Президентнинг 21.10.2025 йилдаги ПҚ-313-сон қарорида республиканинг олис ҳудудларида алоқа қамровини оширишда йўлдош алоқа технологияларини жорий этиш чоралари белгиланган.
Ҳужжат билан ушбу соҳадаги устувор йўналишлар белгиланди:
- ўрта ва паст орбитали йўлдош алоқа тизимларини жорий этиш ва улардан фойдаланишнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш;
- олис ҳудудларда ва ер усти тармоқлари қамровидан ташқари ҳудудларда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- фавқулодда вазиятларда тармоқлар ва захира алоқа ишончлилигини йўлдош алоқаси орқали таъминлаш;
- йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий-техник асосларини аниқлаш.
Йўлдош алоқа тизимларини жорий этиш ва йўлдош интернет хизматларини кўрсатиш Ўзбекистон ҳудудида телекоммуникация соҳасида лицензияланадиган фаолият турлари ҳисобланади.
Йўлдош алоқа тизимини жорий этиш бўйича фаолиятга қўйиладиган асосий талаблар:
- радиочастоталарни ажратиш ва радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш учун рухсатномаларни расмийлаштириш;
- Ўзбекистон ҳудудида юридик шахс ташкил этиш ёки маҳаллий телекоммуникация оператори билан ҳамкорлик қилиш;
- мамлакат ҳудудида марказий ер станциясини қуриш (Gateway) ва ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилиш;
- республика ҳудудида фойдаланувчи маълумотларини сақлаш.
Йўлдош алоқаси инфратузилмасини (марказий ер станциялари, терминаллар ва инфратузилманинг бошқа фаол қурилмаларини) жойлаштиришда телекоммуникация воситаларини жойлаштириш учун ижара шартномалари расмийлаштирилади.
Имтиёзлар ва преференциялар
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида марказий ер станцияси орқали ўрта ва паст орбитали сунъий йўлдош алоқа тармоқларини ташкил этиш билан боғлиқ лойиҳалар доирасида 5 йил муддатга:
- ускуналар, дастурий маҳсулотлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни харид қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан музокаралар асосида йўлдош алоқаси ускуналарини ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан амалга оширилади;
- импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, дастурий маҳсулотлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади;
- телекоммуникация операторлари ўрта ва паст орбитали йўлдош алоқа тармоқлари томонидан радиочастота спектридан фойдаланганлик учун тўловдан озод қилинади (йўлдошни охирги фойдаланувчи қурилмасига ва бевосита кўчма йўлдош алоқа тармоғидаги мобил алоқа терминалига, шунингдек, автомобиль ва поездлардаги кўчма ер станцияси тизимларига улаш билан боғлиқ тўлов бундан мустасно);
- йўлдош алоқа тармоқлари операторлари томонидан йўлдош алоқа тизими орқали кўрсатилган хизматлар ҚҚСдан озод қилинади;
- ер усти марказий станциялари, терминаллар ва сунъий йўлдош алоқаси инфратузилмасининг бошқа фаол қурилмалари жойлашган телекоммуникация иншоотлари ва уларнинг ер участкалари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилинади;
- йўлдош алоқа тармоқлари операторлари яратилган йўлдош алоқа тизими орқали кўрсатилган хизматлар учун фойда солиғидан озод қилинади.
Бундан ташқари, 2030 йил 31 декабргача йўлдош алоқа тармоқларига эга бўлган телекоммуникация операторларига лицензия олинган санадан бошлаб 6 ой давомида марказий ер усти станциялари ва терминал майдончаларида лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини "fast-track" усулида амалга оширишга рухсат берилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




