Президентнинг 20.10.2025 йилдаги ПФ-185-сон "Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди.
Ислоҳотларнинг устувор йўналишлари:
- фавқулодда вазиятларнинг барвақт олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш бўйича фаолиятни маҳаллалар даражасида жорий этиш;
- энергетика, йирик ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш объектларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфларни бошқариш ва техноген аварияларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича янги стандартлар ва услубларни жорий этиш;
- давлат назорати талаблари ва меъёрларини қайта кўриб чиқиш;
- сунъий интеллект, робототехника ва замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ушбу ҳолатларнинг олдини олишга масъул органларнинг ахборот тизимларини ягона технологик платформага бирлаштириш;
- Фавқулодда вазиятлар органларининг барча бўғинлари кадрлари ва раҳбарларини мақсадли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича дуал таълимга асосланган яхлит ва узлуксиз ўқитиш тизимини яратиш;
- фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнози, шунингдек, аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар, техноген авариялар ва ёнғинлар таҳдидидан ҳимоя қилиш соҳасида манзилли илмий-инновацион ва тажриба-тадқиқот ишларини ташкил этиш.
Соҳани бошқаришда бир-бирини такрорловчи функцияларни қисқартириш учун Гидрометеорологик жараёнларга таъсирни бошқариш хизмати Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигига ўтказилди.
Шунингдек, ФВВнинг кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш (ҳисобдан чиқариш), қайта рўйхатдан ўтказиш, кемалар чиптаси, борт рақами, кема ҳайдовчиси гувоҳномасини (дубликатини) бериш, кемаларни дастлабки ва йиллик (такрорий) техник кўрикдан ўтказиш бўйича ваколатлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт соҳасида назорат инспекциясига ўтказилмоқда.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун қўлланиладиган жарималар суммасининг 100 фоизи ФВВнинг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш концепцияси;
- 2025-2027 йилларда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури;
- Дастурни амалга ошириш бўйича ишчи комиссия таркиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




