув-дала шийпонларини ташкил этиш.
Дўстлик туманида амалга оширилаётган сув ресурсларини бошқариш ва уларнинг ҳисобини шаффоф юритиш бўйича тажриба лойиҳаси доирасида қуйидагилар режалаштирилган:
- фермер хўжаликлари томонидан сув истеъмоли ва фойдаланилган сув ҳажмининг шаффоф кузатиб борилишини, ажратилган сув ресурсларининг белгиланган лимитлар доирасида етказиб берилишини таъминлаш;
- 1 804 та "ақлли" сув ҳисоблагичларини ўрнатиш, шунингдек, йилига 107 млн куб метргача ёки 33 фоиз сув ресурсларини тежаш;
- узунлиги 159 км бўлган суғориш тармоқлари участкасини бетонлаш ва узунлиги 541 км бўлган суғориш тармоқлари участкасини техник соз ҳолатга келтириш.
"Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари:
- эҳтиёжлар ва молиявий имкониятларни ҳисобга олган ҳолда мослашувчан штатларни бошқариш тизимини жорий этиш;
- сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш асосида Сув таъминоти хизматлари ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини аниқлаш ва улар асосида рағбатлантириш тизимини (KPI) йўлга қўйиш;
- Сув таъминоти хизматларининг молиявий мустақиллигини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.
Сув таъминоти хизматлари штат бирликлари сонини мустақил равишда белгилашлари, Давлат бюджетига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумларининг 40 фоизи миқдоридаги маблағларни МТБни мустаҳкамлашга йўналтиришлари мумкин бўлади.
Сув хўжалиги объектларини ДХШ асосида бошқарувга олган хусусий шерикка қуйидаги мажбуриятлар юклатилади:
- сув истеъмолчилари ва аҳолининг томорқа участкаларини белгиланган тартибда сув олиш лимити доирасида сув билан таъминлаш;
- давлат шериги билан келишган ҳолда барча мавжуд сув хўжалиги объектларини бошқариш;
- сув ҳисоби ва ҳисоботини, шу жумладан автоматлаштирилган тизимлар орқали тўлиқ юритишни таъминлаш;
- хизмат кўрсатиш ҳудудидаги барча сув хўжалиги объектларини босқичма-босқич модернизация қилиш.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили сув таъминоти хизматларига маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдорини ҳудудлар кесимида индексация қилади.
Бир ой муддатда Сув таъминоти хизматларига маҳаллий бюджетдан 2025 йил учун ажратилган маблағлар уларнинг индексациясини ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади ва ажратилмаган маблағларнинг қолган қисми тўлаб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова