Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2025 йилдаги 666-сонли қарори билан Ҳукуматнинг қурилиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилган айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Хусусан, ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагиларни назарда тутади:
- объектларнинг хавфлилик тоифасига қараб, уларга рухсатномалар бериш ва лойиҳа ҳужжатларини келишиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун тўлов миқдорларини аниқ белгилаш;
- ер тузиш бўйича вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларини бирлаштириш орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш;
- ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари таркибига тегишли идора ва ташкилотларни киритиш орқали айрим тоифадаги объектлар лойиҳаларининг архитектура қисмини келишиш;
- шаҳарсозлик меъёр ва қоидалари билан тартибга солиниши (лойиҳалаштирилиши) мумкин бўлмаган объектлар лойиҳалари учун ишлаб чиқилган махсус техник шартларни техник кенгаш томонидан кўриб чиқиш тартибини белгилаш;
- қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартибини такомиллаштириш
2026 йил 1 январдан:
- турар жой мажмуаларини қуришда объектнинг номи барча қоида ва талабларга риоя қилинган ҳолда давлат тилида бўлиши шарт;
- Қурилиш паспорти, лойиҳа режаси, вақтинчалик тўсиқлар ва қурилиш майдонлари атрофидаги тўсиқлардаги барча ёзувлар, шу жумладан реклама ва эълонлар матнлари давлат тилида бажарилиши шарт;
- Объектларда қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсатнома олиш ва уларни фойдаланишга топшириш учун рухсатнома беришда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилувчи инспекциянинг ҳудудий органларига муаллифлик, техник ва ички хўжалик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатлар тақдим этилади.
Қуйидагиларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2021 йилдаги "Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиботларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 579-сон қарори;
- Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2022 йилдаги "Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 80-сон қарори ва бошқа бир қатор ҳужжатлар.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 24.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




